Биз учун Исломни ихтиёр этиб, мусулмон қилган, ҳақ йўлга ҳидоят қилган, ҳабибининг таваллудини Рабиъул аввал ойига тақдир қилиб, бу ойни мукаррам қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Роббидан қабул қилиб олган илоҳий пайғомни умматига омонат ила етказган ва унга амал қилишда шахсий намуна бўлган оламларга раҳмат пайғамбари , тарбиячимиз ва ҳидоятчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!
Ислом.уз портали ҳамда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти бутун дунё мусулмонларини кириб келган мавлид ойи билан муборакбод этади. Бу ой барча мусулмон мамлакатлари қатори, юртимизда ҳам алоҳида эътибор ва катта хурсандчилик билан кутиб олинади. Бу ойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту дурудлар бошқа барча ойлардан кўра кўпроқ айтилади, у Зоти бобаракотнинг таваллудлари ўзгача бир кўтаринки руҳда нишонланади. Барчамизга маълумки, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ташаббуслари билан рабиъул аввал ойида бу муборак мавлидга бағишланган байрам тадбирлари, хайрли амаллар, илмий анжуманлар ўтказиш гўзал анъанага айланган эди. Ушбу хайрли анъанани давом эттирган ҳолда, islom.uz портали ва «Hilol-nashr» нашриёти рабиъул аввал ойи давомида «Саййидул муқтадо» шиори остида бешта тадбир ўтказишни режалаштирган бўлиб, ушбу илмий анжуманлар, мавлид мажлисларида юртимизнинг уламолари, аҳли илмлари иштирок этадилар. Якуний тадбирда Сийрат.уз ҳам Мусулимаат.уз сайтларида мавлиди шариф муносабати билан эълон қилинган танловлар ҳамда Ислом.уз–1435 маърифий танлови якунларини эълон қилиб, ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Бугун муборак мавлиди шариф ойида «Саййидул муқтадо» шиори остида ўтказиладиган ана шу анжуманларнинг биринчиси бўлиб ўтди. Тадбирни «Саъдулло ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Обидхон Абдулғофур олиб борди. Анъанага кўра, тадбиримиз Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Мавлид мажлисини «Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатиби, 2015 йилги «Йил имоми» танлови ғолиби Исҳоқжон Бегматов ўзининг «Дин ва дунёни жамлашда Расулуллоҳнинг кўрсатмалари» мавзусидаги маърузаси билан бошлаб берди. Навбатдаги, «Исломда суннатнинг ўрни» мавзусида Аброр Мухтор Алий маъруза қилди. Шундан сўнг мавлиди шариф мажлисларининг гўзал анъаналарига мувофиқ, Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари хусусидаги гавҳар маржон») асаридан байтлар ўқилиб, салавотлар айтилди. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиймолари нафақат у Зотнинг умматлари томонидан, балки бутун инсоният томонидан ҳам диққат билан ўрганилган ва ўрганилмоқда. Ислом Пайғамбарининг ҳақлиги, у Зотнинг оламларга чинакам раҳмат ўлароқ юборилгани жуда кўплаб бошқа дин ва эътиқод вакиллари томонидан эътироф қилинган бўлиб, бу эътироф улар учун шарафдир. Тадбирда аҳли илмларимиз томонидан тўпланган ана шундай эътирофлардан бир шингили тақдим этилди. Тадбир якунида яна бир гўзал анъана – хатми Қуръон якунига навбат берилди. Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига бағишланган хатми Қуръонни «Тўхтабой» жомеъ масжиди имоми Ҳасанхон Яҳё якунлаб бердилар, мавлид мажлиси хайрли дуолар билан якун топди.