«Кавсар»нинг маъноси

7 йил аввал 2859 siyrat.uz

الحمد لله رب العالمين وصلى الله وسلم على نبينا محمدٍ وعلى آله وأصحابه ومن تبعهم بإحسانٍ إلى يوم الدين    Савол: Қуръони каримнинг «Кавсар» сурасида Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз Сизга кавсарни ато қилдик», деган. Оятдаги «кавсар»нинг маъносини тушунтириб берсангиз.    Жавоб: «Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятидаги «Кавсар» сўзидан олинган. «Кавсар» сўзи луғатда кўп яхшилик маъносини англатади. Арабларда сон, қадр-қиймат ва аҳамият жиҳатидан кўп бўлган нарсага кавсар дейилади. Ушбу сурадаги Кавсардан мурод эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга икки дунёда берилган кўп яхшиликлардир. Машҳур муфассирлардан Абу Ҳайённинг айтишларича, Кавсардан мурод нималиги ҳақида йигирма олти хил нарса зикр қилинган. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади: «Кавсар жаннатдаги дарё бўлиб, унинг икки қирғоғи олтиндан, ўзани дуру ёқутдан, тупроғи мискдан хушбўй, суви асалдан ширин ва қордан оқдир. Ким ундан ичса, абадий чанқамайди». Имом Муслим ва Имом Термизийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда турган эдилар, бир оз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум-ла бошларини кўтардилар. Биз: «Сизни нима кулдирди, эй Аллоҳнинг Расули?», дедик. «Менга ҳозиргина бир сура туширилди», деб: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Иннаа аътойнакал Кавсар» сурасини қироат қилдилар. Сўнгра: «Кавсар нималигини биласизларми?», дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир», дедик. «У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган дарёдир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир бандани суғуриб олинади. Мен: «У менинг умматимдан!» дейман. Шунда: «Бу сендан кейин нима қилганини билмайсан », дейилади». Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Кавсар – кўп яхшилик» деган. Шу маънода Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёда берилган нубувват, Қуръон, илм, умматнинг кўплиги, душманларга ғолиблик, фатҳларнинг кўплиги ва охиратда бериладиган шафоат, ҳавз, мақоми маҳмуд кабилар ҳаммаси кавсардан ҳисобланади, деганлар».  

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Тафсири Ҳилол», 6-жуздан.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ