ИСЛОМ ДИНИНИНГ АСОСЛАРИ ВА АСОСИЙ МАНБАЛАРИ: Ислом динининг асослари

6 йил аввал 5420 siyrat.uz

1. Дин. 2. Ислом дини. 3. Ислом динининг тамаллари: эътиқод, амал, ахлоқ.

1. Дин. Дин инонмоқ туйғусидир. Дин туйғуси инсоният билан бирга туғилган, бундан кейин ҳам инсоният билан бирга яшажакдир. Инсонлар орасида (у хоҳ маданий, хоҳ бадавий, хоҳ ваҳший бўлсин) ҳеч бир фард (шахс; киши) йўқки, дин туйғусини туймаган бўлсин. Ишонмоқ туйғуси инсониятнинг энг теран ва энг гўзал эҳтиёжларидандир1.

Ислом динига кўра, дин фитрийдир (яратилишдандир). Бу фитрийлик Қуръонга ва ҳадисга таянади. Инсон яратилишдан Ислом динидадир. Шу динда туғилади2.

Дунёда дини, ишончи бўлмаган миллат (халқ) йўқдир. Чунки динсиз ҳолда ҳеч бир миллат яшаёлмас. Ейиш, ичиш қандай эҳтиёж бўлса, дин ҳам шундай бир эҳтиёждир. Ер юзида ҳар миллатнинг, ҳар инсоннинг бир ишончи бордир. Бироқ ҳар дин, ҳар эътиқод ҳам тўғри бўлолмайди. Шу қадар асоссиз нарсалар борки, бир қанча инсонлар уларга боғланган ва дин ўлароқ қабул қилган. Энг тўғри ишонч − Аллоҳнинг хушнуд бўлган дини фақатгина Ислом динидир3. Чунки Ислом дини Аллоҳнинг элчилари томонидан ўргатилган диндир, умумий бир диндир. Барча пайғамбарларнинг динидир4.

2. Ислом дини. Ислом дини мусулмонликдир. Мусулмонликнинг тамал ҳукмларига чин дилдан ишонганларга «мусулмон» дейилади. Бироқ мусулмонларга «исломлар» дейиш тўғри бўлмайди. Чунки «Ислом» калимаси диннинг номидир. Махсус бир исмдир. Инсонларга нисбатан ишлатилмайди. «Исломлар» сўзи ўрнига инсонларга нисбатан «мусулмонлар» сўзини қўллаш янада исботли бўлади.

Қуръони каримда «Аллоҳ сизга дин ўлароқ Исломни танлади», дея марҳамат қилинган5. «Ислом» калимаси ҳам, «мусулмон» калимаси ҳам қулларига Аллоҳ тарафидан берилган исмлардир6. Бошқа динларда бўлгани каби «Ислом» мусулмонлар томонидан қўйилган бир исм эмас.

Жаноби Ҳақ тарафидан билдирилган Ислом дини инсонларни ҳам дунёда, ҳам охиратда саломатга, саодатга эриштиргувчи бир қонундир. Мусулмон − Аллоҳнинг амрларига, наҳийларига бўйин эгган бир қул; Аллоҳнинг бошқа қуллари ила ҳузур ва тартиб-интизом ичида яшаётган бир инсон демакдир.

Мусулмонлик мусоламат динидир. Мусоламат − тинчликда яшаш демакдир. Мусулмонликда ҳоким фикр мусоламатдир. Бутун инсонлар ўртасида тинчликнинг ҳоким бўлишига ҳаракат қилиш, инсонларнинг тўғри йўлдан айрилмаслиги учун Аллоҳнинг қонунларига итоатни таъминлашдир.

«Дин» деганда хотирга илк келадиган нарса Ислом динидир. Чунки мусулмонлик инсоният динидир. Аллоҳнинг барча қуллари учун маъқул кўргани ягона дин Ислом динидир. Аллоҳнинг борлиги ва бирлиги ишончидир. Ислом дини илк Пайғамбардан охирги Пайғамбарга қадар Аллоҳнинг динидир. Тавҳиди илоҳий дейилувчи Ягона Тангри ақидасидир. Қуръони каримга кўра, тавҳид эътиқоди ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом жаноблари билан бошланган эмас. Ҳазрат Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо алайҳимуссалом каби барча пайғамбарлар ўргатган динлар ҳам Тавҳид эътиқоди, яъни Ислом дини эди. Илоҳий элчилар билдирган динларнинг асоси Аллоҳнинг бирлиги ишончига таянар эди. Аллоҳнинг сўнг Пайғамбари ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ишончни ёйдилар, лекин бир умматга эмас, бутун миллатларга, бутун инсонларга оид эканини баён этдилар.

Бироқ олдинги пайғамбарларнинг таблиғ этгани Ягона Тангри ишончининг тамаллари кейинчалик турли сабаблар туфайли ўзгаришларга учради. Расули акрам ўзгарган бу асосларни илоҳий ваҳийга суянган ҳолда аслий қийматларига қайтардилар. Бу асосларга илмий қийматлар билан ҳақиқий баҳо бердилар.

Ислом дини ҳам фикрга, ҳам ҳаётга, ҳам виждонга кўп нарсалар беради. Инсониятнинг бутун мушкулларини кеткизадиган тамойилларни ўртага қўяди. Асосда барча илоҳий динлар бир бўлганини хабар беради.

3.Ислом динининг тамаллари: эътиқод, амал, ахлоқ. Ислом дини инсоннинг ақлини, амалини, қалбини ислоҳ этади. Инсонларга ўргатган тўғри ишонч ила ақлни созлайди. Ақлнинг ҳаддан ошишини ҳам, орқада қолишини ҳам истамайди. Аллоҳга қуллик қилишни, Аллоҳ яратган инсонларга нисбатан тўғри-дуруст муносабатда бўлишни буюриб, амални (ишни) тартибга солади. Ёмонликдан узоқлаштириб, яхшиликка ўргатиб, қалбни тузатади. Яхши феъл-ҳўйларни қувватлантиради. Ёмон феъл-ҳўйларни кетказишга интилади. Шу сабабдан мусулмонлик уч тамалга суянади:

1. Ишониш лозим бўлган тамаллар (эътиқод);

2. Қилиш ёки қилмаслик керак бўлган ҳукмлар (амал);

3. Ахлоқ.

1. Мусулмонликда ишонилиши керак бўлган асослар. Ишонилиши лозим бўлган тамаллар олтитадир: Аллоҳнинг борлигига ва ягона эканлигига (энг юксак сифатлари билан) ишонмоқ; Аллоҳнинг фаришталарига; юборган китобларига (илоҳий ваҳийга); пайғамбарларига (элчиларига) ишонмоқ; охиратга (Адолат кунига) ишонмоқ; бутун яхши-ёмонлик Аллоҳнинг тақдири ила бўлишига ишонмоқ.

Ишонилиши керак бўлган тамаллар «Аманту биллаҳи...» билан хулосалангандир. Ислом динининг эътиқод мавзуида икки муҳим даъват бор: бири − Аллоҳнинг бирлиги (ваҳдонияти илоҳия); иккинчиси − ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари (рисолати Муҳаммадия).

Қуръони каримда эътиқодга оид ҳукмлар тўлиқ берилган. Буларда қатъийят (мутлақлик) бордир. Ишонилиши керак бўлган тамаллар асло ўзгармайди. Бутун пайғамбарлар бу асосларда бирлашадилар. Илк Пайғамбар ҳазрат Одам ўргатган эътиқод қандай бўлса, у кишидан кейин келган жами пайғамбарларнинг эътиқодлари ҳам ўшадир, айнидир. Ишончда пайғамбарлар иттифоқдирлар. Бу борада етказган хабарлари бир хилдир.

2. Мусулмонликда қилиниши ёки қилинмаслиги керак бўлган ҳукмлар (шаръий амаллар). Булар икки асосий қисмга бўлинади: Аллоҳга қилинадиган ибодатлар; қуллар орасидаги муомалалар.

Ибодатлар беш модда ҳолида жам бўлади: ҳар замон шаҳодат калимасини такрорламоқ («Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳу» − «Аллоҳдан ўзга Тангри йўқлигига гувоҳлик бераман ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг қули ва элчисидир»); беш вақтда намоз ўқишлик; рамазон ойида рўза тутиш; йилда бир марта закот бериш; умрида бир бор ҳаж қилиш.

Ибодат қулларнинг Аллоҳга шукронасидир. Инсон дунёда ва охиратда бутун неъматларга ноил бўлиши учун Аллоҳга ёлворади. Яратгувчи Аллоҳга ибодат қилиб, Унга етишмоқ истайди. Инсоннинг ахлоқ жиҳатдан илгарилашида, руҳан юксалишида ибодатнинг ёрдами беқиёсдир. Ибодат соясида инсоннинг қалби барча ёмонликлардан тоза бўлади. Пировардида Аллоҳ ва Аллоҳнинг қуллари олдида вазифаларини бажарувчи бир инсон бўлади.

Бироқ ибодатни жонсиз, ҳаяжонсиз баъзи ҳаракатларнинг ҳолига туширмаслик керак7. Мусулмонлик қалб эшитмайдиган, хушуъ-хузуъсиз ибодатга буюрмайди8.

Ибодатлар динга оиддир. Муомалалар эса (Ислом ҳуқуқи) дунё учундир. Ибодатнинг руҳи ихлосдир. Покиза қалб ила адо этилмоғи керакдир. Муомалаларнинг тамали адолатдир. Ҳақдан айрилмасликдир.

Муомалаларнинг ибодатлар ила оёқда тура билиши учун жазо ҳукмлари (уқубат) машруъ қилингандир. Ислом шариатида уч хил уқубат (жазо) бордир: қисос (қул ҳақи), ҳад (Аллоҳ ҳақи), таъзийр (шаръий ҳаднинг пасти).

Жаноби Ҳақ шаръий амалларни Қуръони каримда қисқача билдирган, тафсилотини Расули акрамга қолдирган. Ҳар бир мусулмон қуллик ишларида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг амрларига ва ҳукмларига итоат этишга мажбурдир.

Ибодатлар ортмайди ҳам, камаймайди ҳам. Вақт ўтиши билан урф-одатга қараб ўзгармайди, ўзгартирилмайди. Чунки ибодат ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққидир9, инсонларнинг эса қуллик вазифаларидир. Аммо бу вазифаларни адо этишлари учун ҳар инсон (эркак ва аёл) ақлли ва балоғат ёшига етган бўлиши керак.

Ибодатларни Жаноби Ҳақ мукаммаллаштиргандир. Бироқ муомалалар бундай эмас. Вақти-вақти билан маконга, урф-одатга қараб муомалаларда ўзгаришлар кўриш мумкин10. Ҳамма пайғамбарлар эътиқодга оид асосларда бир (ҳамфикр) бўлганлари ҳолда шаръий амалларда муттафиқ эмасдирлар.

Амрлар ва тақиқлар билан масъул бўлган инсоннинг амали (иши) ё фарз, ё суннат, ё мустаҳаб, ё мубоҳдир. Яна инсоннинг амали ё ҳаром, ё макруҳ бўлади. Яна бу амал ё саҳиҳ, ё фосид бўлади11.

3. Мусулмонликда ахлоқ вазифалари. Ислом динида ахлоқ вазифалари виждонга ва қалбга оид ҳукмлардир. Мусулмонлик, энг аввало, ахлоқ дини, вазифа динидир. Аслида мусулмонлик − ахлоқ, мусулмон эса − комил инсон демакдир. Мусулмонликда ахлоқнинг илк тамали − Аллоҳнинг иродасига бўйин эгмоқ, амрларига итоат этмоқ; иккинчи тамали эса  Аллоҳнинг барча яратганлари (махлуқотлари) билан яхши муносабатда бўлмоқ, ҳеч кимсага ёмонлик қилмаслик, ҳаммага яхшилик истамоқликдир. Аллоҳнинг амрларига Аллоҳнинг амрлари бўлгани учун таъзим қилиш лозим. Аллоҳнинг қулларига эса Аллоҳнинг қуллари бўлганлари учун шафқат ва марҳамат кўрсатиш, ўрни билан ёрдам бериш керакдир12.

Ислом динининг асос тамали иймондир. Инсонларни саодатга етиштиражак йўл − Аллоҳнинг бирлигига, ибодатнинг ёлғиз Аллоҳ учун қилинишига ишониш. Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг охирги элчиси эканларини қабул ва тасдиқ этишдир. Мусулмонликда ахлоқ вазифалари диннинг асосий тамали бўлган иймон илдизлари билан шунчалар қўшилган ва қоришиб кетганки, буларни бир-биридан айириб бўлмайди. Ахлоқ ибодат билан ҳам жуда яқин муносабатдадир. Ислом динида ахлоқ динга таянади. Дин йиқилиши билан ахлоқ ҳам оёқда туролмайдиган бўлади, йиқилади. Динсиз ахлоқ бўлолмагани каби илмсиз дин ҳам инсонни янглиш йўлларга олиб боради. Ҳолбуки, инсон ҳам ўзини яратган Аллоҳ олдида ва ҳам Аллоҳнинг махлуқотлари олдида мутлақ бир вазифа билан вазифалантирилгандир. Ислом динида бу вазифа Яратганга таслим бўлиш ила бошланади. Сўнгра даражама-даража − инсоннинг ўз шахси, оиласи, ватани, миллати ва энг охири бутун инсонлар олдидаги вазифаларига қадар кенгайиб-кенгайиб боради.

Ахлоқ вазифалари Аллоҳнинг ҳаққи бўлган ибодат вазифаларидан ҳеч паст тутилмайди. Мусулмонликда намоз ва рўза бир диний вазифа (қатъий амр) бўлса, соғлиқни асраш, инсонлар билан очиқ юз, тотли сўз ила муомалада бўлиш ҳам бир диний вазифадир. Қимор қандайин ҳаром (қатъий тақиқ) бўлса, бўҳтон (ифтиро) ҳам шундайин ҳаромдир.

Ислом дини ақлга аҳамият берган бир диндир. Инсон хоҳ ўз борлиғида ва хоҳ кўкларда ва ерда бўлсин, Аллоҳнинг бутун қудрат асарларини англай билиш учун фақат соғлом бир ақлга эга бўлмоғи лозим.

Мусулмонлик ақлга юксак бир мавқе бергани каби илмнинг ҳам қийматини юксалтирган, (аёл ва эркак) ҳар кимга илм олишни фарз (мажбурий) қилган, ҳақиқат қаерда бўлса, олинишини билдирган. Инсонларни илмнинг ҳар шўъбасига (соҳасига) ташвиқ этган жуда кўп оят ва ҳадислар бордир. Бу сабабдан мусулмонликда мусбат илмларга, фанларга тескари ҳеч бир ҳукм йўқдир ва бўлмайди ҳам.

Ҳар бир мусулмон фақат Аллоҳ ҳузурида мутлақ қул, аммо инсонлар орасида мутлақ ҳурдир.

Мусулмонликда дин олимининг вазифаси фақат ҳақиқатни билдириш, тўғри йўлни кўрсатиш, Пайғамбарнинг изидан боришдир. Йўқса, (попларга ўхшаб) Аллоҳ билан қул орасига кириш (!), восита бўлиш эмасдир.

Қулайлик Ислом динининг асосидир. Мусулмонлик диний амрларда иҳмолчиликни (бепарволикни) қандай кескин ман этган бўлса, динда ҳаддан ошишни, таассуб кўрсатишни ҳам шу даражада ёмон ҳисоблайди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун ҳаракатларимизда ифротни (ҳаддан ошишликни) ҳам, тафритни (орқада қолишни) ҳам ёмон феъллар сирасида кўрсатганлар, ҳар нарсада, ҳар ишда иътидолни (ўртада бўлишликни) тавсия этганлар13.

Изоҳлар

1. «Зулматдан нурга», 51-бет.

2. Навзот Аязбек ўғли. «Мактабларда дин таълими», «Билги» мажмуаси.

3. «Албатта, Аллоҳ ҳузурида ҳақ дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон сураси, 19-оят).

4. Меҳмед Хотиб ўғли. «Ислом дини», 22-бет.

5.«Сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида сураси, 3-оят).

6.«Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади» (Ҳаж сураси, 78-оят).

7.«Мусулмонлик недир?», 41-бет.

8. Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намоз»хонларга ҳалокат бўлгайки..» (Маъун сураси, 4-5-оятлар).

11. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Янги илми Калом», 1-жилд, 24-25-бетлар.

12. «Яратганга қуллик, яратилганларга инсонийлик» (ҳадиси шариф).

13. «Ишларнинг хайрлиси (фазилатлиси) ўртачасидир» (ҳадиси шариф).




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ