Шаввол ойларида юз берган муҳим воқеалар

1178

Шаввол ойларида юз берган муҳим воқеалар

Ҳижратдан аввалги 13 йил, 1 шаввол, пайшанба куни (нубувватнинг 1 йили / мил. 610 йил август)[1]

– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иккинчи ваҳий нозил бўлди ва у Зот нубувват мақомидан рисолат мартабасига кўтарилиб, Расул (Элчи, Пайғамбар) бўлдилар.

Ҳиж.ав. 9 йил, шаввол ойи (нубувватнинг 5 йили / мил. 614 йил июль-август)

– Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошчиликларида Ҳабашистонга ҳижрат қилган дастлабки муҳожир гуруҳ Ҳабашистондан Маккага қайтиб келди.

Ҳиж.ав. 4 йил, шаввол ойи (нубувватнинг 10 йили / мил. 619 йил май-июнь)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамизга уйландилар;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшдан умидларини узиб, Сақиф қабиласини Исломга даъват қилишга, ҳеч бўлмаса, бошпана бериб қўллаб-қувватлашларини умид қилиб, Тоифга бордилар, бироқ ҳимоячи ҳам, кўмакчи ҳам топмасдан  озору азиятлар кўриб  ортларига қайтдилар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қайтаётиб Нахла водийига тушганларида жинларнинг биринчи гуруҳи мусулмон бўлди.

Ҳиж.ав. 3 йил, шаввол ойи (нубувватнинг 11 йили / мил. 620 йил май-июнь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг буйруғи билан Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳога фотиҳаландилар.

Ҳижрий 1 йил, шаввол ойи (мил. 623 йил апрель)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайда ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу бошлиқ олтмиш кишилик муҳожирлар жамоасини ҳарбий амалиёт учун юбордилар (улар Батни Робиғ деган жойда Абу Суфён бошлиқ икки юз кишилик гуруҳга дуч келдилар. Икки тараф бир-бирига камон ўқлари узишди, бироқ жанг бўлмади. Бу Ислом тарихида «Робиғ» сарияси деб аталади);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо билан оила қуриб, Мадинада бирга яшай бошладилар;

– Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳо туғилди (бу муборак чақалоқ ҳижратдан сўнг Мадинада муҳожирлар ичида туғилган биринчи фарзанддир);

– машҳур саҳоба Асъад ибн Зурора Ансорий розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб, Мадинада вафот этди.

Ҳижрий 2 йил, 1 шаввол (мил. 624 йил 26 март)

– Биринчи рамазон ҳайит намози ўқилди ва бу байрам Бадр ғазотида қозонилган улкан ғалаба ортидан келгани учун янад катта тантана билан нишонланди.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Сулайм қабиласи яшайдиган Кудр[2] диёрига икки юз отлиқ билан бордилар (сабаби, Бадр жангидан сўнг бани Сулайм ва бани Ғатафон қабилаларининг Мадинага ҳужум қилиш учун куч тўплашаётгани ҳақида у Зотга хабар етиб келган эди. Мусулмонларнинг келаётганларини эшитган қабила аъзолари тумтарақай бўлиб, қочиб қолишди. Бу Ислом тарихида «Кудрдаги бани Сулайм»ғазоти деб номланади);

– ушбу ғазотда Ясор номли бир қул қўлга тушган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод қилиб юбордилар.

Ҳижрий 2 йил, шаввол ойининг ўртаси шанба куни (мил. 624 йил апрель)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Қайнуқоъ яҳудийларининг қилмишларидан сабр косалари тўлиб, уларнинг қалъаларини қамал қилдилар (қамал ўн беш кун давом этди, натижада, бани Қайнуқоъ яҳудийлари таслим бўлишди).

Ҳижрий 3 йил, 7 шаввол, шанба (мил. 625 йил 22 март)

– Уҳуд ғазоти бўлиб ўтди;

– ўша куни жами етмиш нафар шаҳид Уҳуд майдонига дафн қилинди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолган олти юз ўттиз нафар саҳоба билан кечки пайт Мадинаи мунавварага қайтиб келдилар.

Ҳижрий 3 йил, 8–11 шаввол ойи (мил. 625 йил 2326 март)

– Ҳамроул асад[3] ғазоти бўлди (яъни Макка қўшинини таъқиб қилиш амалиёти ўтказилди).

Ҳижрий 3 йил, шаввол ойи (мил. 625 йил март)

– «Аржаҳ»[4] қавлга кўра, Уҳуд ғазотидан кейин хамр (маст қилувчи ичимликлар)ни истеъмол қилиш бутунлай ҳаром қилинди.

Ҳижрий 4 йил, шаввол ойи охирлари (мил. 626 йил март охири)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳога уйландилар.

Ҳижрий 5 йил, шаввол ойи (мил. 627 йил март)

– Аҳзоб (Хандақ) ғазоти бошланди.

Ҳижрий 6 йил, шаввол ойи (мил. 628 йил февраль-март)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Курз ибн Жобир Фиҳрий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги йигирма нафар саҳобадан иборат сарияни Урайна қабиласи аъзоларининг кетидан юбордилар (бунга сабаб, Укал ва Урайна қабиласидан бир неча киши мусулмонлик изҳор қилиб, Мадинада яшаб туришди, сўнг касал бўлиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни туялар боқилаётган яйловга юбордилар ҳамда туяларнинг сутларидан ва сийдикларидан ичишни тавсия қилдилар. Улар соғайиб олгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чўпонларини ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди, Исломдан сўнг куфрга қайтишган эди);

– Амр ибн Умайя Зомрий билан Салама ибн Абу Салама розияллоҳу анҳумолар Маккага Абу Суфённи ўлдириш учун боришди (чунки Абу Суфён ҳам бир аъробийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд қилиш учун юборганди, лекин ҳар икки тараф ҳам суиқасд қилишга муваффақ бўлмади);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 30 отлиқдан иборат сарияни Хайбарга юбордилар (улар Абу Рофиъ Саллом ибн Абул Ҳуқайқдан кейин Хайбар яҳудийларига раҳбар бўлиб, мусулмонларга қарши фитналарга бош бўлаётган яҳудий Усайр ибн Зоримни ва унинг шерикларини ўлдириб келишди).

Ҳижрий 7 йил, шаввол ойи (мил. 629 йил февраль)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Башир ибн Саъд Ансорий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 300 кишилик сарияни Ғатафонга қарашли Ямн ва Жаборга (ёки Фазора ва Узрага) юбордилар (ушбу сария Мадина атрофига босқинчилик уюштириш мақсадида жамланган катта қўшинга қарши юборилган эди. Улар етиб борганларида душман бундан хабар топиб, қочиб кетишга улгурди. Башир розияллоҳу анҳу кўплаб туяларни қўлга киритди ва икки кишини асир олиб, Мадинага олиб келди. Улар иккаласи ҳам мусулмон бўлишди).

Ҳижрий 8 йил, шаввол ойи (мил. 630 йил январь-февраль)

– Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Уззо бутини вайрон қилиб келганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни 350 кишилик муҳожир, ансор ва бани Сулаймликлардан ташкил топган жамоа билан бани Хузайма қабиласини Исломга даъват қилиш учун юбордилар.

Ҳижрий 8 йил, 6 шаввол, шанба (мил. 630 йил 26 январь)

– Макка фатҳининг ўн тўққизинчи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки минг аскар билан Маккадан Ҳунайнга қараб йўл олдилар.

Ҳижрий 8 йил, 10 шаввол, чоршанба (мил. 630 йил 30 январь)

– Ҳунайн ғазоти бўлиб ўтди.

Ҳижрий 8 йил, шаввол ойи, (мил. 630 йил февраль)

– Ҳунайн ғазотининг давоми ўлароқ, шиддатли Тоиф ғазоти бошланди.

Ҳижрий 10 йил, 29 шаввол (мил. 632 йил 27 январь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Иброҳим исмли ўғиллари ўн саккиз ойлигида оламдан ўтди…

Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади


[1] Бир ҳисобга кўра.

[2] Мадинанинг жануби-шарқий тарафида, 8 барид (177 км) узоқликда жойлашган.

[3] Мадинадан саккиз мил (15 км) узоқликдаги жойнинг номи.

[4]«Аржаҳ» – ҳақиқатга яқинроқ.

Мулоҳаза билдиринг