Мавлид

Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжий
1 йил аввал 1600
Китоб ҳақида | Муаллиф ҳақида

Ушбу китоб халқимиз ўртасида «Мавлид» номи билан машҳур бўлган, улуғ олим, буюк адиб Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари хусусидаги гавҳар маржон») асарининг ўзбек тилидаги таржима ва шарҳидир. Сиз бу китобда мазкур асар ва унинг мазмунидан атрофлича бохабар бўлиш баробарида, мавлид ва унга боғлиқ жуда кўп қимматли маълумотлар билан ҳам батафсил танишасиз.

 

СЎЗ БОШИ

 

   Бизни Ўзининг сўнгги элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин!

Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин! 

Ўша муҳташам ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб, келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб қолдириб кетган саҳобаи киромларга ва бу илмий омонатни саҳифаларга қайдлаб, бизгача етиб келишида хизмат қилган уламои киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги ва раҳмати бўлсин!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун, хусусан, мўмин-¬мусулмонлар учун энг олий ўрнакдирлар. Мана шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, Ислом уммати қадимдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини атрофлича, қунт билан ўрганиб, ўргатиб келган. Саҳобаи киромлар у зот алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзу амалларини, ҳаракоту ҳолатларини диққат билан кузатиб, ёдлаб борганлар ва ўзларидан кейинги авлодларга бекаму кўст етказганлар. Уларнинг нақлларини қоғозга тушириш натижасида ҳадис китоблари, сийрат асарлари вужудга келган.

Ҳижрий тўртинчи-бешинчи асрларга келиб, кишиларда илмга бўлган рағбат ва муносабатлардаги ўзгаришларни сезган айрим уламоларимиз ва мусулмонларнинг амирлари кўпчилик билан ўзаро маслаҳатлашган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари ва ҳаётларини, суннатлари ва сийратларини яхшироқ ўрганиш ва халққа етказиш мақсадида у зот таваллуд топган рабиъул-аввал ойини сийратни ўрганиш мавсуми ўлароқ ўтказишни йўлга қўйганлар. Шундай қилиб, бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхшироқ таниш, одамларнинг у зот ҳақларидаги билимларини ошириш, муҳаббатларини сайқаллаш маъносидаги бир маърифий ойга айлантирганлар. Бунинг учун турли кўринишдаги мавлид маросимларини ташкил қилганлар. Бу иш бугунги кунгача бутун Ислом оламида анъана сифатида давом этиб келмоқда. 

Мавлид муносабати билан қилинадиган йиғинлар икки хил шаклда тус олган. Баъзи бир жойларда бу тадбир байрамона кайфиятда, шодлик изҳор қилиш, совғалар улашиш, наът ва нашидлар куйлаш каби ишлар билан ўтказилади. Иккинчиси эса илмий анжуман шаклида ўтказиладиган мавлид йиғинларидир. Булар мавлид ойини сийратни ўрганиш мавсуми сифатида ўтказишга қаратилган тадбирлардир. Бугунги кунда ҳар иккала усулни жамлаган ҳолда мавлид йиғинлари қилиш ҳам кенг ёйилган. 

Инсоният тарихидаги энг фасоҳатли, балоғатли ва олиймақом шеърий асарлар «мадийҳун-Набий» – Набийнинг мадҳи дея аталган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳида ёзилган шеърлардир. Мусулмон халқларнинг шоирлари ўзлари ва элатларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини у зотнинг мадҳларида битган шеърларида намойиш этганлар. Уларнинг энг сара шеърлари ҳам айнан шу мавзуда бўлган. Бу буюк уммон тинимсиз равишда янги-янги «зилол сувлар» – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида битилган шеърлар, қасидалар билан тўлиб келмоқда. Бу асарларнинг ҳар бири Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг рамзи ва намунаси ҳамдир. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳлари ва тавсифларида ёзилган асарларнинг бир тури мавлид асарларидир. Уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сифатлари ва сийратлари қисқача баён қилинади. Ана шундай асарларидан бири имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Мавлид» асарлари ҳисобланади. Бу мавлид бутун Ислом оламида, хусусан, бизнинг диёрларда кенг тарқаган бўлиб, бугунги кунда ҳам кўп жойларда ўқилади. Бизда ҳам бу асар гўзал оҳангларда, яхши бир суратда ўқилади, орада салавотлар айтилади, тиловатлар қилинади. Буларнинг ҳаммаси яхши. Аммо мазкур мавлид асари араб тилида бўлгани учун ҳозирда кўпчилик унинг маъносини тушунмайди. Мавлид ўқишдан асл мақсад эса унинг мазмунини тушунишдир. Шу эътибордан, аҳли илмларимиз ва қори домлаларимиз билан маслаҳатлашиб, мавлид йиғинларида мавлид асарининг арабчасини ўқиш билан кифояланиб қолмай, кишиларни айтилаётган наътларнинг мазмунидан ҳам бохабар қилинса, сийратга доир яна бошқа суҳбатлар ҳам қилинса мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган хулосага келдик ва буни тажрибада ҳам қўллаган бўлдик. Бироқ, мазкур мавлид асари адабий жиҳатдан ғоятда мукаммал асар бўлиб, унинг маъносини тушуниш бироз мушкулроқ. Шу боис, унинг таржима ва шарҳини қилиш айни муддао эди. Буни Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид муваффақият билан бажардилар. У киши аввал асарнинг таржимасини тайёрладилар. Кейин маслаҳатлашиб, уни қисқача шарҳлашга киришдилар. Орада айрим масалалар бўйича суҳбатлашиб турилди. Ниҳоят, таржима ва шарҳ битгач, уни китоб қилиб нашр этишга қарор қилинди.

Аллоҳ таолодан муҳтарам Ҳасанхон қорига юксак муваффақиятлар тилаб қоламиз. Бундан кейин ҳам илм-маърифат йўлида толмай хизмат қилиб боришларини умид қиламиз.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Мил. 2015.12.02/ҳиж. 1436 йил 20 рабиъул­охир.

 

Мундарижа

Сўз боши 

Тақдим 

Тақриз 

Кириш 

Мавлид асарлари ҳақида 

Имом Жаъфар Барзанжий 

Асар ҳақида 

Мавлид 

Биринчи атр. Муқаддима 

Иккинчи атр. Насаби шариф 

Учинчи атр. Ҳомила даври 

Тўртинчи атр. Таваллуд арафасида 

Бешинчи атр. Таваллуд онлари 

Олтинчи атр. Таваллуд чоғида дунё 

Расулуллоҳнинг туғилишларига боғлиқ ажойиботлар 

Еттинчи атр. Разоъат даври 

Саккизинчи атр. Гўдаклик даври 

Тўққизинчи атр. Болалик ва ўсмирлик даврлари 

Ўнинчи атр. Бусрога сафар ва тўй 

Ўн биринчи атр. Каъбанинг таъмири 

Ўн иккинчи атр. Нубувват ва рисолат 

Ўн учинчи атр. Илк Ислом даври 

Ўн тўртинчи атр. Исро ва меърож 

Ўн бешинчи атр. Даъватнинг ёйилиши 

Ўн олтинчи атр. Ҳижрат 

Ўн еттинчи атр. Мадина йўлида 

Ўн саккизинчи атр. У зотнинг хилқатлари 

Ўн тўққизинчи атр. Хулқ-одоблари 

Дуо 

Мавлидга илова

Мавлид ва бидъат ҳақидаги ихтилоф 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганиш лозимлиги 

Бидъат нима 

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлидлари - нурнинг туғилиши 

Мавлид ҳақида ўйлар 

Мавлид одоблари 

«Маҳалли қиём» масаласи 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар

Батафсил

Мавзуга оид китоблар

Хилватий Мулла Йўлдош Тўрабой ўғли
3760
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ