Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт

Абдул Азим Зиёуддин
1 йил аввал 2216
Китоб ҳақида | Муаллиф ҳақида

Китобдаги сўз бошидан...

    Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

    Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин! 

    Аммо баъд: 

   Қўлингиздаги ушбу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт” деб ‎номланган рисоланинг ҳажми кичик бўлса ҳам, иншааллоҳ, нафи каттадир. Чунки бу ‎асарнинг муаллифи Абдул Азим домла унда ҳар бир мўмин-мусулмон учун, Муҳаммад ‎соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиман деган шахс учун жуда ҳам фойдали бўлган ‎маълумотларни тўплаган. Муаллиф ўзининг илмий фаолияти давомида Расулуллоҳ ‎соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига алоҳида аҳамият қаратиб, аста-секин ‎орамизда сийрат илмининг кўзга кўринган мутахассисларидан бирига айланди. Энди ‎сийратни фақат ўрганиб қолмай, бу илм бўйича келган маълумотларни текшириш, таҳлил ‎қилиш ва саралаш савияси ҳам пайдо бўлди. 

Ушбу рисола ҳақидаги гап-сўзларимиз ҳам четда тарқалган Расулуллоҳ соллаллоҳу ‎алайҳи васалламнинг “паспортлари” деган услуб борасидаги суҳбатдан бошланган эди. ‎Аммо маслаҳатлашиб, Абдул Азим домла уни ушбу мўъжаз, аммо ўзида кўпчиликка ‎ниҳоятда керак бўлган маълумотларни бир жойга тўплашга муяссар бўлдилар. 

    Биз у кишига яна кўплаб ижодий равнақ ва ўқувчилари у кишидан яна ҳам кўпроқ ‎манфаат олишларида Аллоҳ таолонинг ёрдами бўлишини тилаб дуолар қилиб қоламиз.‎

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

Тошкент, 22.12.13‎

‎ ‎

 

Муаллиф муқаддимаси

 

Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн, вассолату вассаламу ъала Росулиҳи Муҳаммадин ва ‎ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. 

Қўлингиздаги ушбу мўъжазгина китоб ҳижрий 1434, милодий 2013 йилнинг ёз фаслида, ‎файз-баракали Рамазон ойида ёзилди. 

Маълумотлар китобча охиридаги адабиётлар ҳамда «Шомила» электрон кутубхонасидаги ‎минглаб китоблар, шунингдек, интернетдаги кўплаб арабий, илмий-маърифий ‎саҳифалардан фойдаланган ҳолда қуйидаги услубда жамланди: 

‎1) Аввал ҳар бир мавзуга алоқадор маълумотлар излаб топилди; 

‎2) Бир мавзу бўйича турли жойлардан топилган маълумотлар бир хил бўлса, дарҳол ‎китобга киритилди; 

‎3) Улар ҳар хил бўлса, маълумотлар ичидан саҳиҳи – ишончлиси ажратиб олинди; 

‎4) Ўша мавзу бўйича бирорта ҳам саҳиҳ маълумот топилмаса, муҳаққиқ уламоларнинг ‎рожиҳ (кучли, эҳтимоли кўп, ҳақиқатга яқин) гаплари олинди; 

‎5) Агар муҳаққиқ уламолар ҳам бир фикрга кела олмаган бўлсалар, уламолар ‎жумҳурининг – кўпчилигининг фикри олинди; 

‎6) Агар муҳаққиқ уламолар тенг иккига бўлинган бўлиб, иккала томоннинг гаплари ҳам ‎кучли бўлса, иккала тарафнинг ҳам фикрлари олинди.‎

Маълумки, тарихий маълумотлардан тўғри фойдаланмоқчи бўлган киши ривоятларни ‎текшириб, аниқлаб, ундан кейин қабул қилиши керак. 

Бу борада ҳофиз Ироқий машҳур «Алфийятус сийра» китобида: «Илм толиби билсинки, ‎тарих китоблари ичида ишончли бўлган маълумотлар қатори ишончсизлари ҳам бор», ‎деган. 

Шайх Абдурраҳмон Муъаллимий Ямоний «Илмур рижол ва аҳамийятуҳу» китобида: ‎‎«Тарихнинг тарихий воқеаларни ривоят қилувчилар аҳволини билишга бўлган эҳтиёжи ‎ҳадиснинг бунга бўлган эҳтиёжидан кўра кучлироқдир, чунки тарих китобларида ‎ишончсиз маълумотлар билан бир қаторда нақл қилувчиларнинг бепарволиклари ҳам кўп ‎учрайди», деган. 

Мисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари имом Ҳасан ‎розияллоҳу анҳу аёлларининг адади масаласини олайлик. Айрим манбаларда «У киши кўп ‎марта уйланган, хотинларини тўрттадан оширмаслик учун кўп талоқ қилган ва ‎хотинларининг сони 70 та, 90 та, ҳатто 250 та, 300 та бўлган», дейилади. 

Ривоятларнинг санадлари синчиклаб ўрганиб кўрилганида эса, бу маълумотларнинг ‎бирортаси ҳам ўз тасдиғини топмади: 

Биринчидан, бу ривоятларнинг ҳужжат бўлишга ярайдиган бирорта ҳам саҳиҳ санади йўқ; 

Иккинчидан, санадларининг айрими жуда заиф, баъзиси асли йўқ, қолгани эса тўқимадир; 

Учинчидан, бу ривоятлар тарихда сиёсий тарафкашликлар авж олган даврларда пайдо ‎бўлган; 

Тўртинчидан, бу ривоятларни дастлаб тўқиб чиқарган кимсаларнинг шахслари маълум ‎бўлиб, улар Мадоиний, Шабланжий ва Абу Толиб Маккийлардир. Қолган олимлар эса ‎юқоридаги гапни мана шулардан олишган; 

Бешинчидан, имом Ҳасан розияллоҳу анҳу уйланган аёлларнинг исм-шарифлари маълум ‎бўлиб, санаб кўрилса, ўнта атрофида бўлган. 

Юқоридаги асоссиз ривоятларнинг ёмон тарафларидан бири шуки, ашаддий миссионер ‎Анри Ламменс (Henri Lammens, 1862-1937) каби нохолис тарихчилар бундай уйдирма ‎ривоятлардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб, янада қўшиб-чатиб, ‎мусулмонларнинг буюк сиймоларини қоралашга ҳаракат қилишган.‎

Бу китобчадаги қамарий ва милодий саналар «Hijri-Gregorian Converter» ва (‎محول القياسات‎) ‎дастурлари ёрдамида ҳисобланган.‎

 

Мундарижа

Сўзбоши 

Муаллиф муқаддимаси 

Нубувват йиллари билан ҳижрий саналарнинг бошланиш ва тугаш ойлари ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

Шакли шамойиллари 

Аҳлоқ-одоблари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунё ва охиратдаги жуфти ҳалоллари ‎

Уммаҳотул мўминин – мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳунна‎

Жориялари ‎

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фарзандлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар

Абдул Азим Зиёуддин ўғли 1974 йил Чирчиқ шаҳрида туғилган. 1991-1994 йилларда Бухородаги «Мирараб» мадрасасида таҳсил олган. Сўнгра 1997 йили Тошкент Ислом институтини тугатган. Ҳозирда шу даргоҳда «Таҳфизул Қуръон» бўлимида мударрис.

 

Батафсил

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ