Хурмо шохининг у Зотга зорланиши

1082

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжиднинг шифти хурмо шохлари устига ёпилган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша шохлардан бирига суяниб туриб хутба қилар эдилар. У Зотга минбар қилиб берилганда ва у Зот унга чиққанларида ҳалиги шохнинг ҳомиласига ўн ой тўлган туянинг овозига ўхшаш овозини эшитдик. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, унинг устига қўлларини қўйган эдилар, у жим бўлди.

   Бошқа бир ривоятда: «Жума куни бўлганда ва у Зот минбарга кўтарилганларида, хурмо бувак йиғлагандек овоз чиқарди», дейилган.

      Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

   Термизийнинг лафзида: «Бас, хурмо шохи урғочи туя зорлангандек зорланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тушиб уни ушлаган эдилар, сокин бўлди», дейилган».

Мулоҳаза билдиринг