Қурайшда иккиланиш

1 ўн йил аввал 2118 siyrat.uz

Қурайшликлар бир оз нафасларини ростлаганларидан сўнг Умар ибн Ваҳб ал-Жамҳийни мусулмонларнинг сонини билиб келиш учун юбордилар. У қайтиб бориб: «Улар уч юз киши атрофида, лекин менга яна бир оз муҳлат беринглар, пистирмаси ёки мадад кучлари бор-йўқлигини билиб келаман», деди. Водийни роса айланди, анча ичкарига кириб кўрди. Қайтиб келиб қавмига бундай деди: «Ҳеч нарса кўрмадим. Аммо, эй Қурайш жамоаси, балолар ўлимларни кўтариб келаётганга ўхшайди... У қавмнинг қиличидан бошқа қуроли йўқ, мавқе жиҳатдан устунликка ҳам эга эмас, беркинадиган жойи ҳам йўқ. Аллоҳга қасамки, уларнинг ҳар бири сиздан бир одамни қатл этмасдан туриб ўлмайди. Агар улар сиздан ўз сонларича одамни ўлдирсалар ҳам, бу дунёда юришингизда яхшилик қолмайди. Бир ўйлаб кўринглар». Ҳаким ибн Ҳизом бу сўзларни эшитгандан сўнг одамлар ичида айланиб юриб, охири Утба ибн Робиъанинг олдига борди ва унга: «Эй Абу Валид, сен Қурайшнинг каттасисан, улуғисан, сенга итоат қилишади. Дунё тургунича номинг яхшилик билан ёд этилишини хоҳлайсанми?» деди. «Хўш, нима демоқчисан?» деди Утба. «Одамларни бу йўлдан қайтар. Иттифоқдошинг Омир ибн Хазражийни ҳам қайтишга кўндир». «Хўп, мен шундай қиламан. Сен менга ёрдам бер. У менинг иттифоқдошим, у талаб қилаётган хунни бераман, молининг зарарини ҳам тўлайман. Сен ибн Ҳанзалага (Абу Жаҳлга) бор. Одамларни бузса ўша бузади, деб ўйлайман». Сўнгра Утба ибн Робиъа баланд овозда сўзлай бошлади: «Эй Қурайш жамоаси! Аллоҳга қасамки, сизлар Муҳаммад ва унинг саҳобалари билан тўқнашиб, бирор яхшиликка эриша олмайсизлар. Аллоҳга қасамки, уни мағлуб этган тақдирингизда ҳам, одамларнинг юзига қарашга уяласиз. Биров амакиваччасини ўлдирса, бошқа биттаси тоғаваччасини, яна бири қариндошини ўлдирган бўлади. Қайтинглар, Муҳаммадни бошқа арабларга қўйиб беринглар. Агар уни енгсалар, сиз хоҳлаган иш бўлади, енголмасалар, ўзингизни хоҳламаган нарсангизнинг устида кўрасизлар». Ҳаким ибн Ҳизом Абу Жаҳлнинг олдига борганида у совутини олиб, кийишга тайёрлаётган эди. У: «Эй Абул Ҳаким, Утба мени сенинг олдингга юборди», деб ўтган гаплардан Абу Жаҳлни хабардор этди. Шунда Абу Жаҳл: «Аллоҳга қасамки, Утба Муҳаммад ва унинг саҳобаларини кўриб қўрқиб кетибди. Аллоҳга қасамки, Худо биз билан Муҳаммаднинг ўртасида Ўз ҳукмини чиқармагунча, йўлимиздан қайтмаймиз. Утбанинг ҳукми бизга керак эмас. Мусулмонларнинг орасида унинг ўғли ҳам бор, шунинг учун сизларни қўрқитяпти», деб Ҳакимнинг таклифини кескин рад этди. Сўнгра Омир ибн Хазражийга одам юбориб: «Анави иттифоқдошинг одамларни қайтариб олиб кетмоқчи. Сен ўч олиш лозимлигини яхши биласан, чунки уларнинг босқинчилигини ўз кўзинг билан кўргансан. Тур, одамларга аҳд қилганингни билдир, укангни ўлдирганларини сўзла!» деб тайинлади. Омир ибн Хазражий Абу Жаҳлнинг ташвиқи билан ўртага чиқди-да, «Вой Умарим!» деб қичқира бошлади. Одамларни урушга қизқтирди. Уларни Утба ибн Робиъа айтган гаплардан қайтарди. Мушриклардан Асвад ибн Абдул Асад Махзумий олдинга чиқиб, у бадхулқ, жаҳлдор одам эди, кибр билан бундай деди: «Аллоҳга сўз бераманки, уларнинг ҳовузидан сув ичаман ё уни бузиб ташлайман ёки шу йўлда ўлиб кетаман!» Бироқ Асвад ниятига етолмади. Унинг йўлини Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу тўсиб чиқди. Илк тўқнашувдаёқ Ҳамза розияллоҳу анҳу унинг оёғини кесиб ташлади. Асвад чалқанчасига ағдарилиб тушди ва оёғидан шерикларига қараб қон отила бошлади. У сўзининг устидан чиқиш учун ҳовуз томон эмаклаб кетди. Ҳамза розияллоҳу анҳу орқасидан бориб, бир йўла ўлдириб қўяқолди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ