Абу Лубобанинг қиссаси

898

Кейин улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу иш юзасидан маслаҳатлашиш учун Бани Амр ибн Авф  уруғидан бўлган Абу Лубоба ибн Абдул­Мунзирни улар олдига юборишларини сўраб одам юборишди. Бани Қурайза Авснинг иттифоқдоши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Лубо­бани уларнинг олдига юбордилар. Абу Лубобани кўришлари билан яҳудийлар унинг олдига йиғилишди, аёллар ва ёш болалар ҳам унинг олдига келиб йиғлай бошлашди. Шунда у барчаларига жуда ачинди. Улар: «Эй Абу Лубоба, нима дейсан, Муҳаммаднинг ҳукми остига ту­шишимиз керакми?» – деб сўрашди. У: «Ҳа» – деди ва уларнинг қатл этилишларига шама қилиб, қўли билан бўғзига ишора қилди. Абу Лу­боба дейди: «Аллоҳга қасамки, оёқларим жойидан жилмасдан туриб мен Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга хиёнат қилганимни тушундим». Кейин Абу Лубоба кетди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кел­мади. У ўзини масжид устунларидан бирига боғлаб, шундай деди: «Аллоҳ менинг тавбамни қабул қилмагунича, бу ердан кетмайман. Аллоҳга қасамки, Бани Қурайза ерларига бошқа қадам босмайман! Мен Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга хиёнат қилган ўлкада бошқа кўринмайман!» – деди.

Ибн Ҳишом: Суфён ибн Уяйна Исмоил ибн Абу Холиддан, у Абдуллоҳ ибн Абу Қатодадан ривоят қилиб айтишича, Аллоҳ тао­ло Абу Лубоба хусусида ушбу оятни нозил қилди: «Эй иймoн кeлтиргaнлaр! Aллoҳгa вa Рaсулгa (буйруқлaригa) xиёнaт қилмaнгиз вa (бир-бирингиздaги қўйгaн) oмoнaтлaрингизгa (ҳaм) билиб туриб xиёнaт қилмaнгиз!»[1]

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни узоқ кутгандилар. Унинг хаба­ри келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у менинг олдимга келгани­да эди, мен унинг ҳақига мағфират тилардим. У қилар ишни қилиб бўлгач, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилмагунча, мен уни жойидан бўшатиб юбора олмайман», – дедилар.

Ибн Исҳоқ: Менга Язид ибн Абдуллоҳ ибн Қусайт айтиб бериши­ча, Абу Лубобанинг гуноҳи Авф  этилгани ҳақидаги оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саламанинг уйидаликларида, саҳар вақтида нозил бўлди. Умму Салама дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эрта тонгда кулаётган­ларини эшитдим ва «Нимадан куляпсиз, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам?!» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Лубобанинг тавбаси қабул бўлди!» – дедилар. Мен: «Унга хушхабар берайми, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам!» – де­дим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, агар истасанг», – дедилар. Кейин Умму Салама хонасининг эшиги ёнига (ўшанда уларга ҳали ҳижоб фарз қилинмаган эди) туриб: «Ҳой Абу Лубоба! Аллоҳ сенинг тавбангни қабул қилди!» – деди. Умму Салама дейди: «Одамлар уни ечиш учун югуриб келишди. Шунда у: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан ечиб юбормагунларигача, йўқ!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг намозига чиқаётганларида уни ечиб юбордилар».

Ибн Ҳишом: Абу Лубоба устунга боғланган ҳолда олти кун қолди. Ҳар намоз вақтида аёли келиб, намозни адо этиб олиши учун бўшатиб қўяр эди. Сўнг у яна ўзини устунга боғлаб оларди. Менга илм аҳлидан бўлган баъзи кишиларнинг айтиб беришларича, Аллоҳ таолонинг унинг тавбаси ҳақидаги ояти каримаси шудир: «Янa бoшқaлaри ҳaм бoрки, гунoҳлaрини тaн oлурлaр. Яxши ишни бoшқa – ёмoнигa aрaлaштириб юбoргaнлaр. Aллoҳ улaрнинг тaвбaлaрини шoяд қaбул қилсa. Aлбaттa, Aллoҳ кeчиримли вa рaҳмлидир»[2].


[1] Анфол: 27.

[2] Тавба: 102.

Мулоҳаза билдиринг