Коинот ва инсон

7 йил аввал 2883 siyrat.uz

Кўз билан кўриб турганимиз ҳамда кўзимизга кўринмайдиган бутун борлиқ ва мавжудот буюк қудрат соҳиби Аллоҳ томонидан яратилган. Инсон эса коинотдан анча кейин халқ қилинган. Азалдан яккаю ягона Аллоҳдан бошқа бирор-бир борлиқ йўқ эди. Ҳақ таоло борлигини, буюклигини, қудратини билдириш учун олий ҳикмати билан кўкларни, ерни, набототни йўқдан бор этди. Ва навбат инсоннинг яратилишига келди.

Дунёмизнинг «қишр» деб аталувчи қобиғини текширган геолог олимлар Ер юзидаги ҳаётни тўрт даврга бўлишган. Бу олимларнинг фикрича, Ер юзидаги биринчи инсон суяги (склети) учинчи геологик даврнинг охирларига оид бўлиб, Жанубий Осиёдан топилган экан.

Инсонлар туғилиши ҳақида ғарб ва шарқ олимлари ўртасида фикрлар, кўришлар хилма-хилдир. Аммо ҳозирда инсон зотининг бир асосдан, бир асилдан, бир ота ва бир онадан тарқалганлиги6 илмий ҳақиқат ҳолини олганки, бу нарса кўпчиликка сир бўлмаса керак. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳовва)дан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир»7.

Ҳақ таоло инсонларнинг отаси бўлмиш Одам Атони тупроқдан яратди ва фаришталарнинг унга сажда қилишларини буюрди. Ҳамма фаришталар Аллоҳнинг амрига итоат этдилар - Одам алайҳиссаломга сажда қилдилар. Фақат шайтонгина кибрланди - сажда қилмади. Шу сабабдан ҳам малъун бўлди (лаънатланди).

Аллоҳ Одамга ақл берди, унга гапириш қудратини эҳсон этди; ҳар бир нарсанинг номини ўргатди8.

Қуръони каримда Одам алайҳиссаломнинг қачон яратилгани айтилмаган, аммо Одамнинг яратилиши ва Одамнинг қиссаси турли шаклларда тушунтириб берилган.

Қуръони карим оятларининг маъносини тушунтириб берувчи олимлар (муфассирлар) бу борада шундай фикрдалар: «Аллоҳ Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди» оятида инсонга берилган илмнинг ҳудудсиз эканига ишора бор. Одам ўғли, яъни инсон тажриба орқали ҳамма нарсани тушуниш ва билиш қуввати билан бутун борлиқларга ҳоким бўлиш учун яратилгандир. Бу оятда инсон билим даражасининг малакларникидан анчайин устун экани кўрсатилмоқда. Аммо инсон бир ондаёқ яратилмаган, унга дастлаб тупроқдан шакл берилгандан, кейин маълум вақт мобайнида тарбия берила-берила сўнгги ҳолатига келтирилган9.

Фаришталарнинг Одамга саждаси ибодат эмас, Одамга бўлган ҳурмат, инсон зотига берилган юксак баҳодир. Чунки Аллоҳдан бошқага сажда қилинмайди. Илм билан шарафлантирилган инсон шу тариқа малаклардан-да юқорироқ мавқега эга бўлади.

Баъзи мусулмон олимларининг яна айтишларича, Қуръондаги «Одам» умуман «Инсон»ни тамсил этади. Қуръони карим бир неча оятлар билан инсоннинг тупроқдан яратилганини хабар беради. Одам бизнинг отамиздир. «Одам ҳикояси»фақатгина инсонларнинг отаси бўлмиш биринчи Пайғамбар ҳазрат Одамнинггина эмас, ҳар инсоннинг ҳикоясидир.

Яна бир гуруҳ Ислом олимлари Одамни ҳам инсонларнинг илк отаси, ҳам илоҳий Пайғамбарларнинг биринчиси деб билишади. Бир қисми ҳазрат Одамни фақатгина илк Пайғамбар ўлароқ қабул қилишади.

Қуръоннинг билдиришига кўра, Одамнинг ер юзига бир халифа қилиб юборилиши инсоннинг бутун табиат қувватларига ҳоким бўлишига ишорадир.

Одам қиссасига қўшилган «илон масаласи» эса турган-битгани ёлғондир. Бу ҳақда на Қуръонда, на бир саҳиҳ ҳадисда сўз бор.

Аҳли суннат эътиқодига кўра, жаннат ва дўзах айни пайтда бордир, яратилгандир, боқийдир. Охиратда жаннат мўминларга мукофот, жаҳаннам эса кофирлар учун мужазот (жазо, қийноқ) еридир.

Тадқиқотларга қараганда, инсонлар дастлаб дунёнинг энг катта парчаси бўлган Осиё қитъасида яшаганлар. Кейинчалик бу жойдан бошқа қитъаларга тарқалиб кетишган. Шу сабабдан Осиё инсонларнинг илк таваллуд топган жойи ва илк маданият, дин чиққан ҳудуд ўлароқ қабул қилинган.

Археолог (қадимшунос) ва тарихчиларнинг фикрича, инсонлар олдин ваҳший бўлишган, кейинчалик даражама-даража юксалиб, бугунги маданий савияга етишган. Дастлаб чақмоқ тошдан ясалган болта билан иш кўрган бўлишса, кейинчалик темир қилич қўллай бошлашган ва ҳоказо. Демак, бу нуқтаи назардан инсон икки даврни - ваҳшийлик ва маданият даврини бошидан кечирди, деб ҳисобланади.

Лекин динлар тарихи билан шуғулланган олимлар археологиянинг (қадимшуносликнинг) инсониятнинг илк даври «ваҳшийлик даври бўлган», деган фикрини рад этишади. Аксинча, улар айтишадики, инсонларнинг илк даври ваҳшийлик эмас, балки илк маданият давридир. Бу илк маданият дарсини инсонларга илоҳий пайғамбарлар беришган. Бунинг баробарида уларга илк диний фикрларни (яъни Якка Тангри ишончини) ҳам шу илоҳий пайғамбарлар етказишган. Илоҳий пайғамбарлардан илк маданият дарсини олган инсонлар кейинчалик бу маданиятдан узоқлаша-узоқлаша, биринчи дарсни унутиш натижасида ваҳшийлашганлар, маълум вақтдан кейин эса яна илк маданиятга қайтганлар. Демак, қадимшунослар айтганидек, инсон икки даврни - ваҳшат ва маданият даврини эмас, балки илк маданият, ваҳшат ва иккинчи маданиятдан иборат уч даврни босиб ўтган. Ваҳшийлик инсонлар учун илк давр эмас, икки маданият орасидаги бир босқичдир.

Изоҳлар

6. «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз»(Нисо сураси, 1-оят).

7. «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишувинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).

8. «Эсланг (эй Муҳаммад)! Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман», деганида, улар айтдилар: «У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан». Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмини ўргатди» (Бақара сураси, 30-31-оятлар).

9. Роғиб Исфахонийга кўра, инсонларнинг илк яратилиши туробдан (тупроқдан), тийн (сув ва туроб) тийни лозиб (бирор шаклни қабул қилишга мойил балчиқ) ҳолида бўлади; шундан кейин салсол (қуриган балчиқ) даври ва хомаи маснун (қора балчиқ) каби ривожланиш босқичларидан ўтиб бўлгач, унга руҳ уфланади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ