Умарнинг мусулмон бўлиши ҳақидаги бошқа ҳикоя

6 йил аввал 1156 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Умарнинг мусулмон бўлиши хусусида менга етиб кел­ганига кўра, унинг синглиси Фотима бинт ал-Хаттоб Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайлнинг аёли эди. Фотима ва унинг эри Саид ибн Зайд Исломни қабул қилган эдилар. Бироқ мусулмон бўлганларини Умардан яширишарди. Унинг қавмидан, Бани Адий ибн Каъб уруғидан бўлган Нуъайм ибн Абдуллоҳ ан-Наҳҳом исмли бир киши ҳам Исломни қабул қилган, бироқ қавмидан қўрқиб мусулмонлиги­ни сир тутарди. Хаббоб ибн ал-Аратт Фотима бинт ал-Хаттобнинг уйига Қуръон ўқишни ўргатиш учун келиб турарди. Умар бир куни қиличини белига тақиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бир гуруҳ саҳобаларини кўзлаб кўчага чиқди. Унга мусулмонлар Сафодаги бир уйда йиғилиб ўтиришгани ҳақида хабар етганди. Мусулмонлар эркагу аёлларини қўшганда қирққа яқин киши эдилар. Улар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Абу Бакр ибн Абу Қуҳофа ас-Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб ва Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам би­лан бирга қолган, Ҳабашистонга чиқиб кетмаган бир гуруҳ мусул­мон кишилар розияллоҳу анҳум  бор эди. Нуъайм ибн Абдуллоҳ Умарни учратиб қолиб: «Йўл бўлсин, Умар», – деди. Умар: «Муҳаммаднинг олдига кетяпман. Қурайшликларнинг бирлигини бузган, уларнинг ақлини паст санаган, динини айблаган ва илоҳларини сўккан бу собиъни151 ўлдирмоқчиман», – деди. Нуъайм: «Аллоҳга қасамки, нафсинг сени алдаб қўйибди, эй Умар! Наҳотки, Муҳаммадни ўлдирганингдан сўнг Бани Абдуманоф сенга ер юзида юришингга имкон беради, деб ўйлайсан. Сен бориб аввал қариндошларингни тузатмайсанми?!»– деди. Умар: «Қайси қариндошларимни?» – деди. У: «Куёвинг ва амакингнинг ўғли Саид ибн Зайд ибн Амр ва синглинг Фотима бинт ал-Хаттобни-да! Улар, Аллоҳга қасамки, мусулмон бўлиб, Муҳаммаднинг динига эргашишган. Сен уларнинг масаласини ҳал қил», – деди. Умар синглиси ва куёвининг уйига қараб жўнади. Уларнинг уйида Хаббоб ибн ал-Аратт ҳам бор эди. Унинг ёнида «Тоҳа» сураси ёзил­ган бир варақ бор эди. Хаббоб уларга шу сурани ўқитаётган эди. Улар Умарнинг шовқинини эшитганларида Хаббоб ичкари хонага ёки уй­нинг бир жойига яшириниб олди. Фотима бинт ал-Хаттоб варақни олиб, тагига яширди. Умар уйга яқинлашганида Хаббобнинг улар­га ниманидир ўқиб бераётганини эшитган эди. Уйга кирганда: «Мен эшитган бемаъни нарса нима?» – деб сўради. Улар: «Сен ҳеч нарсани эшитганинг йўқ», – дейишди. У: «Аллоҳга қасамки, менга айтишла­рича, сиз Муҳаммаднинг динига эргашибсиз», – деди-да, куёви Саид ибн Зайдга ташланди. Шунда синглиси Фотима бинт ал-Хаттоб эрини ҳимоя қилиш учун турганда, Умар уни ҳам уриб, жароҳатлади. У шун­дай қилгач, синглиси ва эри: «Ҳа, мусулмон бўлдик, Аллоҳ ва унинг Расулига иймон келтирдик. Нима қилсанг, қил!» – дейишди. Умар синглисининг қонга беланганини кўриб, қилган ишидан афсусланиб, ўзини тийди. Синглисига: «Ҳозиргина ўқиётган ўша варақни менга беринглар, Муҳаммад нимани келтирганини бир кўрай», – деди. Умар ёзишни билар эди. Шундай дегач, синглиси: «Сен уни йиртиб юбори­шингдан қўрқамиз», – деди. Умар: «Қўрқма», – деди ва ўқиб бўлиб, қайтаришга илоҳларининг номи билан қасам ичди. Умар бу сўзларни айтганида, синглиси унинг Исломга киришига умид қилиб: «Ака, сиз мушрик ҳолингизда нопоксиз. Бу Қуръонни фақат пок киши ушлай олади», – деди. Умар туриб ғусл қилди ва синглиси унга варақни бер­ди. Унда «Тоҳа» сураси ёзилганди. Умар суранинг бош қисмини ўқиб: «Бу нақадар гўзал сўз, нақадар оромбахш!» – деди. буни Хаббоб ибн ал-Аратт эшитиб, унинг олдига чиқди ва: «Аллоҳга қасамки, сени Аллоҳ ўз Пайғамбарининг дуоси билан мушарраф қилган бўлишини умид қиламан. Чунки мен кеча Пайғамбаримизнинг: «Эй аллоҳ, Ис­ломни Абул-Ҳакам ибн Ҳишом ёки Умар ибн ал-Хаттоб билан азиз қилгин», – деб дуо қилаётганларини эшитдим. Сенга Аллоҳни эсла­таман, эй Умар! Аллоҳни!» – деди. Шунда Умар: «Эй Хаббоб, менга Муҳаммад қаердалигини кўрсат. Мен бориб Исломга кирай», – деди. У: «Сафодаги бир уйда, бир неча саҳобалари ёнидалар», – деди. Умар қиличини олиб, белига тақди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари томон жўнади. Келиб эшикни тақиллатди. Мусулмонлар Умарнинг овозини эшитганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири туриб эшик тирқишидан қаради. Умарнинг қилич таққанини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига хавотирланиб келди-да: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу Умар ибн ал-Хаттоб экан, қилич тақиб келиб­ди», – деди. Ҳамза ибн Абдулмутталиб: «Унга рухсат беринг,агар яхшилик билан келган бўлса, яхшилик қиламиз; агар ёмонлик билан келган бўлса, ўз қиличи билан ўлдирамиз», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Изн бер!» – дедилар. Ҳалиги киши Умарга киришга изн бер­ди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, хонада кутиб олдилар. Умарнинг белбоғидан тутиб қаттиқ тортдилар ва: «Эй Хаттобнинг ўғли, нима учун келдинг? Қасамки, Аллоҳ сенга бир бало туширма­гунча тўхтамайдиганга ўхшайсан!» – дедилар. Умар: «Эй Аллоҳнинг Элчиси, мен Аллоҳга, Расулига ва у Аллоҳ ҳузуридан келтирган нар­саларга иймон келтириш учун келдим», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай такбир айтдиларки, бундан у Зотнинг хонадаги саҳобалари Умарнинг мусулмон бўлганини билдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жойларидан тарқалдилар. Ҳамзадан сўнг Умар ҳам мусулмон бўлганида, уларнинг руҳлари кўтарилган, бу икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишлари ва улар ёрдамида мусулмон­лар адолат талаб қила олишларини билишган эди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ