Бани Ҳанифа элчилари

716

Бани Ҳанифа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда уларнинг ичида машҳур бузғунчи Мусайламатул Каззоб ҳам бор эди. Бу нобакор аввалроқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юборган эди. Мактубда қуйидагилар айтилганди:
«Аллоҳнинг Расули Мусайламадан, Аллоҳнинг Расули Муҳаммадга. Аммо баъд.
Мен бу ишда сенга шерик бўлдим. Бу ишнинг ярми бизгадир. Унинг ярми Қурайшгадир. Қурайш адолат қиладиган қавм эмаслар».
Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги жавобни ёзган эдилар:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Мусайламага. Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд. Албатта, ер Аллоҳнинг мулкидир. Уни Ўз бандаларидан кимга хоҳласа, ўшанга мерос қилур. Оқибат тақводорларникидир».
Бану Ҳанийфа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганларида кийимлари билан Мусайламани у Зотдан тўсиб турар эдилар. Бу каззоб шу ерда ҳам ўз нобакорлигини қилди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз ҳукмлари остидаги нарсанинг бир қисмини беришларини сўради. Шунда у Зот қўлларидаги чўпни кўрсатиб:
«Сенга мана шу чўпни ҳам бермайман», дедилар.
Бу ҳайъат шундай бир ноқулай ҳолда келиб, ўшандоқ ҳолда қайтди. Кейинчалик ҳам улар кўп ёмонликларга сабаб бўлдилар.

Мулоҳаза билдиринг