«Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, севинтиринглар, нафрат қилдирманглар»

2 ой аввал 1332 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

73. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қарзини сўраб келди ва қўполлик қилди. Саҳобалар унга (ёмонлик) қасд қилиб қолишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни тек қўйинглар. Ҳақ эгасининг ўз гапи бўлади. Унга (туяси) ёшидагисини беринглар», дедилар. Улар: «Биз унинг (туяси) ёшидагисининг яхшироғидан бошқани топа олмаяпмиз»,  дейишди. «Ўшани беринглар. Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

74. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, севинтиринглар, нафрат қилдирманглар», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

75. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини ихтиёр қиладиган бўлсалару, улардан бири бошқасидан енгилроқ бўлса, агар гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқдаги одам бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун интиқом олган эмаслар. Фақат Аллоҳ азза ва жалланинг тақиқлари поймол қилинсагина, (интиқом) олардилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

76. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлишди. Шунда улар: «Биз қаёқдаю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса», дейишди. Улардан бири: «Мен тунларни фақат намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса: «Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири: «Мен аёллардан четда бўламан, абадулабад уйланмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб: «Бундай, бундай деганлар сизми? Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ