Қора қул ҳодисаси

3 йил аввал 3319 siyrat.uz

Ўша ерда бир қора танли ҳабаший қул ўз хожасининг қўйларини боқиб юрар эди. Хайбар аҳли қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайёргарлик кўра бошлаганларида улардан: «Нима қилмоқчисизлар?» деб сўради. «Анави пайғамбарликни даъво қилаётганга қарши жанг қилмоқчимиз», дедилар. Унинг қалбига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ўрнашиб қолди. У қўйларини ҳайдаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Нима дейсан? Нимага чақирасан?» деб сўради. «Исломга чақираман. «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деб шаҳодат беришга ва мени Расулуллоҳ деб шаҳодат беришга, Аллоҳдан бошқага ибодат қилмасликка чақираман», дедилар у Зот. «Шаҳодат бериб, Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирсам, менга нима берилади?» деб сўради қул. «Сенга жаннат берилади», дедилар у Зот. У мусулмон бўлди ва: «Эй Набиюллоҳ, манави қўйлар бировнинг омонати эди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларни ҳузурингдан чиқариб, ортидан тош отиб, ҳайдаб юбор. Аллоҳ сенинг номингдан омонатни адо қиладир», дедилар. У шундай қилди. Қўйлар ўз эгаси ҳузурига борди. Яҳудий ўз ғуломининг мусулмон бўлганини билди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, ваъз қилдилар. У Зот кишиларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Жанг бошланиб, мусулмонлар билан яҳудийлар тўқнашганда қатл этилганлар ичида ҳалиги қора қул ҳам қатл бўлди. Мусулмон биродарлари унинг жасадини кўтариб келиб, чодир ичига қўйдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чодирга назар солиб, унинг жасадини кўрдилар ва саҳобаларига қараб туриб: «Батаҳқиқ, Аллоҳ ушбу қулни мукаррам қилди. Уни Хайбар томон етаклаб келди. Мен унинг бошида икки ҳури ийнни кўрдим. У бўлса Аллоҳга бир марта ҳам сажда қилган эмас эди», дедилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ