Солиҳ алайҳиссаломни ўлдириш ҳаракати

6 йил аввал 2840 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Самуднинг яна бошқа жинояти ҳам бор эди. Нобакорларнинг бу жинояти ҳақида «Намл» сурасида қуйидагилар айтилади:

«У шаҳарда тўққиз нафарли гуруҳ бор бўлиб, ер юзида бузғунчилик қилишар, ислоҳ қилмас эдилар» (48-оят).

Яъни Солиҳ алайҳиссаломнинг шаҳарлари бўлмиш Ҳижр шаҳрида тўққиз кишидан иборат бир гуруҳ бўлиб, ўша гуруҳ аъзолари бузғунчилик, фасод ишлар билан шуғулланишарди, яхшиликка, ислоҳ қилишга қўл уришмас эди.

Ана шу тўққиз кишилик бузғунчи гуруҳ аъзолари ислоҳга чақираётган Солиҳ алайҳиссаломдан энг кўп дарғазаб бўлдилар. Ўз жиноятлари билан шаҳар аҳолисини қўрқитиб олган мазкур жиноятчилар ўзларининг барча ҳамкасбларига ўхшаб, шаҳарнинг каттаю кичик ҳар бир ишига аралашиб турар эдилар.

Солиҳ алайҳиссалом ҳақларида гап чиққанидан сўнг улар ишни ўзларича муолажа қилишга ўтдилар.

«Улар дедилар: «Аллоҳнинг номига қасам ичинглар! Албатта, у(Солиҳ)ни ва унинг аҳлини тунда ўлдирамиз, сўнгра валийига: «Батаҳқиқ, унинг аҳлининг ҳалокатига гувоҳ эмасмиз, албатта, биз ростгўйлармиз», деймиз» («Намл» сураси, 49-оят).

Ҳамма замондаги бузғунчи, зўравон, жиноятчи, иймонсиз гуруҳларнинг услуби шу – ўзларининг йўлига қарши бўлган, одамларни фисқ-фасоддан қайтараётган, халойиққа бузғунчилик, қаллоблик, ҳаром-хариш нималигини англатиб, уларнинг кўзини очаётган шахсга суииқасдлар уюштирила­ди; кечаси хоинларча беркиниб келиб, ўлдириб ёки бош­қа бирор зарар етказиб кетилади; кейин мазлумнинг тарафдорларига «Бу ишни ким қилди экан, билмадик», дея бехабардек тураверишади.

Солиҳ алайҳиссаломнинг илоҳий даъвати ёқмаган тўққиз кишилик жиноятчи гуруҳдагилар ҳам худди шу услубни қўллаш ҳақида маслаҳат қилишди. Энг қизиғи, Аллоҳга иймони йўқ, Аллоҳнинг динига қарши чиқаётган, Аллоҳнинг Пайғамбари ва Унинг аҳлини ўлдиришга аҳдлашаётганлар нима қиляптилар, эътибор беринг-а:

«Улар дедилар: «Аллоҳнинг номига қасам ичинглар!».

Ҳа, бир-бирларини ўша мудҳиш ишни Ал­лоҳнинг номи билан қасам ичиб туриб, амалга оширишга чорламоқдалар. Аллоҳга куфр келтириб, унга иймон келтирганларни ўлдириш пайида бўлиб туриб, яна нега Аллоҳнинг номи билан қасам ичадилар?!

Ҳа, алдамчилик бузғунчиларнинг қон-қонига сингиб кетган хислатдир. Улар шу йўл билан Аллоҳни ҳам, одамларни ҳам, ўзларини ҳам алдамоқчи бўладилар. Лекин бу алдовга ўзларидан бошқа ҳеч ким ишонмайди.

Бузғунчиларнинг бошқа бир бузуқ хусусияти оятдаги уларнинг:

«Албатта, у(Солиҳ)ни ва унинг аҳлини тунда ўлдирамиз», деган гапларидан билинади.

Солиҳ алайҳиссаломни очиқдан-очиқ ўлдиришга уларнинг юраги бетламайди. Кечаси хоинларча келиб, бировга билдирмасдан ўлдиришни аҳд қилишади.

Бузғунчиларнинг бошқа яна бир бузуқ хусусияти:

«сўнгра валийига, «Батаҳқиқ, унинг аҳлининг ҳалокатига гувоҳ эмасмиз, албатта, биз ростгўйлармиз», деймиз», деган гапларида кўринади.

Ундай нобакорлар қилар ишни қилиб қўйиб, ёлғонни кўпиртириб, «Мен ростгўйман», деб қасам ичиб тураверадилар. Улар фақат ўзларини алдайдилар, холос. Улар ўзларича «Одамларни бопладик», деб хурсанд бўлиб юрадилар.

«Улар макр қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолда «макр» қилдик» («Намл» сураси, 50-оят).

Яъни бузғунчилар ўзларича маслаҳатлашиб, макр-ҳийла ишлатиб, устамонлик қилмоқчи бўлдилар. Биз уларнинг макрининг жазосини бердик.

Ақида бўйича, Аллоҳ таолога макр-ҳийлани нисбат бериб бўлмайди. «Намл» сурасидаги ушбу оят ва унга ўхшаш бошқа оятларда араб тилининг балоғат-фасоҳат қоидаларидан «мушокала» қоидаси ишлатилган. Яъни уларда лафзларнинг шакли бир хил-у, маъноси бошқа-бошқа бўлади. Оятларда «макр» сўзи бузғунчиларга нисбатан асл маъносида, Аллоҳ таолога нисбатан эса макрнинг жазосини бериш маъносида ишлатилади.

Бузғунчилар макр-ҳийла қилиб, Аллоҳнинг номи билан қасам ичиши, ўзини диндор қилиб кўрсатиши, турли найранглар ишлатиб, мусибат етказиши, ўзида бор куч-қувват, имконият ва ҳийла-найранглардан қувониши мумкин. Лекин Аллоҳ таоло ҳаммасини кўриб-билиб, ҳисоб-китоб қилиб туради-ку?! У Зот ўша бузғунчиларнинг ўзларига сездирмай, аҳволларини расво қилиб қўйиши мумкин-ку?!

«Назар сол! Уларнинг макри оқибати нима бўлди?! Албатта Биз уларни ва қавмларини – ҳаммаларини яксон қилдик» («Намл» сураси, 51-оят).

Ҳа, бузғунчилик қилганлар қанчалик кучли бўлишмасин, қанчалик макру ҳийлаларга ўрганган бўлишмасин, барибир охир-оқибатда ҳалокатга учрашлари муқаррар.

«Ана, зулм қилганлари сабабли уйлари ҳувиллаб ётибди! Албатта, бунда биладиган қавмлар учун оят ибрат бордир» («Намл» сураси, 52-оят).

Зулмнинг оқибати шундай бўлиши турган гап. Бир кун келиб, золимлар ҳалокатга учрайди. Уларнинг ҳашаматли қасрлари, уйлари, турар жойлари вайронага айланиб, ҳувиллаб қолади. Буни ҳар жойда, ҳар диёрда кўриб юрибмиз. Ана ўша золимларнинг аянчли қисматида улардан кейин келганлар учун, агар улар биладиган қавм бўлсалар, ибрат, ваъз-насиҳат ва эслатма бордир. Аммо билмайдиган, жоҳил қавмлар бўлса, яна айнан ўша ҳалокатга учраган золимларнинг хатосини такрорлайверадилар ва оқибатда ўша золимларга ўхшаб, ҳалокатга йўлиқаверадилар.

«Ва иймон келтириб, тақво қилиб юрганларга нажот бердик» («Намл» сураси, 53-оят).

Аввалги ўтган мўмин ва тақводорларга нажот берганимиздек, Солиҳнинг қавмининг ҳам мўмин ва тақводорларига нажот бердик. Улардан кейин келадиган мўмин ва тақводорларга ҳам нажот берамиз.

Солиҳ алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлган жиноятчиларни Самуд қавмидан олдин Аллоҳ таоло осмондан тушган тошлар билан парчалаб, ҳалок қилди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ