Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳудайрнинг мусулмон бўлиши

6 йил аввал 1461 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Убайдуллоҳ ибн ал-Муғира ибн Муъайқиб ва Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазмлар менга шундай ривоят қилишди: Асъад ибн Зурора Мусъаб ибн Умайр билан бирга Бани Абдулашҳал ва Бани Зафар хонадонларини кўзлаб йўлга чиқди. Саъд ибн Муоз ибн ан-Нўъмон ибн Имрул-Қайс ибн Зайд ибн Абдулашҳал, Асъад ибн Зуроранинг холаваччаси эди. Мусъаб уни Бани Зафар ҳовлиларидан бирига олиб кирди.

Ибн Ҳишом: Зафарнинг исми Каъб ибн ал-Ҳорис ибн ал-Хазраж ибн Амр ибн Молик ибн ал-Авсдир. (Юқоридаги мазкур икки ро­вий) деди: «Уни ўша ердаги Марақ қудуғи деган жойга олиб бориб, ҳовлида бирга ўтирдилар. Иймон келтирганлардан бир гуруҳи ҳам ёнларига келишди. Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳудайр ўша пайтда Бани Абдулашҳалнинг улуғларидан эди. Ҳар иккиси ҳам қавмининг динида, мушрик эдилар. Икковининг келганидан хабар топган Саъд ибн Муоз, Усайд ибн Ҳудайрга: «Қани, азизим, заифларимизни йўлдан оздириш учун келган бу икки одамнинг олдига бор-чи! Яхши­лаб адабини бериб, уйларимизга яқин келтирма. Снга маълум: агар Асъад ибн Зурора менга қондош бўлмаганида бу ишни ўзим қойил қилардим. Зеро у менинг холаваччамдир, шу боисдан буни қила ол­майман», – деди. Шунда Усайд ибн Ҳудайр найзасини олиб, иккови­нинг олдига кела бошлади. Буни кўрган Асъад ибн Зурора Мусаъб ибн Умайрга: «Сенга қараб келаётган бу кимса қавмининг улуғидир. Унга Аллоҳ ҳақида рўй-рост гапириб бер», – деди. Мусъаб ҳам: «Агар ўтирса, гапираман», – деди. Усайд уларнинг олдига ҳақоратлаган ҳолда келиб: «Заифларимизни бизга қарши ғижгижлаш учун кел­дингизми? Жонингиз ўзингизга керак бўлса, биздан узоқ туринг», – деди. Шунда Мусъаб унга: «Ўтириб бизга қулоқ тутсанг-чи? Агар эшитганларинг ёқса, қабул қиласан, агар хуш кўрмасанг, ёқмаганини рад этасан», – деди. У: «Тўғри айтасан», – деди-да, найзасини ерга санчиб, уларнинг ёнига ўтирди. Мусъаб эса унга Ислом ҳақида га­пириб, Қуръон тиловат қилиб берди. Асъад ибн Зурора ва Мусъаб ибн Умайр: «Аллоҳга қасамки, у ҳали тилга кирмасдан туриб, юзида осонгина сезиладиган ва нур соча бошлаган Исломни кўрдик», – дей­дилар. Сўнгра Усайд: «Бу нақадар чиройли ва хуш сўзлар экан. Бу динга киришни хоҳлаганингизда, нима қиласиз?» – деб сўради. Улар эса: «Ғусл қиласан, покланасан ва кийимларингни тозалайсан, кейин эса шаҳодат калимасини айтиб, намоз ўқийсан», – дейишди. Шунда у туриб ғусл қилди, кийимларини тозалаб, шаҳодат калимасини айтди. Сўнгра икки ракат намоз ўқиб бўлгач, уларга: «Ортимда қолган бир одам бор. У сизга эргашса, қавмидан ҳеч ким ундан орқада қолмайди. У Саъд ибн Муоз бўлиб, ҳозир уни олдингизга юбораман», – деди. Усайд найзасини олиб Саъд ва қавми сари йўл олди. Улар бу пайт­да надваларида ўтиришган эди. Саъд ибн Муоз шу томонга келаёт­ган Усайдни кўргач: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Усайд сизнинг олдингиздан кетгандаги юз билан эмас, бошқа тусда қайтмоқда», – деди. Усайд надванинг олдига келиб тўхтаганда Саъд унга: «Нима қилдинг?» – деб сўради. У: «У иккиси билан гаплашдим, Аллоҳга қасамки, бироқ икковида ҳам ҳеч қандай ёмонлик кўрмадим, лекин келишларини таъқиқлаб қўйдим. Улар ҳам «Сен истагандек қиламиз», дейишди. Менга етиб келишича, Бани Ҳориса Асъад ибн Зурорани ўлдириш учун йўлга тушибди. Улар Асъад ибн Зурора сенинг хо­лаваччанг эканини билиб, буни сенга хиёнат ва исён бўлиши учун қилишмоқчи», – деди. Шунда Саъд ғазабга миниб, сапчиб ўрнидан турди. Унга айтилган Бани Ҳорисанинг ишидан хавотирга тушди. Усайднинг қўлидан найзани тортиб олиб: «Аллоҳга қасамки, сен фойдали иш қилмадинг», – деди Сўнгра ҳалиги иккиси сари йўлга тушди. Саъд уларни хотиржам ҳолда кўргач, Усайднинг ўзини уларга қулоқ тутиши учун шундай қилганини англаб етди. Уларнинг устига ҳақорат ёғдириб келди ва Асъад ибн Зурорага қарата: «Эй Абу Умо­ма! Огоҳ бўлким, Аллоҳга қасам ичиб айтаман, агар сен билан ора­мизда қариндошлик риштаси бўлмаганида, мендан бошқача муома­ла кўрардинг. Сен бизга хуш келмайдиган нарсани келиб уйимизда кўрсатасанми?» – деди. Буни эшитган Асъад ибн Зурора Мусъаб ибн Умайрга: «Эй Мусъаб, Аллоҳга қасамки, орқасида қабиласи  турган бир саййид келди. Агар у сенга эргашса, қабиласидаги ҳеч бири ортда қолмайди», – деди. Шунда Мусъаб унга: «Ўтириб бизга қулоқ тутсанг-чи? Агар айтилганларга рози бўлиб, сенга ёқса, қабул қиласан, агар ёқмаса, ёмон кўрганингни сенга раво кўрмаймиз», – деди. Саъд: «Тўғри айт­динг», – деди-да, найзани ерга санчиб, ёнларига ўтирди. Мусъаб унга Исломни баён этиб, Қуръон тиловат қилиб берди. (Мусъаб ва Асъ­ад ибн Зурора) дедилар: «Аллоҳга қасамки, у ҳали тилга кирмасдан туриб, юзида осонгина сезиладиган ва нур соча бошлаган Исломни кўрдик». Сўнгра Саъд улардан: «Сиз агар бу динга кириб мусулмон бўлишни хоҳласангиз, нима қиласиз?» – деб сўради. Улар: «Ғусл қиласан, покланасан ва кийимларингни тозалайсан, сўнгра шаҳодат калималарини айтиб, икки ракат намоз ўқийсан», – дейишди. Шун­да у туриб ғусл қилди. кийимларини поклаб, шаҳодат калимасини айтди, сўнгра икки ракат намоз ўқиди ва найзасини олиб, Усайд ибн Ҳудайр билан бирга қавмининг надваси сари йўл олди.

Ибн Исҳоқ: қавми унинг ўзларига қараб келаётганини кўриб: «Аллоҳга қасам ичиб айтамизки, Саъд олдимиздан кетгандаги юз билан эмас, бошқача тусда қайтмоқда», – дедилар. Уларнинг олдига келиб тўхтагач: «Эй Бани Абдулашҳал! Мени орангизда қандай деб биласиз?» – деди. Улар: «Сен бизнинг саййидимиз (силаи раҳмга энг кўп риоя қиладиган), яхшилик билан эсаланадиган ва ақл-фаросатда энг муборак кишимизсан», – дейишди. Шунда саъд: «Ундай бўлса Аллоҳга ва унинг элчисига иймон келтирмагунча эркак ва аёлларин­гиз билан гаплашиш мен учун ҳаромдир», – деди.

(икки ровий) деди: «Аллоҳга қасамки, Бани Абдулашҳалда би­рон аёл ҳам, биронта эркак ҳам мусулмон бўлмасдан қолмади. Асъ­ад ва Мусъаблар Асъад ибн Зуроранинг уйига қайтишди. Мусъаб у ерда одамларни даъват этишда давом этди. Ансорийларнинг уйлари­да эркак ва аёллардан мусулмон бўлмаган ҳеч ким қолмади. Улар­дан фақатгина Бани Умайя ибн Зайд, Хатма, Воил, Воқиф, Тилка Авсуллоҳлар мусулмон бўлмади. Уларнинг барчаси ал-Авс ибн Ҳорисадан эди. Ораларида Абу Қайс ибн ал-Аслат бўлиб, Сайфий қабиласидан эди. У қабиласининг шоири, одамлар қулоқ солиб, итоат этадиган раҳнамоси эди. Ана шу киши одамларнинг Исломни қабул қилишларига тўсқинлик қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилгунларигача вазият шу тарзда давом этди. Ниҳоят Бадр, Уҳуд ва Хандақ жанглари ҳам бўлиб ўтди. У Исломнинг фазилатлари ва ин­сонлар ихтилофга тушган масалалар ҳақида шу шеърни айтди:

Эй инсонлар Роббиси! Машаққатлар билан аралаш осонликлари бўлган бир нарсалар бер.

Эй инсонлар Роббиси! Агар биз йўлдан озган эсак, бизга яхши йўлга киришни осонлаштир.

Агар Роббимиз бўлмаганида, биз яҳудий бўлиб қолардик, яҳудийлар дини бугун бидъат-хурофотдан иборат.

Агар Роббимиз бўлмаганида, Жалил тоғида234 роҳиблар билан бирга насронийлигимизча қолардик.

Лекин биз яратилгандан бери ҳамиша тўғри йўлда бўлдик, фақат ҳаниф динида яратилдик.

Биз ансорлик ёки хузоъаликлар боғлиқ ва ювош юрадиган қурбонликларни ҳайдаб борамиз.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ