Ўлжаларнинг тақсимланиши

1 ўн йил аввал 1868 siyrat.uz

 

Пайғамбар алайҳиссалом Жиъронага қайтиб, ғанималарнинг ҳисобини олгач, тенг бешга бўлдилар. Ислом дини ҳали дилига бутунлай эм бўлиб улгурмаган кишиларнинг кўнглини овлаш учун уларга кўпроқ улуш бердилар. Ҳали иймон келтирмаган одамларни мусулмончиликка мойил қилиш учун бир талай нарса улашдилар. Олдинги сафда турган Абу Суфёнга қирқ уқия олтин билан юзта туя берилди. Абу Суфённинг ўғиллари Муовия билан Язидга ҳам шунча нарса улашилди. Абу Суфён: «Эй Расулуллоҳ, ота-онам садақангиз кетсин, сиз тинч-тотув пайтида ҳам, урушда ҳам бир хилда мадад экансиз», деди. Пайғамбар алайҳиссалом Ҳаким ибн Ҳизомга ҳам Абу Суфёнга берганчалик нарса ажратдилар. Ҳаким яна шунча нарса беришни сўраган эди, Пайғамбар алайҳиссалом ўйлаб ўтирмай рози бўлдилар. Ҳаким бунга ҳам қаноат қилмай яна шунча сўради, Расулуллоҳ ҳеч иккиланмай унинг талабини қондирганларидан кейингина: «Эй Ҳаким, мол-мулк деган кўзга чиройли кўринадиган, ширин нарса. Кўзи тўқлик билан олса, баракаси бўлади, очкўзлик билан олса, баракаси бўлмайди. Мол-мулкка ўч одам еб тўймас очофатга ўхшайди. Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқ», дедилар. Ҳаким дастлаб берилган юз туяни олиб, қолганини қайтарди. «Сизни ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳнинг номи билан қасам ичаманки, сиздан кейин то дунёдан ўтгунимча, бировдан сариқ чақалик нарса олмайман», деди. Чиндан ҳам Ҳаким сўзининг устидан чиқди. Расулуллоҳдан кейин ўтган халифалар Ҳакимга хазинадан керагича мол-дунё олишни таклиф этишганда, у қатъиян бош тортган.

Ибн Ҳиснга, Ақра ибн Ҳобисга, Аббос ибн Мирдосга ҳам юзтадан туя берилди. Сафвон ибн Умайяга бир дарани тўлдириб турган чорва ҳадя этилди. У молларга илгарироқ қизиқсиниб қараганини сезган Пайғамбар алайҳиссалом: «Бу моллар кўзингга яхши кўриняптими?», деб сўрадилар. Сафвон бош ирғаб иқрор бўлиб қўя қолди. — Ундай бўлса, олақол, ҳаммасини сенга бердим». «Ўша пайтда ҳеч ким менчалик севинган эмас» дея эслайди Сафвон. Унинг Ислом динига киришининг сабаби ҳам шу эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу тарзда саховат билан қўли очиқлик қилишларидан кўзланган мақсад одамларнинг қалбини юмшатиб Ислом динига киритиш, совға-саломга қизиқтириш йўли билан бўлса ҳам, Аллоҳнинг ҳақиқатини англатиш эди. Закотнинг бир қисми ҳам одамларнинг Ислом динига рағбатлантириш учун сарфланарди. Пайғамбар алайҳиссалом улашган совға-саломлар кейинчалик жуда катта фойда келтирди. Даставвал мусулмончиликда тўла барқарор бўлиб улгурмаган Сафвон ибн Умайя, Муовия ибн Абу Суфён, Ҳорис ибн Ҳишом сингари зотлар ўша пайтда берилган ҳадя туфайлими ёки бошқа сабабданми, кейинчалик Ислом дини учун жуда катта наф етказадиган машҳур шахсларга айланишди.

Пайғамбар алайҳиссалом қолган ғаииматларнинг ҳисобини олиб, ғозийларга бўлиб беришни Зайд ибн Собитга топширдилар. Бироқ аъробийлар унгача сабр қилмай, улушимизни бер, деб Расулуллоҳни ўртага олиб, бир дарахт тагига суриб келишди. Сарвари оламнинг ридолари (яктаклари) дарахтнинг бутоғига илиниб, орқага тисланишларига имкон бермади. Шунда у киши: «Эй жамоат, ридоимни қўйиб юборинглар. Худо ҳақи, агар қўлимда Тиҳоманинг дарахтларидек беҳисоб мол-мулк бўлса, ўзимга ҳеч нарса қолдирмай сизларга бўлиб берардим. Мен қўрқоқ, бахил, кўзи оч одам эмасман, — дедилар ва бориб туяларининг битта тукини юлиб, олдилар-да, — эй, одамлар, менга ғаниматнинг бешдан биридан ташқари мана шунчалик ҳам нарса тегмайди. Менга берилган улуш ҳам сизларга қайтарилади, сизларнинг эҳтиёжингиз учун ишлатилади. Ғаниматда ниначалик нарса олиб қолмай ўртага ташланглар. Ғаниматга хиёнат қилганлар бу дунёда уятга қолади, қиёмат куни эса расво бўлиб, азобга учрайди», дедилар. Қўли эгрилик қилиб ғаниматдан ўғирлаб олганлар ҳамма нарсани қайтариб беришди. Пайғамбар алайҳиссалом шундан кейингина ғаниматларни тақсимлаб, пиёдаларга тўрттадан туя, қирқтадан қўй, отлиқларга эса уч ҳисса ортиқ нарса бердилар. Лекин мунофиқлардан бири норози бўлиб: «Аллоҳ рози бўладиган тақсимот қилинмади», деди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг жаҳллари чиқиб, қизариб кетдилар. «Сени қара-ю, агар мен одил бўлмасам, бу дунёда ким одил бўлади», дедилар. Ҳар қанча аччиқланган бўлсалар-да, мунофиқдан ўч олишдан ўзларини тийдилар. У киши бундай қусурдан холи эдилар. Ўзларини босиб, ётиғи билан панд-насиҳат қилдилар. Пайғамбарга туҳмат қилишнинг оқибати нимага олиб келишини айтиб огоҳлантирдилар. Умар билан Холид ибн Валид: «Эй Расулуллоҳ, бу ярамаснинг калласини олайлик», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўқ, у намоз ўқиши мумкин», дея уларни қайтардилар. Холид: «Дили бошқа, тили бошқа намоз ўқийдиганлар кўп-ку», деди. Расулуллоҳ унга танбеҳ бериб: «Мен одамларнинг ичини ёриб кўришга буюрилмаганман», дедилар.

Ғаниматдан Қурайш ва бошқа ҳамма қабилаларга улуш берилди, фақатгина ансорларга ҳеч нарса тегмади. Бундан норози бўлган айрим ансорлар: «Тавба, ғалати-ку! Кечагина сафимизга қўшилган қурайшларга ғанимат берилади-ю, қиличимизни қонга бўяган биз қуруқ қолаверамизми?» дейишди. Бу гапдан хабар топган Пайғамбар алайҳиссалом ансорларни бир жойга тўплаб ваъз айтдилар: «Эй ансорлар жамоаси, эшитишимча, мендан норози бўлибсизлар. Илгари гумроҳ эдингиз, Аллоҳ мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Камбағал эдингиз, Аллоҳ мен орқали сизларни бойликка эриштирмадими? Бир-бирингизга душман эдингиз, Аллоҳ менинг воситамда сизларни дўстлаштирмадими? Қурайшлар эндигина куфрдан холос бўлаётган, бошига мусибат тушган халқ. Мен уларга мол-дунё бериб кўнгилларини овлашга интилдим. Эй ансорлар жамоаси, уларнинг кўнглини кўтариб мусулмон қилиш учун берилган арзимас нарсага мендан ранжидингизми? Мен сизларни иймони мустаҳкам, ҳар қандай вазиятда оғишмайдиган, деб билганим учун ҳеч нарса берганим йўқ. Одамлар уйига туя, қўй ҳайдаб боришса, сизлар Аллоҳнинг элчисини олиб қайтасизлар. Наҳотки бу шарафдан норози бўлсангиз? Худо ҳақи, агар ҳижрат қилинмаса, мен ансор бўлардим, агар ҳамма одамлар бир йўлга юриб ансорлар бошқа томонга кетишса, мен . шубҳасиз, уларга эргашардим. Эй Роббим, ансорларга раҳмат қил! Уларнингг бола-чақаларидан раҳматингни дариғ тутма!»

Пайғамбар алайҳиссаломнинг чин юракдан куюниб айтган гапларини эшитган ансорларнинг дийдаси юмшаб, кўз ёшларидан соқоллари ҳўл бўлди ва бир овоздан насибамиз Расулуллоҳ бўлишига мингдан минг розимиз, дейишди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ