Каъбани қайта қуришдаги иштироклари

7 йил аввал 1650 siyrat.uz

   Каъба - Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун, У Зотни ягона билиш учун Аллоҳ номи билан бино қилинган биринчи Уйдир. Бу Уйни пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри − ваҳийси билан қурган. «Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен Эшитгувчи, Билгувчисан!» Йиллар давомида Каъба турли офат ва тажовузларга рўбарў бўлди. Натижада унинг биноси нураб, деворлари вайрона ҳолатга тушди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам инсониятга элчи қилиб юборилишларидан бироз олдинроқ Маккада ёққан қаттиқ сел ана шундай офатлардан биридир. Бу табиий офат унинг деворларига янада қаттиқроқ шикаст етказгани учун қурайшликлар муқаддас Каъбани қайта қуриш − таъмирлаш зарур деган тўхтамга келишди. Каъбани эъзозлаш, уни муқаддас билиш арабларга Иброҳим алайҳиссаломдан мерос бўлиб қолган эди, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом (пайғамбарликдан аввал) Каъбани қайта қуришда Ўзлари елкаларида тош ташиб фаол иштирок этдилар. Ўшанда у Зот (саҳиҳ ривоятга кўра) ўттиз беш ёшда эдилар. Каъбани қайта қуришда ҳажарул асвадни ўз ўрнига қўйиш шарафига лойиқ инсонни топиш борасида қабилалар ўртасида ихтилофга сабаб бўлган муаммони ҳал қилишда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг таъсирлари катта бўлди. У кишини суйганликлари ва Амин − ишончли, ҳақгўй инсон деб билганликлари сабаб мазкур муаммони ҳал қилишда  таклиф қилган тадбирларига барчалари кўнишди.

   Ибратли нукталар

   Бу бўлимдаги мулоҳазамизда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам сийратларидан тўрт нарсани келтирамиз: Биринчиси: Каъбанинг муқаддас ва муаззамлиги. Инсонлар учун тинч-омон жой ва Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган биринчи уй бўлиб қолиши учун Иброҳим Халилуллоҳга Каъбани қуришни Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрганлиги фикримизнинг далилидир. Лекин у Аллоҳ таолонинг ҳам, бандаларнинг ҳам наздида қанчалар муқаддас бўлмасин,  ўз атрофида тавоф қилувчиларга ҳамда намоз ўқувчиларга на фойда ва на зиён етказа олмайдиган бир қора тошдир, холос. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни бут-санамларни синдириш учун ва ундай нарсаларга ибодат қилишни йўқ қилиш учун юборган пайтда, Ер юзида У Зотнинг ягоналигини ва Ўзигагина ибодат қилиниши лозимлигини ҳамда асрлар давомида энг тўғри дин Ислом эканлигини, мушриклик, бутпарастлик ботил эканини бутун оламга ифодалаб туриши учун бир Уй бино қилинишини ирода қилди. Иккинчиси: Каъба неча бор қайта қурилганининг баёни. Каъбанинг тўрт марта қайта қурилгани билиттифоқдир. Ундан ортиғи эса билихтилофдир. Биринчи бор бино қилиниши Иброҳим алайиссалом ўғли Исмоил алайҳиссалом билан бирга қуришларидир. Маълумки, бу бино қилиш Қуръони карим ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифлар хабар беришича, Аллоҳ таоло амрининг ижроси ўлароқ амалга ошгандир. Қуръони каримда шундай дейилган: «Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен Эшитгувчи, Билгувчисан!» Бу тўғрида келган ҳадиси шарифлар жуда кўп бўлиб, улардан бири Бухорий ибни Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдир. Унда жумладан шундай дейилган: «...Сўнг Иброҳим айтди: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир ишни буюрди». У: « Роббингиз буюрган ишни бажаринг», деди. — Менга ёрдам берасанми? — Ёрдам бераман. — Аллоҳим менга мана шу ерда бир Уй бино қилишимни буюрди, деб (қаршиларидаги) тепаликка ишора килди. Шундай қилиб,      Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтаришга киришдилар. Исмоил тош олиб келар, Иброҳим алайҳимассалом эса жойлаштирар − қурарди...» Заракший Макка тарихи ҳақида Азрақийнинг ёзганларидан нақл қилишича, Иброҳим алайҳиссалом Каъбанинг бўйини етти зироъ (1 зироъ - 0,75 метрга тенг) узунлигини ўттиз зироъ ва энини эса йигирма икки зироъ қилганлар. Ўшанда Каъбанинг шифти йўқ бўлган. Суҳайлийнинг ривоятида бўйи тўққиз зироъ бўлганлиги айтилган. Иккинчи бор бино қилиниши Ислом келишидан олдин қурайшликлар томонидан амалга оширилган. Бунда юқорида айтганимиздек, Расулуллоҳ алайҳиссалом  ҳам  иштирок этганлар.  Улар Каъбанинг бўйини ўн саккиз зироъ қилиб, узунлигидан эса олти зироъдан ортикроқ микдорда камайтиришган. Бу ҳакда Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Эй Оиша, қавминг жоҳилиятдан янги чиққан бўлмаганларида, Байтуллоҳни бузишларини буюрган бўлар эдим, кейин ундан чиқариб юборган қисмларини ҳам қўшиб, қайта қурган ва Шарқ томондан ҳам бир эшик, Ғарб томондан ҳам бир эшик қилиб, уларни Иброҳим алайҳиссаломнинг пойдеворигача пастлатиб қурган бўлардим». Учинчи бор бино қилиниши: Подшоҳ Язид ибн Муовия даврида унинг лашкари томонидан қаттиқ шикастланган эди. Яъни Язиднинг амри билан ҳижрий 36 йил охирида Ҳусайн ибн Нумайр қўмондонлигидаги лашкар Абдуллоҳ ибн Зубайрни Маккада қамал қилишиб, Байтуллоҳга манжаниқ (тош отадиган уруш қуроли) билан ўт очадилар. Натижада Каъба вайрон бўлиб, ёнғинда қолади. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр одамлар ҳаж мавсумига келишларини кутади. Одамлар тўплангач, улардан машварат сўраб шундай дейди: «Я Айюҳаннос (эй инсонлар), менга маслаҳат беринг, Каъбани бутунлай бузиб бошқатдан қурайми ёки шикастланган жойларини ислоҳ қилайми?» Шунда Ибн Аббос: «Фикримча, вайрон бўлган жойларини тузатганингиз ва инсонларнинг Исломга киришига гувоҳ бўлган Байт тошларини ўз ўрнида қолдирганингиз маъқул», деганларида Ибн Зубайр айтдиларки: «Агар бирортангизнинг уйи ёнғинда қолса, то уни тўлиқ янгиламагунча кўнгли жойига тушмайди-ку! Роббингизнинг Байтига нисбатан нега ундай эмас, мен Парвардигоримга уч марта истихора қилиб, сўнг бир иш қиламан. Уч кундан сўнг Каъбани бузишга киришди. Аҳоли ҳам ёрдамга келиб, уни теп-текис ер ҳолига келтирдилар. Ибн Зубайр атрофга устунлар тиклаб, уларга пардалар осди. Сўнг Каъбани қуришни бошлади. Аввалги таъмирларда чиқариб юборилган олти зироъни ҳам қўшиб қурди. Биридан кириб иккинчисидан чиқиладиган иккита эшик қўйди. Бундай қўшимчалар киритишга у кишини журъатлантирган нарса Оиша онамиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган мазкур ҳадисдир. Тўртинчи бор бино қилиниши Абдуллоҳ ибн Зубайр ўлдирилгандан кейин амалга оширилган. Имом Муслимнинг ривоятига кўра, Ибн Зубайр ўлдирилгач, Ҳажжож бу хабарни Абдулмалик ибн Марвонга етказар экан, Ибн Зубайр томонидан Байтуллоҳ биносига ўзгартиришлар киритилганини ҳам билдириб ўтади. Шунда Абдулмалик жавоб мактубини йўллаб бундай деган: «Биз Ибн Зубайрнинг аҳмоқона ишларидан безормиз. Байтуллоҳни аввалги ҳолига келтиргин − у қўшган 6 зироъни чиқариб ташла, янги очган иккинчи эшикни олиб, ўрнини беркитиб ташлагин»,  деди. Ҳажжож буйруқни бажарди. Ривоятларга кўра, кейинроқ Ҳорун ар-Рашид Каъбани бузиб, Ибн Зубайр қургандек қилиб қайта бино қилишга азм қилганида Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ: «Худо ҳаққи, эй Амирулмўминин, бу ишингиз билан Байтуллоҳни ўзингиздан кейинги подшоҳларга ўйинчоқ қилиб берманг, яъни ҳар бир подшоҳ ўзи хоҳлагандек қилиб ўзгартираверса, одамлар қалбидан Байтуллоҳнинг ҳайбати кетиб қолади», деб бу тўғридаги фикридан қайтарган экан. Шундай қилиб, Каъба тўрт бор ислоҳ қилинганлиги ихтилофсиз, аниқдир. Аммо бешинчиси, яъни Иброҳим алайҳис-саломдан аввал Каъба бино қилинган ёки қилинмагани тўгрисида олимлар ихтилоф қилганлар. Баъзи заиф ривоятларда Каъбани биринчи бўлиб Одам алайҳиссалом қурган, дейилган. Яна бошқа ривоятда Шийс алайҳиссалом курганлиги айтилади. Мана шу ривоятларни ҳам эътиборга оладиган бўлсак, Каъба беш бор қурилганлиги аниқ бўлади. Шулардан тўрттаси далил-асосли бўлса, биттаси ихтилофлидир. Учинчиси: Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом ишларни донолик билан тадбир қилишлари, масалаларга донишмандлик билан ечим топишлари, агар ўрталарида жанжал кўтариладиган бўлса, қон тўкилмасдан тугамаслиги аниқ бўлган қавм ўртасидаги хусуматнинг олдини жуда чиройли тўхтамлар билан олишлари ҳақидадир. Бир куни бану Абдудор қабиласи бир косада тўла қон олиб келиб бану Адий қабиласи билан ўлимга аҳдлашдилар ва қўлларини ўша қонга ботирдилар. Қурайш бу икки қабиланинг орасини ислоҳ қилиш учун тўрт-беш кун уринди. Ва ниҳоят, бу фитна ўти Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари билан ўчирилди. Биз Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломдаги бундай хусусият-фазилатларни ўзларининг хилқат ва табиатларидаги фаросат, заковатга йўйишдан олдин Аллоҳ таоло у Зотга берган пайғамбарлик - элчилик юкини кўтариш қувватига ҳавола қилишимиз лозим. Тўртинчиси: Қурайшнинг турли даража ва табақадаги одамлари орасида Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг мавқелари қанчалар баланд бўлганлиги тўғрисидадир. Улар у Зотга «Ал-амин» − ишончли, ҳақгўй деб лақаб қўйишган эди. Барчанинг муҳаббатини қозонган эдилар. Сўзласалар ростлигига, муомалаларининг самимийлигига, холис инсонликларига ҳеч шубҳа йўқ эди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ