Аллоҳнинг аскарлари кўп

1 ўн йил аввал 2120 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Аллоҳдан астойдил нусрат тилаб, мустаҳкам турар эдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам тинимсиз дуо қилдилар. Аллоҳ таоло душманларга қишнинг совуқ кечасида совуқ шамол юборди. Шамол душманнинг чодирларини, қозонларини учириб кета бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душман орасида ихтилоф пайдо бўлгани, Аллоҳ уларнинг бирлигини бузгани ҳақида хабар етганидан сўнг, кечаси Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуни нима бўлаётганини билиб келиш учун уларнинг ичига юбордилар. Бу ҳақда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Ҳузайфа, анави қавмнинг ичига бориб, нима қилаётганларига назар сол. Бизга қайтиб келгунингча ҳеч нарса қилма», дедилар. Топиб бордим ва қавмнинг ичига кирдим. Шамол ва Аллоҳнинг лашкарлари нима қилса қилаётган эди. Шамол уларнинг қозонини ҳам, оловини ҳам, чодирини ҳам жойида қўймас эди. Абу Суфён ўрнидан туриб: «Эй Қурайш жамоаси, ҳамма ёнидаги одамга қарасин», деди. Мен ёнимдаги одамни ушлаб: «Сен кимсан?!» дедим. «Мен Фалончи ибн Пистончиман», деди у. Сўнгра Абу Суфён: «Эй Қурайш жамоаси! Туриб бўлмайдиган ҳолатда қолдингиз. Туя ва отлар ҳалокатга учради. Бани Қурайза сизга хиёнат қилди. Улардан бизга ўзимиз ёмон кўрган нарса етди. Шамолнинг зўридан нима бўлаётганини ҳам кўриб турибсиз. Қозонимиз жойида турмайди. Олов ёнмайди. Чодирларимиз тик турмайди. Қани, жўнанглар, мен жўнадим», деди. Сўнгра бориб, туясига миниб, уни урган эди, уч оёқлаб сакраб турди. Бир оёғи буклаб боғланган экан. Аллоҳга қасамки, у туянинг оёғини тик турғазиб ечди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга: «Бизга қайтиб келгунингча бир нарса қилма», деган амрлари бўлмаганида, уни ўлдирар эдим». Ғатафонга Қурайшнинг нима қилгани хабари етиб борганда улар ҳам ўз юртларига жўнаб қолдилар. Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган эдилар. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу келиб у Зотга хабарни етказди. Тонг отгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинага қайтдилар. Шундай қилиб, Аҳзоб уруши тугади. Исломни ва мусулмонларни таг-томири билан суғуриб ташлаш ниятида тўпланган кофир ва мушрик гуруҳлар ёвуз мақсадларига ета олмади. Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат берди. Бу урушда мусулмонлардан етти киши шаҳид бўлди. Мушриклардан эса тўрт киши ўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга: «Ушбу йилингиздан кейин Қурайш сизга ҳеч уруш қилмас. Лекин сиз улар устига ғазот қилурсизлар», дедилар. Худди шундоқ бўлди ҳам.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ