Ҳузайфанинг Абдулмутталиб учун айтган марсияси

1 ўн йил аввал 1746 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Адий ибн Каъб ибн Луай уруғидан Ҳузайфа ибн Ғоним Абдулмутталиб ибн Ҳишом ибн Абдуманоф учун йиғлаб шундай деди: Кўзларим, менга шарафли раҳбар(нинг ўлими) учун (кўз ёшларим)ни ёмғир томчиларидек (кетма-кет) тўкиб (йиғлашим) учун толиқмасдан ёрдам беринг. Ва яна фалакнинг золи (яъни замон мусибати – ўлим) тарк этмаган (зотнинг) ўлимига (йиғисига) тезлик билан қуйилиб ёрдам беринг, ёш тўкинг. Сизлар ёшингизни Қурайш орасида ҳаё ва фазилат соҳиби бўлган (зот)га тўлиб-тошиб кетма-кет тўкинг. Ҳа, ҳа, сизлар, жасур ва ҳамиятли, очиқ юз ва салобатли ва енгилмас зотга (йиғланг). Қавми орасида иззат ва шарафли, саховат ва ҳиммат эгаси, танглик ва қахат кунлари Луай қабиласига (жонкуяр) ҳамроҳ бўлган зотга (йиғланг). Маъаад, Ноил қабиласининг яхшиси, қилмиши эзгулик, хушхулқ ва олий насаб соҳибига (йиғланг). У уларнинг насл-насаби тоза, ахлоқи гўзал, мақтов ва олқишларга энг муносиб кишиси, Қурғоқчилик йиллари кишилар (очликдан) мадори қуриган кезларда уларга саховат қилувчи, шараф ва фаҳму фиросат соҳиби, Ва қоронғу кечалар (яъни қийинчилик кунлар)да ҳам юзи тўлин ойдек нур сочувчи ( яъни саховат кўрсатувчи) «Шайбат ал-ҳамд»га (йиғланг). Ҳожиларга сув улашувчи, яхшиликлар қилувчи бу зот Фиҳр уруғидан бўлмиш Абдуманофнинг ўғлидир. У Каъба ичидаги замзам қудуғи атрофини (девор билан) ўраб (обод қилди), натижада унинг сувини улашиш барча обрўли кишилар учун ҳам шарафга айланди. Унинг ўлимига барча қуллар ва Қусай жамоасининг ҳар бир бою камбағали қайғуриб йиғласин. Фарзандларининг каттаю кичиги бирдек олийжаноб кишилардирки, уларнинг муруввати олдида лочин тухуми ҳам ёрилади. У Кинона қабиласини ҳимоя қилган ва Байтуллоҳни яхши-ёмон кунларда муҳофаза қилган Қусай жамоасидандир. Гарчи ўлим уни ҳалок этган бўлса-да, (ёки гарчи у ўлим ту- файли орамиздан кетган бўлса-да) аммо у умрини хайр-баракали ўтказди. Унинг номи фақат кучигагина ишонган, жасур ва радиний қиличдек кескирлик ила машҳур бўлган кишилар қаторида қолди (ёки ўзидан кейин шундай кишиларни қолдирди). У менга кўплаб яхшиликлар қилган нурли кимсаларнинг ҳам нурли ва гўзали бўлмиш Абу Утбадир. Ва (яна бири) тўлин ойдек ҳаммага яхшилик улашувчи, хиёнатдан йироқ, софдил Ҳамзадир. Ва (яна бири) юмшоқ кўнгилли, раҳмдил, қариндошлар ҳолини сўровчи, ғамхўр ва шараф соҳиби Абдуманофдир. Уларнинг йигитлари замон йигитларининг энг яхшиси бўлиб, насаблари ҳам ҳаргиз мағлуб ва енгилмайдиган ғолиблар наслидек улуғдир. Қачон улардан бирига йўлиқсанг, уларни ғайрат ва ҳамиятли ҳолда топасан. Улар(нинг сулоласи) қадим замонлардан бери Макка ва унинг атрофини иззат ва шарафга тўлдирган. Уларнинг орасида буюк ва машҳур ўғлонлар борки, уларнинг бобоси синиқ кўнгилларни овлаган Абдуманофдир. У ўз қизини Авфга никоҳлаб бериш билан бизни душманларимиздан хотиржам қилдики, шу туфайли Бани Фиҳр жамоаси бизга ёмонлик қилмади. Ҳатто бизлар Тиҳома ва Нажд ерларидан унинг ҳимояси боис, ўтиб бемалол карвонимиз денгизга етди. Уларнинг олдиларида ўзгалар юрган бўлса-да, уларнинг кексаларидан ўзгаси (яъни қаршилик кўрсатувчи аскарлардан) бирортаси йўқ эди. Улар кўркам шаҳарларни бино қилиб, унда дарё сувларини қуювчи қудуқ ва булоқларни барпо қилдилар. Улардан ҳаж кунлари ҳажга келган ҳожилар ва бошқалар ичсинлар учун (шундай қилдилар).




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ