Ҳамзанинг мусулмон бўлиши

7 йил аввал 1407 siyrat.uz

 

Мушрикларнинг Пайғамабар алайҳиссаломга қилган хуружлари амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг иймон келтиришига сабаб бўлди. Абу Жаҳл Расулуллоҳни ҳақоратлаганда қариндошлари орага тушмади, лекин Ҳамзанинг хизматкори чидолмай ўз ҳожасини виждонсизликда айблади. Қони қайнаб кетган Ҳамза бориб Абу Жаҳлнинг ёқасидан олди. «Мана, мен ҳам Муҳаммаднинг динидаман. Бундан кейин уни сўкканингни кўрай-чи», дея таҳдид солди. Шу воқеа туфайли Аллоҳ Ҳамзанинг кўзини очди, у то сўнгги нафасигача Исломга содиқ фидойилардан бўлиб қолди. Жисмоний жиҳатдан ҳаддан ташқари бақувват, ўта жасур Ҳамза мусулмонларнинг қалқонига, мушрикларнинг юрагига ғулув соладиган қудратли баҳодирга айланди ва унга Асадуллоҳ (Аллоҳнинг шери) дея ном берилди.

Расулуллоҳга эргашганларнинг ҳаммаси таънаю маломатларга учради, ҳимоячи қавму қариндошлари йўқларнинг ҳолига вой эди. Аллоҳнинг розилигини истаган мусулмонлар бу азобларга сабр-тоқат билан бардош беришди, бирортаси ҳам диндан қайтгани йўқ. Парвардигор мана шундай аҳдида собит, иймони мустаҳкам одамлар орқали динни камолотга етказди. Агар бу зотлар дастлаб дунёдаги ожизу нотавон кимсалар бўлишса, алалоқибат, ер юзининг подшоларига айланишди. Қасос сурасининг бешинчи оятида бу ҳақда шундай дейилади: «Ер юзида хўрланганларга марҳамат қилмоқчимиз, уларни етакчилар ва ворисларга айлантирмоқчимиз». Аллоҳ − ваъдасида собит Зот.

Билол ибн Рабоҳ қурайшлик Умайя ибн Халафил Жумаҳининг қули эди. Умайя ўз қули Ислом динига кирганини эшитгач, унинг бўйнига арқон солиб, болаларига жонли ўйинчоқ сифатида бериб қўйди. Худди буюмдек, ҳайвондек хўрланган Билол Аллоҳнинг бирлигига сира шак келтирмади. Бу азоблар кор қилмаганини кўрган Умайя ёзнинг энг жазирама кунлари уни қоқ пешинда ҳовур уфуриб турган чўлга олиб борарди. Ерга оёқ босиб бўлмас, қумга тухум қўйса, пишар, товондан ўтган иссиқ миядан тутун чиқарарди. Умайя Билолни иссиқ қумга чалқанча ётқизиб, устига баҳайбат тош бостирар ва Муҳаммаддан юз ўгириб, Лот, Уззо деган бутларга чўқинмасанг, мана шундай азобда қийнаб ўлдираман, дер, Билол эса оғишмай: «Аллоҳ бир, Аллоҳ бир», дея жавоб қайтарарди. Кунларнинг бирида худди шундай даҳшатли азобнинг устига Абу Бакр келиб қолди. «Эй Умайя, бир бечорага шунча азоб бергани Аллоҳдан қўрқмайсанми? Уни токай қийнайсан?» деди у. «Уни сен йўлдан оздирдинг. Қани, қўлингдан келса, уни қутқариб олмайсанми?» деди Умайя заҳрини сочиб. Абу Бакр шу заҳоти Билолни сотиб олиб, озод қилди. Аллоҳ Абу Бакр ва Умайя ҳақида Валлайли сурасининг 14 − 21-оятларида бундай дейди: «Сизларни ланғиллаб турган дўзахдан огоҳлантирдим. Унга бадбахт одамлар тушади. (Умайя) бадбахтки, ҳақни инкор этди ва ҳақиқатдан юз ўгирди. Энг муттақий (Абу Бакр) ундан йироқ қилинди. У покланиш учун мол-мулкини сарфлайди. У бировнинг яхшилигини қайтариш учун яхшилик қилмайди. Фақат улуғ Парвардигорининг розилигига эришишга интилади. Унинг ўзи ҳам, албатта, хурсанд бўлади». Абу Бакр молларини сотиб, Билолни озод қилгани худонинг розилиги учун бўлган иш экани юқоридаги оятларда таъкидлаб ўтилди. Аллоҳнинг розилиги Абу Бакр разияллоҳу анҳу учун беадад шараф эди. У Билолдан ташқари Исломга кириб, хўжайинларининг зулмига учраган бир талай қулни озод қилди. Уларнинг орасида Билолнинг онаси Ҳамома, Омир ибн Фуҳайра, Абу Фукайҳа, оғир қийноқлардан икки кўзи кўр бўлиб қолган Зиннира исмли аёл бор эди.

«Буларга эргашаётганларга қараб ёқамни ушлайман. Муҳаммад даъват этаётган дин ростдан ҳам ҳақ дин бўлса, ҳаммадан олдин уни биз қабул қилишимиз керак эди. Биздан аввал қандай қилиб Зиннирадек қул ҳақ йўлни топиши мумкин?» дер эди Абу Жаҳл ҳайратга тушиб. Бунга жавобан Аллоҳ Аҳқоф сурасининг 11-оятини нозил қилди: «Кофирлар мўминларга агар Исломда бирор хайрият бўлса эди, улар бунга биздан олдин ишониши мумкин эмас. Ўзлари ҳидоят топмаганлиги учун бу нарсани кўҳна уйдирма, дейишади». Бани Зуҳранинг канизаги Умму Унайсни ҳам Абу Бакр озод қилди. Асвад ибн Абдияғус бу бечорани қийнарди.

Аммор ибн Ёсир ота-онаси билан оғир зулмга гирифтор бўлди. Уларнинг забун аҳволини кўрган Расулуллоҳ: «Ёсирнинг оиласи, сабр қилинглар, сизларга жаннат ваъда этилган. Эй Аллоҳ, Ёсирнинг оиласидан мағфиратингни дариғ тутма», дедилар. Жабрдийдалар зулмга сабр-тоқат билан бардош бердилар. Амморнинг ота-онаси азобга чидолмай ўлди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин). Аммор эса қииноқ жонидан ўтиб кетгач, оғзида диндан қайтганини айтди. Чунки Абу Жаҳл унга темир кийимларни кийдириб, ёзнинг жазирама офтобига солиб қўярди. Амморнинг аъзойи бадани қавариб, териси шилиниб тушар эди. Одамлар жони азобда қолган чорасиз қулнинг оғзидан чиқиб кетган гапларни ушлаб олиб, ана, Аммор диндан қайтди, дея овоза тарқатишди. Бунга жавобан Пайғамбар алайҳиссалом Амморнинг бутун вужуди иймон билан суғорилган, дедилар. Аллоҳ Амморнинг муртадлар жинсидан эмаслигини Наҳл сурасининг 106-оятида баён этган: «Иймон келтиргандан кейин худони инкор этганлар (қалбан иймонда барқарор туриб, қийин-қистов остида диндан қайтдим, деганлар бундан мустасно) ва куфр билан кўнглини хотиржам қилганлар Аллоҳниг ғазабига йўлиқишади ҳамда оғир азобга гирифтор бўлишади».

Жоҳилият замонида асирга тушган Хаббоб ибн Аратни Умму Анмор сотиб олган эди. Хаббоб Расуллоҳ билан яқин дўст эди, шу боис биринчилар қатори иймон келтирди. Унинг мусулмон бўлганидан хабар топган бекаси қиздирилган темирни елкасига босиб азоб бера бошлади. Зулмдан силласи қуриган Хаббоб бир куни Каъбанинг девори тагида дам олиб ўтирган Расулоллоҳнинг олдиларига келиб: «Бизнинг ҳақимизга дуо қилмайсизми?» деб сўради. Расулуллоҳ: «Илгари мусулмон одамларни темир тароқ билан қийнашган. Бигиздек учли тароқни баданга ботириб, то суяги чуққунча тарашган, гўшти титилиб, пайлари узилган одамлар қонсираб ўлишган. Баъзиларнинг бўйнига арра тортишган. Мусулмонлар шунда ҳам диндан қайтишмаган. Яратган эгам Ислом динини ғолибу музаффар қилиши муқаррар. Ўшанда Яманнинг Санъо шаҳридан йўлга чиққан йўловчи Ҳазрамавтгача ҳеч нарсадан хавотир олмай бемалол етиб келади»,  дедилар.

Расулуллоҳ бу гапларни айтган пайтларида мусулмонларнинг ҳоли танг, рўшнолик кўришлари даргумон, энг закий одам ҳам нажот топишига ишонмас эди. Фақат Пайғамбар алайҳиссаломгина Аллоҳ дилларига солган ваҳий туфайли келажакни олдиндан кўриб, башорат қилдилар. Парвардигори олам мусулмонларнинг иродасини мустаҳкамлаш учун Анкабут сурасининг 2 − 3-оятларини нозил қилди: «Инсонлар иймон келтирсак, синовлардан озод бўламиз, деб ўйлашадими? Улардан аввалгиларни ҳам синаган эдик. Аллоҳ рост гапирувчиларни ҳам, ёлғончиларни ҳам жуда яхши билади». Абу Бакр Сиддиқ ҳам Ислом динини қабул қилгани учун кўп азият чекди. Мушрикларнинг зулми жонидан ўтиб кетгач, Ҳабашистонга ҳижрат қилишга қарор қилди. Маккадан беш кунлик йироқдаги Баркулғимод деган жойга етиб келганда ибн Дағна деган киши билан учрашиб қолди. Ибн Дағна қоралар қабиласининг оқсоқоли эди. У Абу Бакрдан қаерга кетаётганини сўради. Абу Бакр қабиладошларининг зулмидан қочиб, юртидан бош олиб чиққанини, Аллоҳга ибодат қилишдан бошқа нияти йўқлигини айтди. «Йўқсилларнинг ҳолидан хабар олсанг, хеш-ақробаларингга силаи раҳм қилсанг, ожизларни қўлласанг, меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутсанг, мазлумлардан ёрдамингни аямасанг, сендек одамни юртидан ҳайдаб чиқаришадими? Бу қандай ноинсофлик, — деди ибн Дағна. — Юр, юртингга қайт, сени мен ҳимоямга оламан. Ибодатингни туғилиб ўсган жойингда қил». Икковлон биргалашиб орқага қайтишди. Ибн Дағна Қурайш оксоқолларига учрашиб, Абу Бакрдек одамни юртига сиғдирмаслик адолатдан эмаслигини айтди. Ибн Дағнанинг ўртага тушиши Қурайш оқсоқолларига қаттиқ таъсир қилди. «Абу Бакрга айт. Худосига ҳовлисида ибодат қилсин, Каъбада Қуръон ўқиб бизни ранжитмасин. Ошкора диний фаолият олиб бормасин. Унга эргашиб бола-чақамиз йўлдан озишидан қўрқамиз», дейишди улар. Абу Бакр бу талабларга рози бўлди. Тоат-ибодатини ўз уйида адо этаверди. Кейинчалик ҳовлисига масжид қурдириб, ошкора ибодат қилишга ўтди. Мушрикларнинг бола-чақалари, аёллари келиб, унинг қандай намоз ўқишини, Қуръон тиловатини қизиқсиниб кузата бошлашди. Абу Бакр кўнгли бўш одам эди. Қуръон ўқиганда ўзини тутолмай ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди. Қурайш оқсоқолларининг юрагига баттар ваҳм тушди, дарров ибн Дағнани чақиртириб келиб дийдиё қилишди: «Сен ўртага тушганинг ҳурмати учун Абу Бакр қайтиб келишига, ҳовлисида намоз ўқишига рози бўлган эдик. Лекин иззатини билмаган бу кимса ҳовлисига масжид қурдириб, ошкора ибодатга ўтди. Бола-чақамиз унинг ҳовлисидан бери келмай атрофида ўралашиб юришибди. Улар йўлдан озиб кетишидан қўрқяпмиз. Агар яширин ибодат қилишга, баланд овозда Қурон ўқимасликка ваъда берса берди, бўлмаса, энди сен ўртага тушма, ҳомийликдан воз кеч, бу одам ўртага тушишингга арзимайди. Энди унинг ошкора ибодат қилишига йўл қўёлмаймиз», дейишди. Боши қотган ибн Дағна: «Эй Абу Бакр, иккаламиз яхши ниятда аҳду паймон қилган эдик. Сен ё ўша пайтдаги ваъдага биноан иш тутишинг, ё менинг ҳомийлигимдан воз кечишинг керак. Сен туфайли одамлар орасида ибн Дағна лафзида турмас экан, деган гап тарқалишини истамайман», деди. Абу Бакр унинг ҳомийлигидан воз кечиб, Аллоҳнинг ҳимоясига суянажагини билдирди. Уларнинг ўртасидаги аҳднинг бузилиши Абу Бакрга жуда кўп ташвиш келтирди. Ўша пайтда мушриклардан жабр кўрмаган мусулмоннинг ўзи йўқ эди. Лекин бу азоб-уқубатлар уларни диндан қайтармади, аксинча, иймонларини мустаҳкамлади. Расулуллоҳга эргашганлар орасида мусулмончилик туфайли бу дунёда бирон нарсага эришишни кўзлаган, манфаат орқасидан қувган одам йўқ эди. Агар ўртада манфаат илинжи кўндаланг турса, уларнинг иймондан қайтиши жуда ҳам осон бўларди.

Ислом дини ёйилмаслиги учун қўллаган чора-тадбирлари самара бермаганидан, мусулмонларнинг сони камайиш ўрнига ортиб бораётганидан ташвишга тушган мушриклар маслаҳат кенгашига йиғилдилар. Абдушшамс ибн Абдуманоф жамоасидан Утба ибн Робиъа Абшами ҳаммага гапи ўтадиган қабила бошлиқларидан бири эди. У йиғилганларга мурожаат қилиб: «Мен Муҳаммадга учрашиб, бир-иккита нарсани таклиф этай, зора биронтасини маъқул кўриб, бизни ўз динига даъват этишни тўхтатса», деди. Бу фикр ҳаммага маъқул тушди. Утба излаб келганда Расулуллоҳ масжидда намоз ўқиётган эдилар. «Эй жиян, — деди Утба. — Ҳаммага маълумки, сен насл-насаби тоза одамсан. Шунинг учун сени қаттиқ ҳурмат қиламиз. Лекин ҳозир ўйлаб топган ишинг бирлигимизга путур етказди, одамларимизни ақлсизга, маъбудларимизни қўлидан ҳеч нарса келмайдиган ҳайкалга, динимизни кераксиз эрмакка, шу динга эътиқод қилган ота-боболаримизни кофирга чиқардинг. Бу ишинг бизни ташвишга солиб қўйди. Шу сабабли ҳузурингга бир-иккита таклиф билан келдим. Қайси бирини қабул қилсанг, биз ўшанисига розимиз». «Қандай таклифлар экан, эшитиб кўрай-чи?» дедилар Расулуллоҳ. «Эй жиян, агар янги динга даъват қилишдан мақсадинг бойлик топиш бўлса, мол-дунё йиғиб, сени ҳаммамиздан бой-бадавлат одамга айлантириб юборайлик. Агар кўнглинг шон-шуҳратни тусаб қолган бўлса, ўзимизга раҳнамою бошлиқликка сайлаб, фақат сенинг маслаҳатинг билан иш тутайлик. Агар подшо бўлишни истасанг, эртагаёқ тахтга чиқарайлик. Мабодо жин чалиб кетиб, чорасиз дарди бедавога учраган бўлсанг, сарф-харажатини тўлаб даволатайлик. Бунақа дардга чалинган одам даволанмаса, тузалиши қийин», деди Утба. «Гапинг тугадими?» деб сўрадилар Расулуллоҳ. «Ҳа, тугади», деди Утба. «Ундай бўлса, гапларимга яхшилаб қулоқ сол, — дедилар сарвари олам ва Қуръондаги Фуссилат сурасининг дастлабки оятларини ўқидилар.

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳаа миим. Бу бениҳоя меҳрибон ва шафқатли Аллоҳ нозил қилган ваҳийдир, оятлари равшан баён этилган китобдир, биладиган қавм учун нозил бўлган башоратчи ва огоҳлантирувчи арабий Қуръондир. Афсуски, уларнинг аксарияти юз ўгиришади, унга (Қуръон оятларига) қулоқ солишмайди. Улар дилларимиз чалғиган, сен даъват этаётган нарсаларни тушунмаймиз. Қулоқларимиз оғирлашиб қолган. Сен билан бизнинг ўртамизда парда бор. Сен ўз ишингни қил, биз ҳам ўз тирикчилигимиздан қолмайлик, дейишади. Сен уларга мен ҳам сизларга ўхшаган одамман, менга ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, дея ваҳий қилинди, унга юзланинглар, фақат ундангина мағфират тиланглар, дегин. Мушрикларнинг ҳолига вой! Улар закот беришмайди, охиратни инкор этишади. Иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга, албатта, узлуксиз савоб берилажак. Сен уларга, Сизлар заминни икки кунда яратган Аллоҳни инкор этасизларми, унга ширк келтирасизларми? У жами оламларнинг Парвардигори, дегин. Аллоҳ заминни, тоғларни барпо этиб, қут-барака конига айлантирди, жонли мавжудотларнинг ризқини олдиндан белгилаб қўйди. Бу ишларни тўрт кунда бирданига ниҳоясига етказди. Қизиқувчилар учун шу жавобнинг ўзи кифоя. Шундан сўнг осмонни яратишга чоғланди, унгача само туман ҳолатида эди. Аллоҳ осмон билан заминга ўз майлингиз билан ёки мажбуран келинг, деб буюрди. Улар ўз ихтиёримиз билан келдик, дейишди. Парвардигор етти қават осмонни икки кунда яратди. Ҳар бир осмонга ўзининг вазифасини тайин этди. Энг пастдаги осмонни юлдузлар билан зийнатлаб, асраб-авайлади. Бу ҳамма нарсани билгувчи музаффар Аллоҳнинг тадбирларидир. Агар улар (мушриклар) бўйин товлашса, сизларни Од ва Самуд қавмларининг бошига тушган кулфатга ўхшаш азобдан огоҳлантираман, дегин. Илгари кетма-кет келган пайғамбарлар ягона Аллоҳдан бошқа нарсага ибодат қилманг, дейишса, улар, агар парвардигоримиз истаса, фаришталарни юборар эди, биз бу пайғамбарларни бутунлай инкор қиламиз, дейишади».

Утба, қариндошлигимизнинг ҳаққи-ҳурмати, тиловатингни бас қил, деди-да, шартта ўрнидан туриб, изига қайтди. Йўлига кўз тикиб ўтирган оқсоқолларнинг ҳузурига келиб: «Муҳаммаддан шундай гапларни эшитдимки, худо ҳақи, илгари бундай каломни сира эшитган эмасман. Унинг гаплари шеърга ҳам, коҳиннинг дуоларига ҳам, сеҳру жодуга ҳам ўхшамайди. Эй қурайш оқсоқоллари, Муҳаммадга тегмайлик, у ўз майлича юраверсин. Худо ҳақи, Муҳаммаднинг менга айтган гаплари ҳамма ёққа ёйилиб, одамларни қизиқтириб қўяди. Мабодо Муҳаммадни бошқа қабилалар орадан кўтариб ташлашса, ундан осон қутилган бўласизлар, борди-ю, у ғолиб чиқса, бу сизларнинг ҳам ғалабанглар ҳисобланади», деди. Мушриклар Муҳаммад сенинг эс-ҳушингни оғдириб қўйибди, шекилли, дейишди ва Расулуллоҳга одам жўнатиб, иккала томоннинг одамларини бир-бирига мослаб, ҳаммага маъқул келадиган йўл топишни таклиф этишди. Аллоҳ таоло бунга жавобан Кафирун сурасини нозил қилиб, Расулуллоҳга йўл кўрсатди: «Эй кофирлар, сизларнинг чўқинаётган бутларингизга мен чўқинмайман, сизлар ҳам мен ибодат қилаётган Аллоҳга сиғинмайсизлар. Мен сизларнинг бутларингизга чўқинганим йўқ, сизлар ҳам мен топинаётган Аллоҳга ибодат қилмадинглар. Сизларнинг динингиз ўзингиз учун, меники ҳам ўзим учун, дегин». Бундан руҳланган Пайғамбар алайҳиссалом: «Мени Аллоҳга шерик келтириш таклифингизга кўнади, деб хомтама бўлманглар», дедилар. Бу умиди ҳам пучга чиққан мушриклар, ҳеч бўлмаса, Қуръондаги уларнинг ғашини келтирадиган, бутларни айблаб, бутпарастликка таҳдид соладиган оятларни бошқаларига алмаштиришни, лоақал, сал ўзгартиришни ўтинишди. Аллоҳ бунга жавобан Юнус сурасининг 15-оятини нозил қилди: «Қуръонни ўзимча ўзгартиролмайман, фақат менга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашаман, дегин».

Расулуллоҳ билан мушриклар шундай баҳс-мунозара қилаётган кунларнинг бирида ғалати воқеа юз берди. Бу ҳодиса ожиз одамни назар-писанд қилмаслик дуруст эмаслигига бир ишорадир. Расулуллоҳ Қурайш оқсоқолларини иймонга келтириш умидида Қуръон билан диннинг моҳиятини тушунтираётганларида аллақачон мусулмон бўлган кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум келиб қолди. Пайғамбар алайҳиссалом Қурайш оқсоқолларининг самимий муомаласидан эриб, зора шу баҳонада Исломга кириб қолишса, деган умидда жон койитиб гапирардилар. Умму Мактум: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ сенга билдирган нарсаларни менга ҳам ўргатгин», деди ва гапни чўзиб юборди. Бу Расулуллоҳнинг ғашларини келтирган бўлса-да, индамай оқсоқоллар билан суҳбатларини давом эттиравердилар. Айни вақтда Қурайшнинг катталари Умму Мактумни ёқтиришмаслигини, агар суҳбатни бузиб, у билан гаплашсалар, эндигина инсофга келиб турган оқсоқоллар яна тўнини тескари кийиб олиши мумкинлигидан хавфсираб, унга қайрилиб қарамадилар ҳам. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай муомаласи учун Аллоҳ койиб, Абаса сурасининг оятларини нозил қилди: «(У) пешонасини тириштириб, юзини тескари бурди, чунки унинг ёнига кўзи ожиз (Абдуллоҳ) келган эди. Унинг покланиши ёки ваъз-насиҳат тинглаб, баҳра олиши мумкинлигини сен қайдан биласан? Ўзини насиҳатга беҳожат ҳисоблайдиган одамга эса юзланасан. У покланмаса, сенга барибир эмасми? Сендан маърифат истаб югуриб келган одам эса Аллоҳдан қўрқади. Сен бу одамга қайрилиб қарамадинг ҳам». Шу воқеадан кейин Пайғамбар алайҳиссалом бирон фақир кимсага олайиб қараганлари йўқ. Мабодо Умму Мактум келиб қолса: «Роббим у туфайли мени койиган киши, марҳабо, марҳамат қилсинлар», дердилар.

Талаб ва шартлари ўтмаганидан тарвузи қўлтиғидан тушган мушриклар бошқача йўл тутмоқчи, Расулуллоҳдан бирон мўъжиза кўрсатишни талаб қилиб уялтирмоқчи бўлишди. Улар йиғилишиб: «Эй Муҳаммад, агар рост пайғамбар бўлсанг, ойни иккита қилиб кўрсат», дейишди. Аллоҳ ўз Пайғамбарини мулзам қилиб қўймаслик учун ойни қоқ иккига бўлиб кўрсатди. Расулуллоҳ: «Ана, кўринглар», дея осмонга ишора қилдилар. Бу ғаройиб ҳодисани жуда кўп кишилар айнан бир хил ривоят қилишгани учун ёлғон бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло бу воқеани Қамар сурасининг 2 − 7-оятларида: «Қиёмат яқинлашди, ой бўлинди», дея баён этади. Мушриклар бу воқеадан таъсирланиш ўрнига, Муҳаммад сеҳр ишлатиб, одамларнинг кўзини боғлади, дейишди. Аллоҳ юқоридаги суранинг 3-оятида: «Улар бирор мўжизани кўрганда тескари қарашади, уни одатдаги сеҳр дейишади», дейди.

Шундан кейин мушриклар қаршилик кўрсатиш ниятида қайсарлик билан Расулуллоҳдан бошқа мўъжиза кўрсатишни талаб қилишади ва худди Исро сурасининг 90 − 93-оятларида баён этилгандек шарт қўйишади. «Токи сен ер остидан биронта булоқни қайнатиб чиқармагунингча, гапларингга асло ишонмаймиз. Ё қоқ ўртасидан каттакон анҳор оқиб ўтадиган хурмозор, толзор боғинг бўлсин, ё ўзинг айтгандек устимизга осмонни парчалаб ташла, ё пайғамбарлигингга гувоҳ қилиб худо билан фаришталарни олдимизга олиб кел. Лоақал, биз ўқий оладиган бирон китоб кўрсатмагунингча, осмонга чиқиб тушганингга ишонмаймиз», дейишади улар. Аллоҳ уларнинг талабларига жавобан Исро сурасининг 90 − 93-оятларида: «Сен, Роббим покдир, мен бор-йўғи Пайғамбар бўлган бир инсонман, дегин», деди. Мушрикларнинг дили мутаассиблик ва жаҳолат билан шу қадар қорайиб кетганки, ҳар қанча мўъжиза кўрсатилса ҳам, барибир, иймонга келмасликларини Парвардигор яхши билар эди. Шу боис Анъом сурасининг 109-оятида бу ҳақда шундай дейди: «Уларга мўъжиза кўрсатилса-да, барибир, ишонмаслигини билмайсизларми?» Анфол сурасининг 32-оятида айтилгандек: «Эй Аллоҳ, Қуръон чиндан ҳам сен томондан нозил қилинган бўлса, устимизга тош ёғдиргин ёки бизга оғир азоб юборгин», деган одамлардан яхшилик кутиш мумкинми? Дили қорайган бу кимсалар Қуръонни чиндан ҳам сен юборган бўлсанг, бизни ҳидоят қилгин, дейишгани йўқ. Улар пайғамбарларни мулзам қилиш ниятида мўъжиза кўрсатишни сўрашар, худонинг элчилари эса иймон келтиришдан бош тортаётган кофирлар Од ва Самуд қавмидек қирилиб кетишидан кўрқиб, улар истаган мўъжизани худодан сўрашмас эди. Аллоҳ Исро сурасининг 59-оятида айтган гаплари бу фикрни тасдиқлайди: «Аввалгиларнинг кароматларини йўққа чиқаришгани учун мўъжизаларни намоён этмадик».

Ийсо алайҳиссалом Ҳирдавснинг ҳузурига кирганларида у пайғамбардан мўъжиза кўрсатишни талаб қилган. Ийсо Масиҳ унинг талабини рад этгани учун Ҳирдавс у зоти муборакнинг устиларидан кулиб, пайғамбарнинг ашаддий душмани Билотусга қайтариб берган. Ваҳоланки, у Ийсо алайҳиссалом учун жон койитар, у киши билан кўришишни орзу қиларди. Фақат қулфи дили муҳрланган бўлгани учун унга иймон эш бўлмади. Бу воқеа Инжилнинг Луқо нусхасидаги 23-бобида батафсил баён этилган.

Мушриклар мусулмонларни бирон далил-исбот билан лол этолмагач, куч ишлатишга қарор қилишди. Иброҳим пайғамбарнинг қавми ҳам чорасиз қолганда шундай шармисорликдан қайтмаган эди. Анбиё сурасининг 69-оятида бу ёвуз қавм тилидан шундай дейилган: «Иброҳимни куйдириб маъбудларингизга ёрдам беринг, дейишди». Мушриклар ҳам мусулмонларнинг Расулуллоҳга эргашишга йўл қўймаслик учун ҳар қадамда бир шумлик ўйлаб топишди, қўлларидан келган ҳар қандай разолатдан қайтишмади. Расулуллоҳ саҳобаларга: «Турли томонга тарқалиб кетинглар, Аллоҳ тез кунларда сизларни топиштиради», дедилар. Саҳобалар қаёққа боришни сўрашганида Расулуллоҳ Ҳабашистонга йўл кўрсатдилар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ