Нуҳ алайҳиссалом

498

Қуръони Каримда исми кўп зикр қилинган пайғамбарлардан бири Нуҳ алайҳиссаломдир. У зот каломи илоҳийда қирқ уч жойда эсга олинганлар. Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримнинг бир қанча сураларида, жумладан, «Аъроф», «Ҳуд», «Мўъминун», «Шуаро» ва «Қамар» сураларида муфассал равишда тилга олинган. Бунинг устига, каломи шарифнинг бутун бир бошли сураси у зотга аталиб, «Нуҳ» сураси деб номланган.

Бу сура бошидан охиригача Нуҳ алайҳиссалом қиссасига бағишланган. Бу ҳолат Қуръони Каримда бошқа такрорланмайди. Фақат «Юсуф» сурасида шунга ўхшаш ҳолат бор, холос. Аммо Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари бир сурада келган. Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари эса бир неча сураларда келган.

 Нуҳ алайҳиссаломнинг насаблари

 Идрис алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломга катта бобо бўладилар. У кишининг оталарининг исми Ломак, боболарининг исми Мутушлахдир. Нуҳ алайҳиссаломни ажнабийлар Ахнух деб номлайдилар.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши:

«Одам билан Нуҳ орасида ўн аср ўтган. Ҳаммаси Исломда», деганлар.

Бундан Одам алайҳиссалом билан Нуҳ алай­ҳиссалом ўрталарида минг йил ўтганлиги келиб чиқади.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

Мулоҳаза билдиринг