«Қиёмат куни албатта, ушбу неъматдан сўраласизлар»

2 ой аввал 1552 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ёки кечаси ташқарига чиқиб, Абу Бакр ва Умарга дуч келдилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингизни бу соатда уйингиздан нима бошлаб чиқди?» дедилар. Икковлари: «Очлик, эй Аллоҳнинг Расули»,  дейишди. «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, мени ҳам икковингизни бошлаб чиққан нарса чиқарди, туринглар!» дедилар. У зот билан бирга туриб, бир ансорийникига боришди. У киши уйида йўқ экан. Аёли у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан: «Хуш келибсиз!»  деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлдан: «Фалончи қаерда?»  деб сўрадилар. «Сув олиб келгани кетди», деди аёл. Ансорий саҳоба ҳам тезда етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг икки саҳобаларига назари тушиши билан: «Алҳамдулиллаҳ! Бугун ҳеч кимнинг меникичалик ҳурматли меҳмонлари бўлмаган!» деди. Бориб бир тизим хурмо келтириб: «Енглар», деди ва қўлига пичоқ олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Зинҳор ва зинҳор соғин ҳайвонга тегма!» дедилар. Ансорий саҳоба уларга бир қўй сўйди. Улар қўйдан ва ҳалиги хурмодан тановул қилишди, чанқовбосди ичимликлардан ичишди. Тўйиб, мамнун бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан Умарга: «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, Қиёмат куни албатта, ушбу неъматдан сўраласизлар. Сизни уйингиздан очлик чиқарди. Энди эса, сизга ушбу неъмат етганидан кейин қайтасизлар»,  дедилар.

Муслим ривоят қилган.

* * *

59. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ва аҳллари бир неча кеча қаторасига оч ётишар эди. Кечки таом топа олишмасди. Кўпинча уларнинг нонлари арпа нон бўларди».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

* * *

60. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ой ўтиб кетса ҳамки, Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  хонадонларида олов ёқилмасди, (емагимиз) хурмо ва сув бўларди, холос».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

61. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам то у зот қабз қилингунларича арпа нонга икки кун кетма-кет тўйишмаган».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

62. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинлик ва асални яхши кўрар эдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

63. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ширин ва яхна ичимликларни яхши кўрар эдилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

* * *

64. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир тикувчи одам таом тайёрлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чорлади. Мен ҳам у зот билан бирга бордим. Шунда у арпа нон ва қуритилган гўштли, ошқовоқли шўрва қўйди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаган атрофидаги ошқовоқни териб еяётганларини кўрдим. Ўша кундан буён ошқовоқни яхши кўраман».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

65. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу косамда турли ичимликлар: асал, набийз, сув ва сут билан сийладим».

Муслим ривоят қилган.

Набийз – хурмо ёки майизни сувга солиб, ивитиб тайёрланадиган хуштаъм, маст қилмайдиган ичимлик.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ