ОЛТИ НАБАВИЙ ХУШХАБАР (таровеҳ намозининг фазли ҳақида)

961

Таровеҳ намозини жамоат билан масжидда адо қилишнинг фазилатлари кўп. Қуйида ҳадислардан келиб чиқиб таровеҳ намозининг бир қанча фазилатларини баён қилиб ўтамиз:
1. Суннатга амал қилган бўлади.
Таровеҳ намозини масжидда биринчи бўлиб Пайғамбаримиз адо этганлар. Демак, ким таровеҳ намозини масжидда жамоат билан адо қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларига амал қилган бўлади. суннатга амал қилишнинг мукофоти эса у Зотнинг шафоатларига ноил бўлишдир.
2. Намозни жамоат билан ўқиганлик ажрини олади.
Таровеҳ намозини адо қилиш учун келган намозхон, албатта, Хуфтон намозини жамоат билан ўқиш ажрига эга бўлади. Хуфтон намозини жамоат билан адо қилиш эса Пайғамбаримиз айтганларидек, ўз соҳибига улкан ажру савобларни келтиради.
3. Қуръонни эшитган ва хатм қилган бўлади.

Маълумки, юртимизда муборак Рамазон ойида Аллоҳнинг марҳамати билан, деярли, барча масжидларда Қуръон хатм қилинади. Ким таровеҳ намозини масжидда мунтазам адо қилса, Қуръонни эшитиш ва хатм қилиш ажрига эга бўлади. Қуръонни эшитишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёқтирганлар ва баъзи саҳобалардан Қуръон тиловат қилиб беришини сўраганлар. Бу ҳақда Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اقْرَأْ عَلَيَّ الْقُرْآنَ». قُلْتُ: آقْرَأُ عَلَيْكَ وَعَلَيْكَ أُنْزِلَ؟ قَالَ: «إِنِّي أُحِبُّ أَنْ أَسْمَعَهُ مِنْ غَيْرِي».
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Менга Қуръон ўқиб бер», дедилар. «Сизга мен ўқиб бераманми? Ўзи сизга нозил бўлган бўлса», дедим. У Зот: «Мен ўзгадан эшитишни яхши кўраман», дедилар». Баъзида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойдан ўтиб кетаётган бўлсаларЗ саҳобалар Қуръон тиловат қилаётганини кўриб, тўхтаб унинг тиловатини эшитиб ўтирар эдилар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:
عَنْ أَبِى بُرْدَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لأَبِى مُوسَى: «لَوْ رَأَيْتَنِى وَأَنَا أَسْتَمِعُ لِقِرَاءَتِكَ الْبَارِحَةَ لَقَدْ أُوتِيتَ مِزْمَارًا مِنْ مَزَامِيرِ آلِ دَاوُدَ».
Абу Бурда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусога: «Кечаги кун сенинг қироатингга қулоқ тутганимни кўрганингда эди. Сенга ҳақиқатда Довуд алайҳиссалом оилаларининг хуш овозларидан берилган экан», дедилар.
Ушбу ҳадиснинг шарҳида Нававий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: «Ушбу ҳадисдан бир неча фойда олиш мумкин: Қуръонни эшитиш ва эшитаётганда тадаббур қилиш. Қуръонни тиловат қилишдан кўра эшитиш афзал. Чунки Қуръонни ўқишдан асл мақсад унинг оятларини тадаббур ва тафаккур қилишдир. Тадаббур қилиш эса Қуръон ўқишдан кўра, тиловатини эшитаётганда кучлироқ бўлади».
Уламолар:«Қуръон эшитиш афзалми ёки тиловат қилиш афзалми?» – деган масалада ихтилоф қилишди. Баъзилар тиловат қилиш афзал, чунки бу борада оят ва ҳадислар ворид бўлган, деса, бошқалар: «Тиловат қилишдан кўра эшитиш афзал. Чунки одам эшитаётганда яхши тадаббур қилади. Бу ҳолат эса тиловат қилаётган пайтда унча билинмайди», дейишди. Лекин бу борадаги энг тўғриси ҳам эшитиш, ҳам тиловат қилиш.
4. Фаришталар ва Аллоҳнинг раҳмати Қуръон хатм қилинаётган масжидни ўраб олади.
5. Аллоҳ масжид аҳлини Ўз ҳузуридагилар олдида зикр қилади.

Бу икки фазилатни Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган қуйидаги ҳадис баён қилиб беради:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إِلاَّ نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ وَحَفَّتْهُمُ الْمَلاَئِكَةُ وَذَكَرَهُمُ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар олдида уларни зикр қилади», дедилар».
6. Тунни ибодат билан бедор ўтказган кишининг ажрига эга бўлади.

Имом Термизий, Абу Довуд ва Имом Насоий раҳматуллоҳи алайҳим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: صُمْنَا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَمَضَانَ فَلَمْ يَقُمْ بِنَا شَيْئًا مِنَ الشَّهْرِ حَتَّى بَقِيَ سَبْعٌ فَقَامَ بِنَا حَتَّى ذَهَبَ ثُلُثُ اللَّيْلِ فَلَمَّا كَانَتِ السَّادِسَةُ لَمْ يَقُمْ بِنَا فَلَمَّا كَانَتِ الْخَامِسَةُ قَامَ بِنَا حَتَّى ذَهَبَ شَطْرُ اللَّيْلِ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ لَوْ نَفَّلْتَنَا قِيَامَ هَذِهِ اللَّيْلَةِ قَالَ فَقَالَ: إِنَّ الرَّجُلَ إِذَا صَلَّى مَعَ اْلإِمَامِ حَتَّى يَنْصَرِفَ حُسِبَ لَهُ قِيَامُ لَيْلَةٍ…».
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазон рўзасини тутдик. У Зот рамазоннинг охирги етти куни киргунича ой давомида биз билан қоим бўлмадилар. Сўнг эса биз билан бирга кечанинг учдан бири ўтгунча қоим бўлдилар. Олти кеча қолганда эса биз билан қоим бўлмадилар. Беш кеча қолганда эса биз билан бирга кечанинг ярмигача қоим бўлдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу кеча бизга нафл намоз ўқитсангиз», дедим. Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир одам имом билан у қайтиб кетгунча намоз ўқиса, ўша одамга кечани қоим бўлиб ўтказган ҳисобланади…», дедилар.
Эслатма: Баъзилар таровеҳ намозини саккиз ёки ўн икки ракат ўқиб масжиддан чиқиб кетади. Ушбу ҳадисга кўра ким шундай қилса, улуғ ажрдан, яъни тунни бедор ўтказганлик ажридан мосуво бўлади. Чунки ҳадисда Имом билан бирга намозни тугатиши, имом кетгунича унга иқтидо қилиши таъкидланган. Аллоҳ барчаларимизга ушбу фазилатларга сазовор бўлиш бахтини насиб айласин!

Одилхон қори
Юнусхон ўғли.

Мулоҳаза билдиринг