Мунофиқлар суиқасди

671

Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан қайтаётганларида жарчига буюриб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тепалик йўлига юрдилар, ҳеч ким у йўлга юрмасин», деб жар чақиртирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловларини Ҳузайфа етаклаб, Аммор ҳайдаб кетишаётган эди, тўсатдан бир гуруҳ юзини беркитиб олган отлиқлар тезлаб келиб, Аммор розияллоҳу анҳуни ўраб олишди. Аммор розияллоҳу анҳу ҳалиги отларнинг юзига уриб, ҳайдай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфага:
«Етакла, етакла!» дедилар. Сўнгра уловдан тушиб олдилар. Аммор қайтиб келган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Аммор! Ҳалиги одамларни танидингми?» дедилар. Аммор розияллоҳу анҳу:
«Ҳамма отлиқларни билардим. Аммо булар юзларини беркитиб олишган экан», деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Нима қилишмоқчи бўлганларини билдингми?» дедилар. Аммор:
«Аллоҳ ва Унинг Расули билади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улар Расулуллоҳ минган уловни ҳуркитиб, сўнгра унинг ўзини йиқитмоқчи бўлдилар», дедилар. Шунда Аммор розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирига:
«Аллоҳ учун ростини айт, тепаликдаги ўтган одамлар нечта эди?» деб савол берди. У киши:
«Ўн тўрт киши эди», деб жавоб берди. Аммор розияллоҳу анҳу эса:
«Агар сен ҳам улар билан бўлсанг, ўн бешта экан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан учтасини(нг исмини айтиб) санадилар. Улар:
«Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳнинг жарчиларини эшитмабмиз, ҳалиги одамларнинг ниятидан ҳам бехабар эдик», дейишди. Аммор розияллоҳу анҳу:
«Гувоҳлик бераманки, қолган ўн иккитаси бу дунёю у дунёда Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очганлардир», дедилар».
Кўриниб турибдики, мунофиқлар пайтини топсалар, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд қилишдан ҳам тоймайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида мунофиқлар бир неча бор куфр гапларни айтганларидан кейин тониб, «Айтганимиз йўқ», деб қасам ичишган. Қуръони Каримдаги «Тавба» сурасининг 74-ояти каримасида ана шу ҳақиқат таъкидланиб, улар куфр гапни айтганлари ва шу билан мусулмонликдан чиқиб, қайта кофир бўлганликлари баён қилинмоқда.
«Улар гапирмаганлари ҳақида Аллоҳ(нинг номи) ила қасам ичарлар. Ваҳоланки, куфр калимасини айтдилар ва исломларидан кейин куфр келтирдилар ҳамда ўзлари ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар».
Оятдаги «ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар»дан мурод мунофиқларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдирмоққа қасд қилганлари ва мақсадларига ета олмаганларидир.

Мулоҳаза билдиринг