Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида

771

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкарларга олов ёқишни амр қилдилар. Катта олов ва кишиларнинг ҳаракатини сезиб қурайшликлар сергакландилар. Абу Суфён ҳам гап нимадалигини билиш учун шаҳардан ташқарига чиқди. У ўзича:
«Бу кечадагига ўхшаш оловни ва аскарни ҳеч кўрганим йўқ эди», деди.
Аббос ибн Абдулмуттолиб мусулмон ҳолида аҳли аёли билан Маккадан чиқиб, аскарга келиб қўшилган эди. У қоронғида Абу Суфённи излаб топди ва:
«Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан келдилар. Қурайшнинг ҳолига вой!» деди. У мусулмонлардан бирортаси Абу Суф-
ённи ўлдириб қўймасин, деб шошилиб, уни хачирига мингаштириб олиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Суфённи кўришлари билан:
«Шўринг қурисин, эй Абу Суфён, Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқлигини биладиган вақт келмадими?!» дедилар. Абу Суфён:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин. У Зот сизни қандай ҳам ҳилмли, қандай ҳам карамли, қандай ҳам силаи раҳмли қилди. Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ, билдимки, агар Аллоҳдан ўзга илоҳ бўлганида, менинг бирор ҳожатимни чиқарар эди», деди. У Зот:
«Шўринг қурисин, эй Абу Суфён, менинг Аллоҳнинг Расули эканлигимни биладиган вақт келмадими?!» дедилар. Абу Суфён:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин. У Зот сизни қандай ҳам ҳилмли, қандай ҳам карамли, қандай ҳам силаи раҳмли қилди. Аллоҳга қасамки, бу ҳақда ҳалигача кўнгилда бир нарса бор», деди.
Шунда Аббос гапга аралашиб:
«Шўринг қурисин! Мусулмон бўл! Бўйнингдан чопмасимиздан аввал «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтир!» деди. У шаҳодат келтириб, мусулмон бўлди.
Кейин Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Абу Суфён фахрни яхши кўрадиган одам, унга бирор илтифот қилиб қўйсангиз яхши бўларди», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хўп! Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, омонликдадир! Ким эшигини ёпиб олса, омонликдадир! Ким масжидга кириб олса, омонликдадир!» дедилар. Шундай қилиб, афв ва омонлик ҳаммага баробар бўлгани эълон қилинди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг лашкарларини бошлаб, Макка томон юрмоқчи бўлганларида Аббосга:
«Абу Суфённи водийнинг тор жойида ушлаб тур. У Аллоҳнинг аскарларини бир кўриб қўйсин!» дедилар.
Аббос розияллоҳу анҳу Абу Суфённи етаклаб бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган жойда тўхтатиб турди. Ўн минг кишилик музаффар Ислом лашкари Макка томон денгиздек мавжланиб кела бошлади. Ҳар бир қабила ўз байроғи остида ўтар эди. Ҳар бир қабилани кўрганда Абу Суфён:
«Эй Аббос, булар кимлар?» дер эди.
Аббос уларнинг кимлигини айтарди. Бирдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан муҳожир ва ансорийлардан иборат гуруҳ ўтиб қолди. Дубулғалар ичидан уларнинг фақатгина ёноқлари кўриниб турарди. Абу Суфён:
«Субҳаналлоҳ! Аббос, булар кимлар?!» деди.
«Расулуллоҳ муҳожир ва ансорлар ила келмоқдалар!» деди Аббос.
«Буларга бировнинг кучи ҳам, қуввати ҳам етмайди. Аллоҳга қасамки, эй Абул Фазл, бугун укангнинг ўғлининг мулки улуғ бўлди», деди Абу Суфён.
«Мулк эмас! Нубувват!» деди Аббос.
«Ҳа! Ҳа! Шундоқ! Шундоқ!» деди Абу Суфён.
Шу ерга келганда Аббос Абу Суфёнга:
«Қавмингга нажотни ўйла», деди.
Абу Суфён ўқдай учиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввал Маккага кириб борди-да, баланд овоз билан:
«Эй Қурайш жамоаси! Мана, Муҳаммад сизнинг кучингиз етмайдиган нарса билан келди! Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кирса, омонликдадир!» деб бақирди.
Унинг олдига хотини Ҳинд бинту Утба тезлаб келди-да, мўйловидан тутиб туриб, ҳақорат гапларни айтди. Аммо Абу Суфённинг бунга ўхшаш гапларни муҳокама қилишга ҳоли йўқ эди. У яна ўз қавмига бақира кетди:
«Шўрингиз қурийди! Ўзингиздан кетманглар! У олдингизга сизнинг кучингиз етмайдиган нарса билан келди! Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, омонликдадир!» деди. Улар бўлса:
«Аллоҳ сени ҳалок қилсин! Сенинг ҳовлинг бизга нима қилиб берар эди!» дедилар. У бўлса қичқиришда давом этди:
«Ким эшигини ёпиб олса, омонликдадир! Ким масжидга кириб олса, омонликдадир!»
Одамлар уй-уйларига тарқалиб кетдилар. Баъзилари Масжидул Ҳаромга кириб олишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг водийнинг тор жойида Абу Суфённинг олдидан ўтаётиб унга «Бугун қирғинбарот куни. Бугун Каъба ҳалол қилинур» дегани ҳақида хабар етди. Буни эшитгандан сўнг у Зот рози бўлмадилар ва:
«Бугунги кун раҳм-шафқат кунидир. Бугунги кун Аллоҳ Каъбани улуғлайдиган кундир», дедилар ва ўз аскарбошиларини ўзларига қарши уруш қилмаганларга тегмасликка амр этдилар. Фақат олти эркак ва тўрт аёлни бундан мустасно қилдилар. Улар Исломга ҳаддан ташқари душманлик қилган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қилган кишилар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага унинг юқори тарафидан – Кадаадан кирдилар. Холид ибн Валидга ўз одамлари билан Макканинг паст тарафидан – Кудадан киришни топширдилар. Мусулмонлар ҳеч қандай қаршиликсиз Маккага кириб бордилар.
Фақат Холид ибн Валидга ўз одамлари билан келаётган томонда қаршилик кўрсатилди. Бир гуруҳ мушриклар уруш қилгани чиқишди. Уларнинг ичида Икрима ибн Абу Жаҳл ва Сафвон ибн Умайялар ҳам бор эди. Холид розияллоҳу анҳу ва унинг одамлари уларга қарши уруш қилдилар. Бу жангда қурайшликлардан йигирма тўрт, Ҳузайлдан эса тўрт киши ҳалок бўлди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқдан қиличларнинг ялтирашини кўриб, аччиқлари чиқди. Шунда у Зотга «Холидга қарши уруш очишган эди, у ҳам жанг қилишга мажбур бўлди», дейилди. У Зот «Аллоҳнинг қазоси хайрлидир», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зи Тувога етганларида Аллоҳ берган зафарга шукр қилиб, бошларини эгдилар. У Зотнинг муборак пешоналари эгарнинг қошига тегай дер эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туялари устида «Фатҳ» сурасини тиловат қилиб борар эдилар. У Зотнинг ортларига ўзларининг озод қилган қулларининг ўғли Усома ибн Зайд мингашиб олган эди. Бу шараф аслзода арабларга эмас, асли қулбачча бўлган шахсга насиб бўлганида ҳам Исломнинг улуғворлиги акс этиб турар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетаётганларида бир одам йўлларини тўсиб чиқиб, гапирмоқчи бўлди. Лекин салобатлари босиб, қалтираб қолди. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тинчлантириб:
«Шошилма. Мен подшоҳ эмасман. Мен қурайшлик қадид (сур гўшт) ейдиган бир аёлнинг боласиман, холос», дедилар.
Ўша куни ҳижратнинг саккизинчи йили, Рамазон ойининг йигирманчи куни эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага киришлари билан Байтуллоҳга қараб юрдилар. Ўша пайтда Байтуллоҳнинг атрофида уч юз олтмишта бут бор эди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани тавоф қилиш жараёнида «Ҳақ келди ва ботил йўқ бўлди» оятини ўқиб юриб, бирин-кетин ўша бутларни йиқитдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавофларини битирганларидан кейин Каъбанинг калитига соҳиб бўлган Усмон ибн Толҳани чақириб, калитни олиб келишни сўрадилар. У калитни олиб келиб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага киришларидан олдин унинг ичидаги бут ва суратларни чиқариб ташлашга амр қилдилар. Одамлар Каъба ичидаги барча нарсаларни чиқариб ташладилар. Сўнгра у Зот ичкарига бир неча саҳобалар билан кирдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилишларидан олдин ҳам бир марта Усмон ибн Толҳадан Байтуллоҳнинг калитини бериб туришни сўраганларида у қўполлик билан жавоб берган эди. Энди эса у калитни бериб қўйиб, ҳаяжонда турар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг ичидан қайтиб чиққанларидан кейин яна Усмон ибн Толҳани чақириб, калитни бердилар-да:
«Уни абадийликка олинглар. Уни сизга мен берганим йўқ, Аллоҳ берди. Уни сиздан фақат золимгина тортиб олиши мумкин», дедилар.
Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга Каъбанинг устига чиқиб, намозга азон айтишни амр қилдилар. Кечаги қора қул бугун Ислом шарофати ила Аллоҳнинг уйи устида туриб, Аллоҳнинг мадҳияси бўлмиш азонни ўзининг жарангдор овози ила баралла айтган биринчи ва ягона одам бўлди. Билол Ҳабашийнинг ширали овози илоҳий нидо ила ернинг қоқ марказидан атрофга ажойиб бир ҳолда таралди. Кишилар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба эшигининг икки кесакисидан ушлаб туриб, муборак бошларини кўтариб, одамларга қарадилар. Ҳамма томонда одамлар саф-саф бўлиб турар эдилар. Ҳамма «Энди нима бўлар экан», деб нафас ютмай, қараб турар эди. Шунда у Зот:
«Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқдир. Унинг Ўзи ёлғиздир. Унинг шериги йўқдир. У Зот ваъдасига содиқ қолди. УЗот бандасига нусрат берди. У Зот гуруҳларни ёлғиз Ўзи енгди. Билиб қўйинглар, барча ўч олиш, мол ёки қон менинг ушбу икки оёғим остидадир. Фақат Байтнинг мутасаддилиги ва ҳожиларни суғориш бундан мустаснодир.
Эй Қурайш жамоаси! Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилият кибрини ва ота-боболар билан фахрланишни кетказди», деб туриб, «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва ўзаро танишишингиз учун сизларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ Алийм ва Хабийрдир» оятини тиловат қилдилар («Ҳужурот» сураси, 13-оят). Кейин сўзларида давом этиб:
«Эй Қурайш жамоаси! Нимани ўйлаяпсизлар? Мен сизларга нима қилмоқчиман?» дедилар.
«Яхшилик! Карамли биродар! Карамли биродарнинг ўғли!» дейишди улар. Шунда у Зот:
«Мен сизларга Юсуф ўз акаларига айтган нарсани айтаман:
«Бугунги кунда гинахонлик йўқ». Кетаверинглар! Сизлар озодсизлар!» дедилар.
Кейин ўзлари Умму Ҳонеъ бинту Абу Толибнинг уйига кириб, саккиз ракаъат намоз ўқидилар.
Шу ерда истисно тариқасида Маккада бўлса ҳам ўлдиришга амр қилинган олти эркак ва тўрт аёлдан баъзиларининг ҳам афв этилганлигини айтиб ўтмоғимиз лозим. Улардан кўпларининг иймони яхши бўлди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада кишиларнинг байъатларини ҳам қабул қилдилар. У Зот Сафо устида ўтирган ҳолларида эркаклардан Аллоҳга ва Унинг Расулига қўлларидан келганича итоат қилишга байъат олдилар.
Эркаклардан байъат олиб бўлганларидан кейин аёллардан олдилар. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган аёллар ичида Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинту Утба ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлдиришга амр қилган тўрт аёл ичида у ҳам бор эди. Аммо у Зот уни афв қилдилар.
Макка фатҳ қилиниб, ҳамма Исломга кира бошлагач, Мадинаи Мунавваралик мусулмонларнинг ичида «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада қолар эмишлар, энди Мадинаи Мунавварага қайтиб бормас эканлар», деган гап тарқалди. Бу мишмишни эшитганларидан сўнг у Зот бу ҳақда сўрадилар. Улар олдинига уялиб, ҳеч нарса дейишмади. Кейин эса айтганларига иқрор бўлишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ сақласин! Ҳаёт сизнинг ҳаётингиз! Мамот ҳам сизнинг мамотингиз!» дедилар. Ансорийлар бу гапни эшитиб, беҳад хурсанд бўлдилар.
Ўша кунлари Фазола ибн Умайр исмли киши Байтуллоҳни тавоф қилиб юриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдирмоқчи бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб келганда у Зот:
«Эй Фазола!» дедилар.
«Ҳа! Эй Аллоҳнинг Расули!» деди у.
«Нафсинг сенга нима демоқда?» дедилар у Зот.
«Ҳеч нарса. Аллоҳни зикр қилаётган эдим», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар-да:
«Аллоҳга истиғфор айт», деб туриб, унинг кўксига қўлларини қўйдилар. Унинг кўнгли тинчланди.
Кейинчалик Фазоланинг ўзи «Аллоҳга қасамки, у Зот қўлларини кўксимдан кўтармай туриб, Аллоҳ халқ қилган нарсалар ичида менга энг маҳбубига айландилар», деб юрар эди.

Мулоҳаза билдиринг