«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»

2 хафта аввал 279 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта, мен раҳмат этиб юборилганман», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

92. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинг, сизга осмондаги Зот раҳм қилади», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоят қилишган.

* * *

93. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Раҳмдиллик фақатгина бадбахтдан суғуриб олинади», деганларини эшитдим».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

* * *

94. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Ўз ҳузурида тўқсон тўққиз қисмини тутиб қолиб, Ерга бир қисмини нозил қилди. Ўша қисмдан махлуқотлар бир-бирларига раҳм қиладилар. Ҳаттоки от ўз боласига озор етказмаслик учун туёғини ундан кўтаради», деганларини эшитдим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

95. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига асирлар келтирилди. Асирлар ичида бир аёлнинг сийнаси сутга тўлган эди. У асирлар ичида бирор гўдакни кўрса, кўксига босиб эмиза бошлар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Ушбу аёл боласини ўтга ташлайди, деб ўйлайсизларми?» дедилар. «Йўқ, у уни ташламасликка қодир», дедик. «Бу аёлнинг боласига раҳмли бўлганига қараганда Аллоҳ бандаларига раҳмлироқдир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

96. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам йўлда кетаётиб қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Кейин қайтиб чиқиб, чанқоқлигидан тупроқ ялаётган итни кўрди. Ҳалиги одам: «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб, мағфират қилди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» дейишди. «Ҳа, ҳар бир ҳўл жигарлида ажр бор», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

97. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Бир чумоли набийлардан бирини чақди. Шунда у амр қилган эди, чумолининг уяси куйдирилди. Шунда Аллоҳ унга ваҳий юбориб: «Бир чумоли сени чаққани учун тасбиҳ айтиб турган умматлардан бирини куйдирдингми?» деган», дедилар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда: «Набийларидан бири дарахт остига жойлашди. Чумоли уни чақди. Амр қилиб, юкини унинг остидан бошқа тарафга олдирди. Сўнгра унинг уяси ҳақида амр қилди. Шунда у олов билан куйдирилди. Шунда Аллоҳ унга: «Битта чумолини дебми?» дея ваҳий қилди», дейилган.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

98. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У зот мулойимликни яхши кўради ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани беради», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

 




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ