Мадинада

3 йил аввал 2213 siyrat.uz

Ансорийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан йўлга чиққанликларини эшитган эдилар.Рўзадорлар ийд ҳилолини кутгандан ҳам зиёда орзу ила кутиб турар эдилар. Ҳар кун бомдод намозидан кейин чиқиб Мадинанинг чегарасига келишиб, то қуёш тепага келгунга қадар кутишиб, сўнгра уйларига қайтишар эди. Ёз фасли эди, кунлар жуда ҳам иссиқ эди. Халқнинг эндигина уйларига қайтишаётган вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ташриф буюрдилар. Ҳазрати Пайғамбарни узоқдан биринчи кўрган бир яҳудий бўлди. Бор товуши ила бақириб ансорларга Расулуллоҳнинг келганликлари хабарини берди. Расулуллоҳ ҳазрати Абу Бакр билан бирга бир хурмозорнинг соясида ўтирар эдилар. Мадиналикларнинг кўпчилиги олдин Расулуллоҳни кўришмаган эди. Халқ у издиҳомда ул Зотни ҳазрати Абу Бакрдан ажратиб таний олмади. Бу ҳолатни тушунган ҳазрати Абу Бакр, ирғиб ўринларидан туриб кийимларини Расулуллоҳнинг устиларига соябон қилди. Шундай қилиб, халқнинг Расулуллоҳни танишлиги қулайлашган эди. Расулуллоҳнинг келишларидан мамнун бўлганликлари учун халқ такбир айта бошлашди. Мадиналиклар Расулуллоҳнинг келганларига ҳурсанд бўлганчалик ҳеч нарсага ҳурсанд бўлишмаган эди. Ҳатто хотинлар, болалар, жориялар «Мана, Аллоҳнинг Расули ташриф этди. Мана, Расулуллоҳ келдилар»− дея севинчларидан бақиришар эди. Ансорларнинг қизлари севинч ичида шу шеърларни тараннум этдилар: Ўн тўрт кунлик ой чиқди Саният ул-Видодан , Шукр қилииг, даъват келди бизга олий Худодан. Хуш келдингиз, эй муборак Пайғамбар! Итоатла амрингизга биз тайёр! Анас ибн Молик Ансорий шундай дейди: «Ёшим кичик бўлишига қарамай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ташрифларининг шоҳиди бўлдим ва ишонинг, у кундан гўзалроқ, у кундан кўра нурафшонроқ кунни кўрмадим».




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ