Ўлжа тақсимлаш

580

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан Жиъронага қайтиб келдилар. У ерга Ҳунайн ғазотида ҳавозонликлардан мусулмонларга тушган ўлжалар йиғиб қўйилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳавозон қабиласи аъзолари тавба қилиб келиб қолишармикан, деб ўн кун ўлжаларни тақсимламай турдилар.
Сўнгра Ҳавозон қабиласи вакиллари мусулмон бўлиб келдилар ва у Зотдан моллари ва асир тушган одамларини қайтариб беришларини сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Мен билан ўзингиз кўриб турган кишилар бор. Мен учун гапнинг энг яхшиси тўғрисидир. Иккисидан бирини: ёки асирларни, ёки молларни танланглар. Мен сизларни кутиб, ишни пайсалга солиб турган эдим», дедилар. Ҳавозонликлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз бизни ҳасабимиз ва молу дунёмиздан бирини танлаш ихтиёрини бердингиз, ҳасаб биз учун маҳбуброқдир», дедилар.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичига бориб, хутба қилдилар. Аллоҳга Ўзига мос ҳамду сано айтгандан сўнг қуйидагиларни айтдилар:
«Аммо баъду. Албатта, биродарларингиз тавба қилган ҳолларида келдилар. Мен уларга асирларини қайтариб беришни раво кўрдим. Сизлардан ким шу ишни чин кўнгилдан чиқариб қилмоқчи бўлса, қилсин. Сизлардан ким ўз насибасини келажакда тушадиган ўлжадан олишни хоҳласа, уни ҳам айтсин», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз кўнгилдан чиқардик!» деб нидо қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Биз сизлардан ким изн берди-ю, ким изн бермади, ажрата олмаймиз. Бориб, маслаҳат қилинглар, вакилларингиз келиб, ишингиз нималигини айтсин», дедилар. Одамлар қайтиб бориб, вакиллари билан гаплашдилар. Кейин улар келиб, одамлар чин кўнгилдан рози бўлганлари ва изн берганларининг хабарини бердилар. Ҳавозонга асирлари қайтариб берилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳавозонликлардан уларнинг бошлиғи Молик ибн Авф нима қилганлиги ҳақида сўрадилар. Улар:
«У Тоифда, сақифликлар билан», дедилар.
«Унга хабар беринглар. Агар у мусулмон бўлиб келса, унга аҳлини ҳам, молини ҳам, яна юзта туя ҳам бераман», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. У кейинроқ келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга аҳлини ҳам, молини ҳам, яна юзта туя ҳам бердилар. У Исломга кирди ва иймони яхши бўлди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазоти ўлжасини тақсимлашда янги мусулмон бўлган маккаликларга алоҳида эътибор қилиб, уларни Исломга қизиқтириш учун кўп ўлжа бердилар. Бу ишдан ҳайрон бўлган баъзи ёш ансорийлар:
«Аллоҳ Расулуллоҳни мағфират қилсин. Қурайшга берадилар-а?! Бизнинг қиличимиздан уларнинг қони томиб турибди-ку!» дедилар.
Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганида у Зот ансорийларга одам юбордилар. Улар тайин қилинган жойга тўпланиб турдилар. Улардан бошқа бирор кишининг ҳам уларга қўшилишига ижозат берилмади. Сўнгра у Зот ансорийларга қарата ўз гапларини бошладилар. Аввал Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва:
«Эй ансорийлар жамоаси! Айтган гапларингиз менга етиб келди. Залолатда юрганингизда мен туфайли Аллоҳ сизларни ҳидоятга солмадими?! Тафриқага тушган эдингиз, Аллоҳ мен туфайли сизларни жам қилмадими?! Камбағал эдингиз, Аллоҳ мен туфайли сизларни бой қилмадими?! (У Зот бу гапларнинг ҳар бирини айтганларида улар «Худди шундай! Худди шундай! Аллоҳ ва Унинг Расули миннатга ҳақлироқ ва афзал», деб турдилар.) Сўнгра у Зот:
«Менга жавоб бермайсизларми, эй ансорийлар жамоаси?!» дедилар. Улар:
«Сизга нима деб жавоб берамиз, эй Аллоҳнинг Расули! Миннат ва фазл (ҳаққи) Аллоҳга ва Унинг Расулига (хос)дир», дедилар. Шунда у Зот:
«Аммо, Аллоҳга қасамки, агар хоҳласангиз, гапирар эдингиз. Рост гапирар эдингиз ва тасдиқланар эдингиз: «Ёлғончига чиқарилган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, хорланган ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам бердик, қувилган ҳолда келдингиз, биз сизга жой бердик, камбағал ҳолда келдингиз, биз сизга кўмак бердик», дейишингиз мумкин эди», дедилар. Улар:
«Йўқ! Балки бизнинг зиммамизда Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг миннати бор!» деб бақиришди.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини давом эттирдилар:
«Эй ансорийлар жамоаси! Дунёнинг арзимаган нарсаси учун кўнгилларингизга олдингизми?! Мен у билан бир қавмнинг мусулмон бўлиши учун қалбларини яқинлаштирмоқчи бўлдим. Сизларни эса Исломингизга вакил қилдим.
Эй ансорийлар жамоаси! Одамлар қўю туяни олиб кетганда сизлар ўз қароргоҳингизга Расулуллоҳни олиб кетишдан рози бўлмайсизларми?! Аллоҳга қасамки, сиз олиб қайтадиган нарса улар олиб қайтадиган нарсадан яхшироқдир! Муҳаммаднинг нафси қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида, албатта, ансорийлардан бири бўлган бўлар эдим. Одамлар бир йўлга юрсалар-у, ансорийлар бошқа йўлга юрсалар, албатта, ансорийлар йўлига юрган бўлар эдим. Аллоҳим! Ансорларга, ансорларнинг болаларига, ансорларнинг болаларининг болаларига раҳм қилгин!» дедилар.
Одамлар йиғлайвериб, соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Улар «Аллоҳ ва Унинг Расули насибимиз ва улушимиз бўлганидан розимиз», дейишарди.
Аъробийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан юриб, яна кўпроқ ато беришларини талаб қилишарди. Улар у Зотни бир бутага сиқиб қўйди, ҳатто ридолари шохга илиниб ҳам қолди. Шунда у Зот:
«Эй одамлар, ридоимни беринглар! Аллоҳга қасамки, агар Туҳоманинг дарахтлари ададича туялар бўлса ҳам, сизларга бераман. Мен бахил ҳам, ёлғончи ҳам, қўрқоқ ҳам эмасман. Эй одамлар! Ўлжангизнинг фақат бешдан бирига ҳаққим бор. Ўша бешдан бири сизларга», дедилар.
Бир аъробий келиб, у Зотнинг чопонларининг ёқасидан ушлаб, қаттиқ силтади. Бўйинларига чопоннинг изи тушиб қолди. Ҳалиги одам: «Ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан менга ҳам амр қил!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бурилиб, унга қарадилар-да, кулдилар ва унга ҳам мол берилишига амр қилдилар.
Кейин Жиъронадан эҳром боғлаб тушиб, умра қилдилар ва Мадинаи Мунавварага равона бўлдилар. Ўшанда ҳижрий саккизинчи сананинг Зулқаъда ойи эди.

Мулоҳаза билдиринг