Биринчи Ақаба байъати

7 йил аввал 1154 siyrat.uz

 

Кейинги йили Каъба зиёратига Хазраж қабиласидан ўн киши, Авс қабиласидан икки киши келди. Булар Асъад ибн Зурора, Ҳориснинг ўғиллари Авф билан Муоз, Рофиъ ибн Молик, Заквон ибн Қайс, Убода ибн Сомид, Язид ибн Салаба, Аббос ибн Убода, Ақаба ибн Омир, Қутба ибн Омир, Абул Ҳайсан ибн Тайҳон, Увайим ибн Соидалар эди. Улар Маккадан уч чақирим наридаги Ақаба деган жилға бўйида Расулуллоҳ бидан учрашиб, Ислом динига кирдилар.

Макка фатҳ этилган куни аёллар қандай байъат беришган бўлса, худди шундай қасамёд этишди. Бу жиҳод фарз этилишидан аввалги қасамёд бўлиб, мазмуни қуйидагича эди: «Аллоҳга ҳеч нарсани шерик келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зинодан сақланиш, болаларни ўлдирмаслик, бировга туҳмат ва бўҳтон ёғдирмаслик, Пайғамбар алайҳиссалом буюрган ишлардан бўйин товламаслик. Мана шу нарсаларга амал қилганлар жаннатга киради, бўйин товлаганларнинг тақдири Аллоҳнинг ихтиёрида: истаса, кечиради, истаса, азоб беради». Бу биринчи Ақаба байъати эди.

Пайғамбар алайҳиссалом уларга Қуръон ва диний аҳкомларни ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайр билан Хадижанинг холаваччаси Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни жўнатдилар. Мусъаб қасамёд қилганлардан Абу Умома Асъад ибн Зуроранинг уйига тушиб, Хазраж ва Авс қабиласидагиларни Ислом динига даъват эта бошлади. Кунларнинг бирида Авс қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Муоз қариндоши Усайд ибн Хузайрга: «Бизнинг одамларимизни аҳмоқ, деб ҳисоблайдиган бу икки келгинди билан бир гаплашиб қўймайсанми?» деди. Усайд найзасини олиб икки муҳожирга рўбарў бўлди-да: «Нега сизлар бизнинг одамларимизни аҳмоқ қилиб юрибсизлар? Агар шахсий адоватингиз бўлса, орани очди қилиб олинглар, бошқа талабингиз бўлса, уни очиқ айтинглар», деди. Мусъаб унга жавобан: «Олдин мана бундай ўтириб гапларимизни эшитиб кўр, хоҳласанг, Ислом динини қабул қиласан, хоҳламасанг, зоримиз бор-у, зўримиз йўқ», деди ва Қуръон оятларини ўқий бошлади. Аллоҳнинг иродаси билан Усайднинг қулфи дили очилиб, Ислом динини қабул қилди. У қайтиб борганда оқсоқоли нималар қилганини сўради. «Худо ҳақи, улар ёмон одамлар эмас экан», деди Усайд. Саъд дарғазаб бўлиб, келгиндилар билан гаплашиб қўйгани ўзи борди. Мусъаб уни худди Усайддек хушмуомалалик билан кутиб олди, муддаосини ётиғи билан тушунтирди. Қуръон ўқиб берди. Саъд ҳам инсофга келиб, мусулмон бўлди ва Абду Ашҳал жамоасига бориб: «Мен сизлар учун кимман?» деди. «Сен бизнинг бошлиғимиз ва оқсоқолимизнинг ўғлисан», дейишди. «Ундай бўлса, бугундан эътиборан иймон келтириб, Ислом динига кирмагунингизча, сизлар билан гаплашиш менга ҳаром», деди Саъд. Абду Ашҳал жамоасининг одамлари оқсоқолларига эргашиб ёппасига мусулмон бўлдилар.

Ясрибда Ислом дини кенг тарқала бошлади. Одамлар беҳуда баҳс-мунозара қилиш ўрнига энди кўпроқ Ислом дини таълимотлари ҳақида гаплашадиган бўлишди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ