Жангчи гуруҳларни юборишнинг бошланиши

7 йил аввал 1285 siyrat.uz

Ана шундоқ нозик бир пайтда уруш қилишга изн бўлганидан фойдаланиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам душманларга мусулмонлар кучини кўрсатиш мақсадида атрофларга жангчи гуруҳларни юбора бошладилар. Жанг маъносида бирор гап бўлмаса ҳам, Ислом жамиятининг кучи пайдо бўлганини бошқаларга билдириш маъносида шундоқ қилинди. Шу билан бирга, бундоқ юришлар мусулмон жангчилар учун машқ вазифасини ўтар, Маккадан келган муҳожир жангчилар учун янги ерлар билан танишиш ва ансорийлар билан биргаликда ўзаро тушунган ҳолда ҳаракат қилишни ўрганиш машқлари ҳам эди. Ана шундоқ жангчи гуруҳларни юборишни «сарийя» дейилади. Бошқача қилиб айтганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шахсан иштирок этмаган жангчи гуруҳнинг юришига «сарийя» дейилади. Биринчи сарийя Убайда ибн Ҳорис розияллоҳу анҳунинг сарийяси бўлиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳижоздаги баъзи сув марказларидан бирига юборганлар. Ундан кейин Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу бошчилигидаги сарийя денгиз соҳилининг Ийсс томонига юборилди. Учинчи сарийя Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу раҳбарликларида Ҳижознинг Хироз номли ерига юборилган. Тарихчиларимиз Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг жангчи гуруҳи ҳодисасига алоҳида эътибор берадилар. Чунки ўша гуруҳ ҳодисаси ҳақида Қуръони каримнинг оятлари нозил бўлган. «Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан каттароқдир», деб айт. Улар агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар бу дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолгувчилардир» (Бақара, 217). Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши ҳақида бир неча ривоятлар келган бўлиб, қиссанинг мухтасари қуйидагича: Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом иккинчи ҳижрий йилнинг ражаб ойида Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуни саккиз нафар муҳожир саҳобийлардан иборат жангчи гуруҳга бошлиқ қилиб муҳим топшириқ билан юборганлар. Шу билан бирга, Абдуллоҳ ибн Жаҳшга хат бериб, уни икки кун юргандан сўнг очишга буюрганлар. Вақти келиб хатни очса, унда: «Ушбу мактубни ўқиганингдан сўнг Макка билан Тоиф орасидаги Ботни нахла деган жойгача юриб бор. Ўша ерда Қурайш қабиласини кузатасан ва бизга хабарини берасан. Шерикларингдан бирортасини ўзинг билан боришга мажбур қилма», деган гаплар ёзилган экан. Бу Бадр урушидан аввал эди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб: «Эшитдик ва итоат қиламиз», дедилар. Кейин шерикларига қараб: «Мени Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам Ботни нахлага бориб, Қурайшни кузатиб, у кишига хабарини олиб боришимни буюрдилар. Сиздан бирортангизни ҳам мажбур қилишимдан қайтардилар. Сиздан ким шаҳид бўлишни хоҳласа, мен билан юрсин, ким ёқтирмаса, ортига қайтсин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажариш учун бораман», дедилар. Шерикларининг ҳаммаси ҳам битта қолмай бордилар. Ҳижознинг йўлига юриб кетдилар, бир ерга етганларида Саъд ибн Абу Ваққос ва Утба ибн Ғазвоннинг туялари йўқолиб қолди. Уларни излаймиз, деб Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг гуруҳидан ажраб қолдилар. Қолган олти киши юриб кетдилар. Жангчи гуруҳ Ботни нахлага етганда Қурайшнинг тижорат ортилган карвони ўтиб қолди. Карвонда Амр ибн ал-Ҳазрамий ва яна уч киши бор эди. Жангчи гуруҳ Амр ибн ал-Ҳазрамийни ўлдириб, икки кишини асир олди, бир киши қочиб кетди. Карвон ўлжа қилиб олинди. Улар ўша куни жумадул охир ойининг охирги куни деб ҳисоблашган эдилар. Кейин маълум бўлишича, Ражаб ойининг биринчи куни экан. Жангчи гуруҳ ўлжани ва икки асирни олиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келишди. У Зот: «Мен сизларни уруш ҳаром қилинган ойда уруш қилишга амр қилмаган эдим», дедилар ва ўлжа ҳамда икки асирни олишдан бош тортдилар. Шундан сўнг бу гуруҳ одамларнинг назаридан қолди. Мусулмон биродарлари уларга қўпол муомала қила бошладилар. Кўпчилик, булар ҳалокатга учради, деб ўйлади. Қурайш эса «Муҳаммад ва унинг саҳобалари уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳурматини оёқости қилдилар, у ойда қон тўкдилар, мол-дунёни тортиб олдилар, одамларни асир қилдилар», деб гап тарқатдилар. Пайтни пойлаб турган яҳудийлар дарҳол турли-туман иғво-бўҳтонлар чиқара бошладилар. Ноқулай ҳолат вужудга келди. Қадимдан бу ойларда ҳеч ким уруш қилмасди. Бировни асир олмасди. Ўлжа ҳам олмасди. Исломда ҳам бу қоида амалда эди. Бирдан бундай иш бўлди. Ҳамма ҳайрон. Шунда Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани тушириб Ўзининг ҳақ ҳукмини чиқарди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб деди: «Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан каттароқдир», деб айт. Улар агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар бу дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолгувчилардир». Бу ояти карима ҳам ҳаром ойда уруш қилишнинг ҳаром эканини таъкидламоқда. Тўғри, бу ойда уруш қилиш катта гуноҳ, лекин: «Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан каттароқдир». Ўйлаб қаралса, зикр этилган бу бузғунчилик ишлар айни Қурайшнинг ишларидир. Уларнинг мусулмонларга қарши қилган бу ишлари одам ўлдиришдан кўра каттароқ гуноҳдир. Қурайшнинг ўзи ҳеч қонун-қоидага риоя этмасди, муқаддас тушунчаларни бемалол оёқости қиларди. Аллоҳ таоло Ислом динини юборганида ҳам одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар ва Аллоҳга куфр келтирдилар. Энг катта гуноҳ шу эмасми? Энди бўлса мусулмонларни ҳаром ойни беҳурмат қилишда айблашмоқда. Ҳеч қандай муқаддасликнинг ҳурматини қилмайдиган Қурайш Масжидул Ҳаром аҳли бўлган мусулмонларни ўлдириб, қийноқ-азобга олиб, охири ҳаммаларини ҳайдаб чиқардилар. Мусулмонлар ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Энди бировни уруш ҳаром қилинган ойни ҳурмат қилмасликда айблайдиган бўлиб қолишибдими?! Ўзларининг ишлари одам ўлдиришдан кўра каттароқ гуноҳ-ку! Кофирларнинг иши кишиларни иймондан қайтариш, Аллоҳнинг йўлидан қайтариш ва куфрга юргизишдир, бу фитна деб аталади. «Фитна ўлдиришдан каттароқдир». Сўнгра ояти карима кофирларнинг Ислом умматига бўлган доимий адоватини баён қилиб, айтади: «Улар агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар». Яъни кофирлар мусулмонларга қарши ҳар бир фурсатдан фойдаланишга уринадилар. Мақсадлари – нима қилиб бўлса ҳам, мусулмонларни Исломдан қайтариш. Кофир ким бўлишидан, қаерда яшашидан ва қачон бўлишидан қатъи назар, ушбу ишини қилаверади. Уларнинг мусулмонларга қарши олиб борадиган урушлари ҳар хил, турли-туман, лекин мақсад битта – мусулмонларни диндан қайтариш. Лекин мусулмонлар сабр қилишлари, чидашлари, таслим бўлиш ҳақида ўйламасликлари керак. Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо диндан қайтиб қолсалар, икки дунёнинг ҳасратига учрайдилар. Ушбу ояти карима тушгандан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссолату васаллам мазкур икки асирни ва ўлжани қабул қилдилар. Ҳамманинг кўнгли ўрнига тушди. Мусулмонлар, айниқса, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу ва у кишининг жангчи гуруҳи аъзолари хурсанд бўлдилар. Чунки улар ҳодиса бўлиб ўтгандан кейин, гуноҳ иш қилиб қўйибмиз, деб хижолатда эдилар. Ушбу ояти карима тушгач, уларда умид учқунлари чарақлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ