Саҳобалар

Умайр ибн Ваҳб

5 йил аввал 1902 siyrat.uz

Умайр ибн Ваҳб Бадрда Ислом нурини синдириш учун қилич қутарган қўмондонлардан бири булган. У қатьиятли, мулоҳазали инсон эди. Шу боис қавми уни Бадрга келган мусулмонлар сонини аниқлаб, мавжуд кучларини билиш учун сайлади. Умайр ибн Ваҳб отига миниб, яширин йуллар билан мусулмонлар қароргоҳига борди. Сунгра қавмига: «Улар уч юзга яқин киши», деган маълумотни келтирди. Унинг тахмини тўғри эди. «Ортларида ёрдамчи кучлар борми?» деб сўраганларида бундай жавоб берди: «Ортларида ҳеч нарса курмадим. Аммо, эй Қурайш қабиласи, ўлимга тик боқувчи кишиларни кўрдим. Кучли бўлмаган қабиланинг улар қиличига итоат этишдан ўзга чораси йўқ. Аллоҳга қасамки, бизлардан кимдир ўлмагунича уларнинг бирортасини ўлдириб бўлмайди. Биздан ҳам улар сонига тенг одам ўлса, ҳаётнинг қизиғи қоладими? Қатъий бир қарорга келишингиз шарт». Қурайш оқсоқолларидан бир гуруҳи унинг сўзларидан таъсирланди. Одамларини йиғиб, Маккага қайтмоқчи бўлишди. Агар Абу Жаҳл қавмининг фикрини ўзгартирмаганида, улар қалбида адоват оловини ёқмаганида, эҳтимол, уруш ҳам булмасмиди...                                                                                                                                                                                                                         * * *                                                                             Маккаликлар Умайр ибн Ваҳбга «Қурайш шайтони» деб лақаб қуйган эдилар. Бадр куни унинг бошига шундай бало келдики, ўзи ҳам, қавми ҳам иложсиз қолди. Қурайшликлар енгилиб, Маккага қочди. Умайр ибн Ваҳб эса уларнинг бир қисми билан Мадина атрофларида қолди. Чунки ўғли мусулмонларга асир тушган эди. Бир куни Умайр амакиваччаси Сафвон билан учрашди. Сафвоннинг мусулмонларга душманлиги кун сайин ортмокда эди. Ахир отаси Умайя ибн Ҳалаф Бадрда ўлдирилди. Шу зайл икки амакивачча ниҳоятда аламзада бўлиб қолишди... Шу ўринда Урва ибн Зубайр нақл қилган ривоятга эътибор берайлик: Сафвон: —    Бадрда ўлганларни эсласак, Аллоҳга қасам, улардан кейин ҳаётнинг қизиғи қолмади, — деди. Умайр айтди: —    Тўғри айтасан, Аллоҳга қасам, буйнимдаги қарзларим бўлмаганида, шунингдек, оиламнинг тирикчилик ташвишидан қўрқмаганимда уловимга миниб, Муҳаммаднинг олдига борардим. Уни ўлдирардим. Қолаверса, у билан ҳал қилишим зарур булган масала ҳам бор. Асирликдаги ўғлимни қутқаришим керак. Фурсатдан фойдаланган Сафвон: —    Қарзингни бўйнимга оламан, уни мен тўлайман. Оилангни ҳам боқаман, — деди. —    Ундай булса, гап орамизда қолсин. Шундан сунг Умайр қиличини заҳарлади. Мадинага қараб кетди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир гуруҳ мусулмонлар билан Бадр жанги, Аллоҳнинг ўша кунги марҳамати ҳақида суҳбатлашиб ўтирганида, Умайр ибн Ваҳбни кўриб қолди. У уловини масжид эшиги ёнига чўктирди, қўлида қилич бор эди. Буни кўрган Умар ибн Хаттоб: —    Бу ит Аллоҳнинг душмани Умайр ибн Ваҳб-ку! Аллоҳга қасам, у, албатта, бирор ёмон ниятда келган, — деди. Сўнг Ҳазрати Умар Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига кириб: —    Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг душмани Умайр ибн Ваҳб қилич кўтариб келди, — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: —    Уни олдимга олиб кел, — деб буюрдилар. Умар душманининг бўйнидаги қилич ипидан тортиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб борди. Бу ҳолатни курган Пайғамбаримиз алайҳиссалом : —    Қўйиб юбор уни, Умар! — дедилар. Умайр жоҳилия даврининг саломини бериб, хайрли тонг тилади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам : —    Аллоҳ бизга сенинг саломингдан кўра хайрли бир салом йўллаган, эй Умайр! — «Ассалому алайкум». Бу жаннат аҳлининг саломидир, — дедилар. —    Йуқ, эй Муҳаммад, Аллоҳга қасам, менинг билганим эскиларнинг сўзларидир. —    Нима мақсадда келдинг, эй Умайр! —    Қўлингдаги асир ўғлим учун келган эдим. —    Нега бўйнингга қилич тақиб келдинг? —    Аллоҳ барча қиличларга қирғин келтирсин! Бизга фойдаси бормикин?.. —    Менга тўғрисини айт, эй Умайр. Нега келдинг? —    Нега келганимни айтдим-ку. —    Йуқ! Сен билан Сафвон ибн Умайя иккаланг бир тош устига ўтириб, Қурайшдан Бадрда ўлган кишиларни эсладинглар. Сен: «Қарзим ва оилам бўлмаса эди, бориб Муҳаммадни ўлдирардим», дединг. Сафвон эса мени ўлдиришинг эвазига барча қарзларингни ва оиланг тирикчилигини ўз зиммасига олди. Ҳолбуки, Аллоҳ сен қилмоқчи бўлган иш олдига тўсиқ қўяди. Шунда Умайр шаҳодат калимасини айтди: «Шаҳодат бераман, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Яна шаҳодат бераман, сен Унинг Пайғамбарисан... Бу фақатгина мен билан Сафвоннинг ўртасида бўлиб ўтган гап эди. Аллоҳга қасам, бунинг хабарини сенга фақатгина Аллоҳ етказган. Мени ҳам Исломга етиштирган Аллоҳга шукрлар булсин...» Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларга: —    Биродарингизга динни яхшилаб ўргатинг. Қуръон ўқитинг, асир ўғлини озод этинг, — деб буюрдилар.

* * *

Шундай қилиб, Умайр ибн Ваҳб мусулмон булди. Бу воқеадан кейин Умар ибн Хаттоб бундай деди: «Аллоҳга қасамки, бизнинг ёнимизга келгунига қадар ҳатто тўнғиз Умайрдан кўра мен учун севимлироқ эди. Бугун эса уни ҳатто баъзи болаларимдан ҳам кўпроқ яхши кўраман».

* * *

Умайр Исломнинг сабр-тоқатда кенглигини ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюклиларини ўйлаб ўтирарди. Исломга тузоқ қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобаларга қарши жанг қилиб, Маккада беҳуда ўтган кунларини эслади. Бадрда бошига тушган балони, қандай урушганларини хотирлади. Бугун эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш ниятида қилич кўтариб келган эди. Буларнинг барини: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йуқ. Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир» калимаси бир зумда йўққа чиқарди. Ўтмишдаги барча хатоларини Ислом бир лаҳзада шундай ўчириб ташлайдими? Мусулмонлар аввалги зулмини ва душманлигини бир лаҳзада унутиб, унга қучоқ очадиларми? Яширинча ёмонлик қилиш ва разил ният билан олиб келган қиличи кўз олдиларида ялтираб турса ҳам, барча ишлари унутиладими? Шу дамда Умайрнинг мусулмонлигидан бошқа ҳеч нарса эсга олинмайдими? У ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бирига айландими? Дўстларига дўст, душманларига душман бўлдими? Икки дақиқа аввал ўлимини хоҳлаган шу Умар ибн Хаттобга ҳозир болаларидан ҳам севимлироқ кишига айландими? Умайр мусулмон бўлгач, Ислом ҳақиқатдан ҳам буюк дин эканини англади. Бир оздан кейин Умайр бу диннинг ўз гарданига юклаган вазифасини тушуниб етди. Қанча жанг қилган бўлса, шунча хизмат этиши; Исломга қарши ташвиқот олиб борганичалик унга даъват қилиши; Аллоҳ ва Унинг Расули севган барча гўзал фазилатларга эга бўлиши лозимлигини англади. Шундай кунларнинг бирида Аллоҳнинг Расулига бундай деди: «Ё Расулуллоҳ! Мен Аллоҳнинг нурини синдиришга киришган, Аллоҳ таолонинг динига эътиқод қилган кишиларга кўп озор берган бир кимса эдим. Энди менга рухсат беришингизни сўрайман. Мен Маккага бориб, одамларни Аллоҳ ва Унинг Расулига, Исломга даъват қилишни истайман. Балки, уларга Аллоҳнинг ҳидояти насиб этар... Ўша кунлари Сафвон ибн Умайя Макка кўчаларида кибр билан юрар, турли йиғилишларда ўз хурсандчилигини ошкор этар эди. Қавм-қариндошлар отасининг суяклари ҳали Бадр қудуқларида совимай туриб, Сафвоннинг севиниш сабабини сўраганларида, ғурур билан қўлларини қовуштириб: «Бир неча кундан кейин хабари келадиган ва сизларга Бадр воқеасини унуттирадиган бир воқеага севининглар!» дер эди. Ҳар тонг Маккадан ташқарига чиқиб, карвонлардан: «Мадинада бирор янгилик содир бўлмадими?» деб сўрарди. Улардан ўзига маъқул жавобни олмас эди. Ҳеч ким Мадинада фавқулодда бир воқеа кўрган ё эшитганини сўзламас эди. Сафвон умидсизликка тушмади. Карвонлардан суриштиришни давом этаверди. Ниҳоят, кунларнинг бирида бир гуруҳга дуч келди ва «Мадинада янги воқеа юз бермадими?» деб сўради. Йўловчи: «Ҳа, буюк бир воқеа содир бўлди» , деб жавоб берди. Севинчдан Сафвоннинг юзи ёришиб, гўё бутун олам уникидай туюлиб кетди. Шошилиб, нафаси тиқилиб, ўша одамдан қайта сўради: «Нима булди? Тезроқ гапир». Нотаниш одам: «Умайр ибн Ваҳб мусулмон бўлди», деб жавоб берди.. Сафвоннинг дарду дунёси бирдан қоронғулашди. Қавмига хушхабар келтиради, Бадр жангини унуттиради, деб кутган воқеаси ўрнига чақмоқ чаққандек келган ушбу хабар уни тамомила гангитиб қўйди...

* * *

Мадинадан йулга чиққан Умайр Маккага етиб келди. Уни биринчи бўлиб Сафвон қарши олди. Сафвон унга ташланишга тайёр эди. Бироқ Умайрнинг қўлидаги қилични кўриб, ҳақорат сўзлари айтди, холос. Умайр ибн Ваҳб қисқа муддат ичида Маккага мусулмон бўлиб қайтган эди. У Умар ибн Хаттобдек ҳайбат билан келиб, бундай деди: «Аллоҳга қасам, кофирликни ҳимоя қилган еримда Исломга даъват этаман». Умайр бу сўзларни ўз ҳаракати учун шиор қилиб олди. Шу пайтгача ўзи қарши курашган динга ҳаётини бағишлашга қарор берди. Шу зайлда вақтдан унумли фойдаланиб, кечаю кундуз, очиқ-ойдин Исломни ташвиқ этди. Қалбидаги иймон нури унга ишонч, куч-қувват бағишларди. Бир неча ҳафта ичида Умайр ибн Ваҳб сабабли ҳидоят топган, Исломни қабул қилганлар сони ўзи тахмин қилганидан ҳам ошиб кетди. Умайр мамнун булиб Мадинага йул олди. Бепоён чўл бу инсондан ҳайратланган бўлса, ажаб эмас. Бир неча кун аввал Мадинага Пайғамбарни ўлдиришдек гуноҳни кўзлаган ҳолда қилич кўтариб ўтган эди. Кейин эса Мадинадан қайтишда чўлни ўзгача бир қиёфада, севиниб, туясининг устида Куръон ўқиган ҳолда кечиб утди. Энди эса яна ўша киши чўлни учинчи маротаба босиб ўтяпти. Йўл бўйи: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб таҳлил ҳамда такбир айтмоқда. Макка фатҳ этилган куни Умайр дўсти ва яқини Сафвон ибн Умайяни унутмади. Унинг ёнига бориб, динни қайтадан тушунтириб, Исломга даъват этмоқчи булди. Бироқ Сафвон Жиддадаги яшаш жойидан сафарга ҳозирланаётган, у ердан кемага ўтириб, Яманга қочишни режалаштираётган эди. Сафвоннинг аҳволини кўргач, Умайрнинг юраги пораланди. Имкон қадар уни қутқаришга бел боғлади. Тезда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб, бундай деди: —    Эй Аллоҳнинг Расули! Биласиз, Сафвон ибн Умайя қавмининг бошлиқларидан бири. Сиздан қочиб жон сақлаш учун денгизга йўл оляпти. Аллоҳнинг салоти Сизга булсин, унга омонлик беринг. Пайғамбаримиз алайҳиссалом : —    Унга омонлик бердим, — дедилар. —    Эй Аллоҳнинг Расули! Омонлик эълон қилганингизни билдирувчи бир белги беринг, — деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Маккага киришда бошларига ўраган ёпинчиқларини бердилар. Воқеанинг ниҳоясини Урва ибн Зубайр бундай баён қилади: «Умайр қўлида муборак ёпинчиқ билан Сафвон кемага чиқаётганида унга етиб олди ва: —    Эй Сафвон, ота-онам ҳаққи, Аллоҳдан қўрқ, Аллоҳдан! Жонингни нима учун хатарга қўйяпсан? Бу Расулуллоҳдан омонлик белгиси. Уни сенга олиб келдим,—деди. Сафвон эса: —    Минг лаънат сенга! Ёнимга яқинлаша кўрма, мен билан сўзлашма, — деди. —    Эй Сафвон... Ота- онам ҳаққи, Расулуллоҳ инсонларнинг энг фазилатлиси, энг кўп яхшилик қилгани, энг ҳалим табиатлиси ва энг хайрлисидир. Унинг иззати сенинг ҳам иззатинг, унинг шарафи сенинг ҳам шарафингдир. —    Жонимдан ташвишдаман. —    Қўрқма, у Зот алайҳиссалом жуда раҳмдил ва шафқатлидирлар. Сафвон ортга қайтди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб: «Бу сенинг менга омонлик берганингни билдирадими?»деб суради. Расулуллоҳ тасдиқладилар. Сафвон:«Менга мусулмонликни қабул қилиш ёки қилмасликни ўйлаб кўриш учун икки ой муддат бер», деди. Расулуллоҳ унга:«Тўрт ой эркинсан», дедилар. Сафвон бу муддат битмай турибоқ мусулмон булди. Унинг Исломни қабул қилиши Умайрга беҳад қувонч бағишлади.

* * *

Умайр ибн Ваҳбнинг хайрли ишлари Аллоҳнинг инояти билан инсониятни қоронғуликдан нурга олиб чиққан буюк Пайғамбаримиз алайҳиссалом йўлига тўла-тўкис мувофиқ эди.

Гулсара СОАТХОНОВА таржимаси




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ