Хулқлари Қуръон эди...

6 йил аввал 1475 siyrat.uz

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийси, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг чиройлиси ва хулқи энг гўзали эдилар» (Имом Бухорий ривояти, «Жомеъус-саҳиҳ»). Алқамадан розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: «Ҳазрати Оишадан: «Пайғамбаримизнинг намозлари қандай эди?» деб сўрадик. Оиша онамиз бундай жавоб бердилар: «Сизларнинг қай бирингиз Пайғамбар алайҳиссалом қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди?! У Зотнинг амаллари давомий эди» (Имом Бухорий, Муслим, Аҳмад ривояти).

Абу Абдуллоҳ Жадалий  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳазрати Оишадан: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг оиладаги хулқлари қандай эди?» деб сўрадим. Оиша онамиз бундай дедилар: «Инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар: фаҳш сўзларни гапирувчи ва фаҳш ишларни қилувчи эмас эдилар, бозорларда бақириб юрувчи эмасдилар, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармасдилар, лекин гуноҳидан ўтиб, кечирар эдилар» (Имом Термизий, Аҳмад ривояти). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом қул чақирса ҳам, жавоб қилар, касални бориб кўрар ва эшак миниб юрар эдилар» (Абу Наъим ривояти). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ортларидан на бир динор ё дирҳам пул, на бир қул, на бир чўри қолдирмай, балки совутларини бир яҳудийга ўттиз соъ таомга гаровда қолдириб дунёдан ўтдилар» (Имом Аҳмад ривояти). Ҳасан ибн Али айтадилар: «Пайғамбар алайҳиссаломга таом келтирилса, уни ерга қўйишни буюрар ва: «Мен бир бандаман, банда егани каби ейман ва банда ўтиргани каби ўтираман», дер эдилар» (Абдуллоҳ ибн Муборак ривояти). Мўминлар онаси Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёстиқлари теридан бўлиб, ичига хурмо қипиғи солинган эди» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида хизматчилари йўқ эди. Абу Талҳа қўлимдан тутиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб кирди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, Анас ҳушёр ва ақлли бола, Сизга хизмат қилсин», деди. У Зот Мадинага келганларидан бошлаб вафотларигача сафарда ҳам, ҳазарда ҳам хизмат қилдим. Бирор қилган ишим учун «Нимага уни бундай қилдинг?» демадилар. Шунингдек, қилмаган нарсам учун «Нимага буни қилмадинг?» демадилар» (Имом Бухорий ривояти, «Ал-Адаб ал-муфрад»). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир нарса келтирилса, «Буни фалон аёлга олиб бориб беринглар, у Хадижанинг дугонаси эди, буни фалон аёлга олиб бориб беринглар, у Хадижани яхши кўрар эди», дер эдилар» (Имом Бухорий ривояти, «Ал-Адаб ал-муфрад»). Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта, юзимга табассум билан қараганлар» (Имом Бухорий ривояти). Мўминлар онаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини катта очиб, ичи кўринадиган ҳолда кулганларини кўрмаганман. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо табассум қилар эдилар. Бир булут ёки шамол кўтарилганини кўрсалар, юзларидан ташвишланаётганлари билинар эди. «Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар булут кўришса, ёмғир ёғади, деб хурсанд бўлишади, Сиз эса булут кўрсангиз, юзингизда ташвиш аломати пайдо бўлади», дедим. «Эй Оиша, унда азоб йўқлигига ким менга кафолат бера олади? Бир қавм шамол билан азобланган, бир қавм азоб кўрганда келаётган бу булут бизга ёмғир ёғдиради, деган», дедилар» (Имом Бухорий ривояти, «Ал-Адаб ал-муфрад»). Мўминлар онаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини танлаш ихтиёрида бўлсалар, агар гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини-осонини танлар эдилар. Бирор гуноҳ иш бўлс, ўша гуноҳ ишдан одамларнинг энг узоғи бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун қасос олмаганлар, фақат Аллоҳ таолонинг ҳурмати поймол этилса, Аллоҳ азза ва жалла учунгина қасос олганлар» (Имом Бухорий ривояти, «Ал-Адаб ал-муфрад»). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда раҳмдил киши эдилар. Олдиларига ким келса, ваъда берардилар, сўнг ҳузурларида ўша нарса бўлса, уни бермасдан қўймас эдилар. Намозга иқома айтилди. Бир аъробий келиб, у кишининг кийимларидан ушлаб тўхтатди ва: «Менинг озгина ҳожатим бор, эсимдан чиқиб қолмай туриб эшитинг», деди. У Зот ҳожатини айтиб бўлгунича бирга турдилар ва сўнг бориб намозни ўқидилар» (Имом Бухорий ривояти, «Ал-Адаб ал-муфрад»). Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима нарса сўралмасин, «йўқ» демаганлар» (Имом Бухорий ривояти, «Ал-Адаб ал-муфрад»). Мўминлар онаси ҳазрати Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: «Мен ҳам бир одамман, холос. Талашиб-тортишганлар ҳузуримга келишганида баъзилари бошқаларидан ҳужжатни яхшироқ кўрсатиши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳақидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин» (Имом Бухорий ривояти). Рофеъ ибн Хадижа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида шаҳар аҳли хурмоларни (серҳосил бўлиши учун) чанглатишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Нима қиляпсизлар?» дедилар. Улар: «Биз (одатда) шундай қиламиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Балки, бундай қилмасаларингиз ҳам, яхши бўлар», дедилар. Улар (чанглатишни) тарк қилишди. Шунда (хурмо мевалари) камҳосил бўлди. Рофеъ айтади: «Улар буни Расулуллоҳга айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Албатта, мен ҳам инсонман, агар сизларга дин ишларингиздан бир нарсани буюрсам,  уни олинглар (қилинглар). Ва агар сизларга ўз фикримдан келиб чиқиб, (динга боғлиқ бўлмаган) бир ишни буюрсам,  ўзларинг биласизлар, мен ҳам бир инсонман», дедилар. (Имом Муслим ривояти, «Мишкатул-масобиҳ»). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сурмадонлари бор эди, кечаси уйқуга ётиш олдидан икки кўзларига уч мартадан сурма тортар эдилар» (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсаларни рад этмас эдилар» (Имом Бухорий ривояти, «Риёз ус-солиҳийн»). Мўминлар онаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди» (Имом Муслим ривояти, «Риёз ус-солиҳийн»). Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони ҳар он, ҳар дам, ҳар лаҳзада зикр қилар эдилар» (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий).

 

Анвар АҲМАД




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ