Мусулмон кишининг оиласига Рамазоннинг 22 баракаси | Siyrat.uz

Мусулмон кишининг оиласига Рамазоннинг 22 баракаси

3772

       Ислом динида Рамазон ойи улуғ ойлардан ҳисобланади. Унда рўзадор одамнинг уйқуси ҳам ибодат, намозини қоим қилиш ҳам ибодатдир. Унинг ҳар бир амалига кўплаб савоблар зиёда қилинади. Рамазон мусулмон кишининг дуоси қабул бўладиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракалари ёғиладиган ойдир. Рамазон мўмин ва мусулмонлар учун барака ойидир. Албатта, мусулмон кишининг оиласига ҳам шу ойнинг баракалари бўлади. Уларнинг ададини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳозир эътиборингизга Аллоҳ таоло қодир қилганича улардан 22 тасини келтириб ўтамиз:

  1. Рамазонда Қуръоннинг баракаси:

Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида «Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у Зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Тасаввур қилинг: Қуръони карим тиловат қилинганда ерга қанчадан қанча фариша тушади. Аллоҳ таолонинг энг сўнги китобининг шу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғ баракотли ой эканлигини билдиради.

  1. Рамазонда рўзанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади»,  дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Ҳадиси қудсийда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилганлар) Аллоҳ таоло: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи)шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилур», –деди. Имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазондаги биринчи кечанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади. Дўзаҳ эшиклари ёпилади. Улардан бирон эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Хар кеча бир нидо қилувчи:

«Эй яхшиликни истовчи, келиб қол! Эй  ёмонликни истовчи, бас қил», – деб нидо қилади», –  дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.

  1. Рамазон кечаларида қоим бўлиш ва таҳажжуднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазон ойида садақанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир»,  деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда ўз умматларига ўрнак бўлар эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг энг авжи Рамазонда бўлар эди. У Зот Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.

  1. Рамазонда ифторнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Модомики, ифторга шошилишар экан, одамлар яхшиликда бўлаверадилар», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Аллоҳ азза ва жала: «Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари» , деб айтди»,  дедилар.

  1. Ифторлик қилиб беришнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади.бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас»,  дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.

Бу билан у ўзи рўза тутмаса бўлади дегани эмас. Чунки рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.

  1. Рамазонда ифторлик пайтида қилинадиган дуонинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ифторлик вақтида:

«Аллоҳ номи билан, Аллоҳим сен учун рўза тутдик. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдик, бизлардан (рўзамизни)қабул қилгин. Албатта, Сен ўзинггина эшитувчи, билувчисан»,  демоқни васият қилдилар.

  1. Рамазонда ижобат бўладиган дуо баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рўзадор учун ифторлик вақтида рад қилинмайдиган дуо бор», дедилар. Бошқа бир ҳадисда «Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққан вақтда (Рўзаси) билан хурсанд бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазонда Лайлатул қарднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Чунки Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Шунинг учун баъзи саҳоба ва тобеинлар Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ғусл қилиб, ўзларига хуш бўйликлар сепиб юришарди. Қадр кечаси шу ўн кун ичида бўлгани учун.

  1. Рамазонда саҳарликни баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Яна бошқа бир ҳадисда:

«Бизларнинг рўзамиз билан аҳли китоблар рўзасини орасини ажратиб турадиган нарса саҳарда таомланмоқ»,  деганлар.

  1. Рамазонда фитр садақасини баракаси:

Рўзадор рамазон рўзасини тутиб бўлгандан кейин рўза давомида қилган хато ва камчиликларни тўлдириш учун беради. Фитр садақаси Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Ундан олдин бериш жоиздир.

  1. Рамазон ойида умранинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазон ойида қилинган умра ҳажга тенгдир», деганлар.

  1. Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳиднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, рўзадорнинг оғзидаги ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир»,  дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазонда чиройли хулқ ва одобли бўлишнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар сизлардан бирингиз рўза тутса, фаҳш ҳамда лағв сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки уришса, мен рўзадорман», десин», дедилар.

  1. Рамазонда унутиб таом истеъмол қилишнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки Аллоҳ у кишини таомлантирибди ва сероб қилибди, холос»,  дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазонда рўзани очиб бўлгандан кейин таомланиш ва серобланишнинг баракаси:

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Бақара сураси 187 оят:

«Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар».

  1. Рамазоннинг  ёши улуғлар ва ҳомиладор аёлларга баракаси:

Аллоҳ таоло катта ёшдаги рўза тута олмайдиган кишиларни фидя беришга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сураси 184-оятида:

«(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим», деган.

Ҳомиладор аёл бўлса туғуб бўлгандан сўнг рўзасининг қазосини тутиб беради.

  1. Рамазонда жаннатнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло рамазонниг хар кунида жаннатини зийнатлайди»,  деганлар.

Яна бошқа бир ҳадисда эса Жаннатдаги бир эшик фақат рўзадорлар учун эканлиги айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди.«Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди», дедилар. Имом Бухорий ривояат қилганлар.

  1. Рамазонда истиғфорнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазонда фаришталар рўзадорлар ифторлик қилгунларича уларга истиғфор айтадилар»,  дедилар.

  1. Рамазонда хайрли ишларнинг баракаси:

Имом Суфён Саврий агар рамазон келса, ҳамма нафл ибодатларни тарк қилиб, фақат Қуръон тиловат қилар эдилар.

  1. Барча тоатларнинг жамланишидаги барака:

Рамазонда барча тоатлар жамланади. Мисол: намоз, рўза, кечқурун қоим бўлиш, Қуръонни хатм қилиш, умра, ифторлик қилиб бериш, истиғфор, тавба, қариндошлардан хабар олиш ва бошқа ибодатлар.

Саъдулла ота  номидаги жоме масжиди имом-хатиби Мирҳамидов Обид

Мулоҳаза билдиринг

*