Мусулмонларнинг азобланиши

3 йил аввал 2271 siyrat.uz

Аммо ҳамма мусулмонлар ҳам ҳимоя остида эмас эдилар. Айниқса, заифҳол мусулмонлар ўта ҳимоясиз эдилар. Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган мушриклар ўшандоқ ҳимоясиз, заифҳол мусулмонларни диндан қайтариш мақсадида турли азобларга дучор қила бошладилар. Макка кофирлари оз сонли мусулмонларни мисли кўрилмаган қийноқларга, азоб-уқубатларга солдилар. Кофирларнинг бу ишлардан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари мўминларни иймондан қайтариб яна кофир қилиш эди. Аммо мусулмонлар бу азобларга сабр қилиш билан инсоният тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган намуналар кўрсатдилар. Мушриклар Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни турли йўллар билан азобладилар. Улар у кишини шиддатли иссиқ пайтида чалқанча ётқизиб, кўксиларига кун иссиғида қизиб турган оғир харсанг тошлар қўйиб, ё диндан қайтишни, ёки шу ҳолатда ўлиб кетишни таклиф этдилар. Ҳазрати Билол эса: «Аҳад, Аҳад» деган сўзларни такрорлардилар, холос. Шунингдек, бошқа мусулмонлар ҳам қаттиқ қийноқларга чидадилар. Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ясир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумайz розияллоҳу анҳони ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумайz розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ясир розияллоҳу анҳуни ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон — эру хотин Ислом йўлида иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар. Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам йиғлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган ишларни айтиб: «Энди нима бўлади?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Қалбингни қандоқ сезмоқдасан?» дедилар. Аммор розияллоҳу анҳу: «Иймонга оромли», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар улар такрорласалар, сен ҳам такрорлагин», дедилар. Мусъаб ибн Умайр Макканинг энг гўзал ва энг эрка йигити эди. Ота-онаси уни яхши кўрар ва у билан фахрланар эдилар. Унинг онаси жуда ҳам бой аёл эди. У ўғли Мусъабга энг яхши кийимларни сотиб олиб берар эди. Мусъаб юрган жойдан атр ҳиди келиб турар эди. Қисқасини айтадиган бўлсак, Маккада Мусъаб ибн Умайрга ўхшаш эрка ва нозу неъматга кўмилган эркатой йигит йўқ эди. Ана ўша йигит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Арқам ибн Абу Арқамнинг уйида Исломга даъват қилаётганлари ҳақида эшитиб қолди. Ҳеч кимга билдирмай ўша ерга кириб борди ва Исломга кирди. Аммо қавмидан, хусусан, онасидан қўрқиб иймонини беркитди. Кунлардан бир кун Мусъабнинг намоз ўқиётганини Усмон ибн Толҳа кўриб қолди. У дарҳол хабарни Мусъабнинг қавмига ва онасига етказди. Мусъабнинг онаси забардаст хотин бўлиб, ундан эркаклар ҳам ҳайиқар эдилар. Ўша забардаст аёл ўзининг эркатой ўғли мусулмон бўлганига чидай олмади. Уни қамаб қўйди ва ҳамма нарсадан маҳрум қилди. Қамоқ қийноқлари ва маҳрумлик азобларини бошидан ўтказган Мусъабни кўрган одам йиғлаб юборар эди. Лекин у ҳамма қийноқларга бардош берди ва Исломнинг мўъжизаларидан бирига айланди. Усмон ибн Мазъун, Усмон ибн Аффон, Хаббоб ибн Арт каби бошқа мусулмонларга нисбатан ҳам мушриклар турли азоб чораларини қўлладилар. Мусулмонлар эса бу азобларни мардонаворлик ила енгар эдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ