Суроқа ибн Молик

1 ўн йил аввал 2840 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: аз-Зуҳрий, Абдураҳмон ибн Молик ибн Жуъшумнинг отасидан, отаси эса амакиси Суроқа ибн Молик ибн Жуъшумдан мен­га шуларни ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб чиққанларида қурайшликлар уни топиб келганга юзта туя мукофот беришларини ваъда қилишди. (Суроқа ибн Молик) деди: «Мен қавмим (қурайшликлар) йиғиладиган жой (Надва)да улар билан ўтирган эдим. Биздан бир одам келди ва олдимизда тўхтаб: «Аллоҳга қасамки, бироз олдин уч киши уловлари устида менинг ёнимдан ўтиб кетди. Мен уларни Муҳаммад ва шериклари деб ўйладим», – деди. Унга кўзларим билан ишора қилиб: «Жим бўл, бас», – дедим. Кейин эса: «Аслида улар бани фулон, улар йўқотганларини излаб юришибди», – дедим. У ҳам: «Балки, шундайдир», деб жим бўлди. Шундан сўнг яна бироз ўтирдим. Кейин ўрнимдан туриб уйимга кир­дим,  отимни ҳозирлашларини буюрдим. Отим менга Батн ал-Водийда тайёр қилиб қўйилди. Қуролимни келтиришларини бу­юрдим, уйимнинг орқасидан чиқариб берилди. Сўнг йўлга чиқарканман, фол ўқларимни ҳам олдим, бориб зирҳимни кийдим, қуролландим. Сўнгра фол ўқларимни чиқариб, фол очдим. Устида мен ёмон кўрган «Зарари йўқ», деб ёзилган ўқ чиқди. Мен у (Муҳаммад)ни ушлаб Қурайшга қайтариш ва эвазига юзта туя олишни хоҳлардим. Отимга миниб унинг изига тушдим. Отим энди тезлашганда қоқилиб, усти­дан йиқилиб тушдим. Ўзимча «Бу нимаси бўлди?» дедим. Сўнгра яна фол ўқларимни чиқариб, фол очдим. Яна ўша мен ёмон кўрган «Зара­ри йўқ», деб ёзилган ўқ чиқди. Шу боисдан уни таъқиб қилишга қарор қилдим. Отимга миниб изига тушдим, отим яна тезлашган пайтда қоқилиб, устидан йиқилиб тушдим,ўзимча «Бу яна нимаси бўлди?» дедим. Сўнгра фол ўқларимни чиқариб, фол очдим. Яна ўша мен ёмон кўрган «Зарари йўқ», деб ёзилган ўқ чиқди. Изларидан боришга қарор қилдим ва отимга миниб йўлга тушдим. Муҳаммад ва шериклари менга кўринганида отим яна қоқилди. Бу сафар ол­динги икки оёғи қумга ботиб, устидан йиқилиб тушдим. Сўнгра от олдинги оёқларини ботган жойдан чиқарди ва ўша чуқурдан чанг-тўзонли шамол кўтарилди. Буни кўргандан кейин билдимки, у мен­дан ҳимояланган эди ва бу очиқ-ойдин ҳақиқат эди. Шунда муҳаммад ва шерикларига қараб: «Мен Суроқа ибн Жуъшумман. Менга қаранг, сиз билан гаплашмоқчиман. Аллоҳга қасамки, мендан сизга бирон ёмонлик етмайди», – деб бақирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга қараб: «Ундан , нима истайсан? деб сўранг», – дедилар. Абу Бакр айнан шундай деди. Мен: «Менга иккимиз орамизда ҳақиқатни баён этадиган бир мактуб ёзиб беринг», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга ёзиб беринг, эй Абу Бакр», – дедилар.

(Суроқа) деди: «У суяк ёки бир парча ямоқ ёхуд сопол устига ёзув ёзиб мен томонга отди. Уни тўрвамга солиб, ортимга қайтдим. Бўлиб ўтган воқеа хусусида ҳеч кимга чурқ этмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мак­ка фатҳи куни, Ҳунайн ва Тоиф масалаларидан фориғ бўлганларидан сўнг у билан кўришгани бордим. Ўзим билан бирга ҳалиги мактуб ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ал-Жиъронада260 юзлашдик. ансорийларнинг отлиқ бўлинмалари орасига кирдим. Шунда улар

мени найзалари билан туртиб: «Сенга айтяпмиз, нима хоҳлайсан ўзи?» – дейишарди. Туя устидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб бордим. Аллоҳга қасамки, гўё мен узангига босиб турган болдирла­рига қараб турардим. Гўё у хурмо дарахтининг ёғидек эди. Қўлимдаги ёзувни кўтариб: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, бу сизнинг (менга) мактубингиздир. Мен Суроқа ибн Жуъшумман», – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вафо ва яхшилик кунида кўришиб турибмиз, яқинроқ кел», – дедилар. Яқинлашиб бориб мусулмон бўлдим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдимга тушган бир нарсани сўрашни хоҳладим,бироқ: «Эй Аллоҳнинг Расули, эгасиз (йўқолган) туялар менинг ўз туяларим учун тўлдириб қўйган сув ҳовузларига киришмоқда. Улар­ни суғорсам, менга ажр борми?» деганимни эслайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, жигари бор ҳар яхши ҳайвонни суғоришнинг ажри бор», – дедилар. Сўнгра ўз қавмим орасига қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга садақам (закот)ни юбориб турдим».

Ибн Ҳишом: у Абдураҳмон ибн ал-Ҳорис ибн Молик ибн Жуъ­шумдир.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ