Умарнинг мусулмон бўлиши

3 йил аввал 2353 siyrat.uz

 

Худди мана шу қалтис вазиятда Қурайш қабиласидаги аслзода, шерюрак кишилардан бири Умар Ислом динига кирди. То шу пайтгача у мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлиб, Расулуллоҳ тарафдорларига жуда кўп озору кулфатлар етказган эди. Ҳабашистонга жўнаб кетган Лайло бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: «Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлганимиз учун бизни жуда ёмон кўрарди. Мен сафарга отланиб, эндигина туяга минганимда Умар келиб, қаёққа кетаётганимни сўради. Мен, Ислом динига кирганимиз учун сизлардан кўп жабр кўрдик, энди бирон тинчроқ жой топиб, жонимизни асрамоқчимиз, дедим». Умар оқ йўл тилаб қолди. Эрим келгач, унга Умарнинг тўсатдан ширинсўз, мулойим бўлиб қолганини айтдим. Омир: «Умарни иймонга келади, деб умид қилмай қўя қол. Худо ҳаққи, эшаги мусулмон бўлмагунча, Умар иймон келтирмайди», деди. Омир Умарнинг мусулмонларга нисбатан қўпол ва шафқатсизлигини яхши билгани учун шундай деган эди. Мана шу бераҳм одам Расулуллоҳнинг қилган дуолари хосияти туфайли Исломга кирди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй худо, Умар билан Ислом динини қувватлантиргин», дея дуо қилган эдилар. Орадан кўп ўтмай Умар мусулмонлар тўпланадиган Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисида иймон келтирди. Парвардигор Умарнинг дилига иймон солиш билан Расулуллоҳнинг орзуларини рўёбга чиқарди. «Саҳиҳул-Бухорий»да ривоят қилинишича, Умар Исломга киргач, мусулмонлар кучайиб, ўзларига ишонч пайдо бўлди ва унинг ташаббусига биноан намозни масжидда ўқий бошлашди.

Умарнинг мусулмонлар сафига ўтганини кўрган мушрикларни ғам босди, ундан қандай ўч олишни билмай, охири ўлдиришга қарор қилишди. Бир тўда мушрик тил бириктириб Умарнинг уйи атрофида изғиб юришганда бани саҳимлик Ос ибн Воил келиб қолди ва уй эгасидан нима бўлганини сўраб-суриштирди. «Мусулмончиликни қабул қилганим учун сенинг қавминг мени ўлдирмоқчи», деди Умар. «Мен бундай шармандаликка йўл қўймайман», деди Ос ва селдек оқиб келаётган қутурган оломоннинг йўлини тўсиб чиқди. «Биз динини сотган Умарни ўлдирмагунча қўймаймиз, йўлдан қоч», деди кўзи қонга тўлган жоҳиллар. «Жонидан тўйган одам Умарнинг уйига яқинлашсин», деди Ос қиличини яланғочлаб. Унинг важоҳатини кўрган оломон орқасига чекинди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ