Туш сабабли Абу Жаҳл ва Аббос ўртасида бўлиб ўтган можаро
Аббос:«Каъбани тавоф қилиш мақсадида эрталаб чиқдим. Абу Жаҳл бир гуруҳ қурайшликлар билан Отиканинг туши ҳақида гап лашиб ўтиришар эди. Абу Жаҳл мени кўргач: «Эй Абул Фазл! тавоф қилиб бўлгач, олдимизга кел!» – деди. Тавофдан бўшагач, уларнинг олдига бориб ўтирдим. Абу Жаҳл менга: «Эй Абдулмутталиб болалари! Сизларнинг ичингизда бу пайғамбар аёл қачон пайдо бўлди?» – деди. Мен: «Нима демоқчисан?» – дедим. У: «отика кўрган туш», – деди. мен: «нима туш кўрибди?» – дедим. У: «Эй Абдулмутталиб болалари! Эркакларингиз пайғамбарликни даъво қилгани етмагандек, аёлларингиз ҳам пайғамбарликни даъво қилишига индамай турибсизми?! Отика «Уч кун ичида қочиб кетинглар», деган тушни кўрганлигини даъво қилибди. Сизларга уч кун муҳлат берамиз, агар айтганингиз рост бўлса, хўп-хўп, агар ҳеч нарса содир бўлмаса, сизларни араблар ичидаги энг ёлғончи хонадон дея ёзиб қўямиз», – деди. Аббос: «Аллоҳга қасамки, нима деса ҳам, мен унга Отиканинг бундай туш кўрганлигидан бош тортиб, инкор қилиб туравердим», – дейди.