Орамиздан кўтарилган суннат ва тобора асл мазмунини йўқотиб бораётган тушунча

3 йил аввал 3573 siyrat.uz

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар». Муслим ва Ибн Можа ривоят қилишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда инсонларнинг қадр-қиммати Аллоҳ томонидан қандай ўлчаниши ҳақда гап кетмоқда. Аллоҳ таолонинг раҳмат назарига муяссар бўлиш учун нималарга эътибор бериш керагу ва аксинча, нималарга эътибор беришнинг кераги йўқлиги кўрсатилмоқда. Қадимдан турли жамиятларда инсон қадри турли нарсаларга боғлиқ бўлиб келган. Ҳар бир жамият ўз мафкурасидан, дунёқарашидан, инсон зотига муносабатидан келиб чиқиб, уни турлича тақдирлаган. Қайсидир бир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисобланган. Бошқа бир жамиятда эса ҳукмдор, амалдор инсон қадр топган. Ҳиндиларда олий диний табақадан туғилганлар, яҳудийларда яҳудий бўлиб туғилганлар энг яхши одам ҳисобланган. Қолганларга уларнинг малайлари, деб қаралган. Худосизлар жамиятида эса, иймонсиз бўлса-да, давлатга кўп фойда келтирган одам қадрланган ва ҳоказо. Шу билан бирга, одамлар ўйлаб чиқарган инсон қадрининг ўлчовлари ичида турли тузум ва фикрларни умумлаштириб турувчи нарсалар ҳам бўлган. Кишининг сурати ва молу мулки ана шу жумлага киради. Ҳар бир инсонда аслида чиройли сурат ва молу дунёга иштиёқ бўлади. Исломий тарбия эса ўша иштиёқни меъёрга солиб, тўғри йўлга йўллаб туради. Исломий тарбия бўлмаган жойда бу иштиёқ меъёрдан чиқади, мафкурага айланиб одамлар ташқи сурати, қўлидаги молу дунёсига қараб қадрланадиган бўлиб қолади. Бу нарса Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор. Қадимда одамлар ҳусни-жамоли, кийим-кечаги, туяси-оти, тилла-кумуши, уй-жойига қараб баҳоланган бўлса, энди улар ҳусни-жамоли, қоматининг кўркамлиги, машҳур ширкатлар чиқарган урфдаги кийимларни кийиши, тўлаган пули, минадиган машинаси, қурган уйи, қилган тўйига қараб баҳоланмоқда. Иккала ҳолда ҳам нарсаларнинг номи ва шаклида хилма-хиллик бор, холос, аммо моҳияти ўша-ўша. Ислом инсон қадрини бундоқ ноодил шаклда ўлчашга қадимда ҳам қарши эди, ҳозир ҳам қарши. Ислом назарида ҳусни-жамол ва молу дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки ҳаётнинг бир василаси, холос. Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир. Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди. Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою-хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади. Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия − азон айтишга эришди. Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Мадинада қул қилиб сотилган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу охирги замон Пайғамбарининг яқин маслаҳатчисига, аҳли байтига айланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида: «Салмон Биздан − аҳли Байтдандир», деб марҳамат қилдилар. Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли аввалда қул қилинган Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом жамиятидаги энг ҳурматли шахслардан бири бўлдилар. Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Рум империясига қарши урушаётган мусулмонлар ўзларининг музокарадаги вакиллари сифатида асли қора қул бўлган Ато розияллоҳу анҳуни танладилар. У кишини кўрган румликларнинг бошлиқлари у кишининг хунуклиги ва занжилигига ишора қилиб, «Биз бу одамни кўриб, қўрқиб кетяпмиз, бошқа тузукроқ вакилингиз йўқми?» дейишди. Шунда мусулмонлар: «Ичимизда энг тузук ва яхшимиз − шу. Агар буни кўриб қўрқаётган бўлсангиз, ишингиз тамом бўлибди. Чунки бизнинг орамизда бунга ўхшаганлар кўп», дейишди. Ана ўша илоҳий одил ўлчов туфайли мусулмон олами Имом Бухорийни ўзининг ҳадисдаги амири деб, у кишининг китобларини Қуръони каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб, деб эълон қилди ва ҳозиргача эъзозлаб келмоқда. Ана ўша илоҳий одил ўлчов туфайли Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Замахшарий, Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва бошқа юзлаб имомларимиз араб бўлмасалар-да, қалблари иймонли, ўзлари солиҳ амалли бўлганлари учун вафотларидан минг йилдан кўп вақт ўтгандан кейин ҳам Ислом уммати томонидан номлари эъзозланиб келинмоқда. Худди шундай гапларни Ибн Сино, Фаробий, Беруний, ал-Хоразмий, Улуғбек каби кўплаб алломаларимиз ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Қачонки, мусулмонлар инсоннинг қадрини ўлчашда ушбу илоҳий, одил ўлчовни эътибордан четда қолдиришгандан кейингина ишлари орқага кетди. Бунга тарих шоҳиддир. Ҳозир ҳам бунга истаганча мисоллар келтириш мумкин. Инсоният ҳалокатдан қутулиши учун, мусулмонлар мусибатдан чиқишлари учун юқоридаги ҳадисга қатъий амал қилишлари керак. Инсоннинг қадрини ўлчаш учун инсон ўзи тайёрлаган бузуқ тарозуни эмас, Холиқи тайёрлаган одил тарозуни ишлатиши керак. Ана шундагина ҳамма қалбини поклашга, солиҳ амаллар қилишга ўтади. Шу мақомда яна билиб қўйиш лозимки, Ислом инсоннинг қадрини унинг қалбига ва солиҳ амалига қараб ўлчар экан, ташқи гўзаллик ва молу дунёни инкор қилмайди. Чунки булар ҳам инсон учун зарур ва яхши нарса. Аммо булар кейинги ўриндаги, иймон ва солиҳ амали ўрнига ўта олмайдиган нарсалар. Булар инсон қадрини ўлчаш учун меъёр қилиб олинадиган эмас, балки иймон ва солиҳ амаллар йўлида хизмат қилиши лозим бўлган нарсалардир. Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши қалби иймон билан гўзал бўлган ҳолда, Аллоҳ берган моддий имкониятларни Аллоҳ кўрсатгандек ҳалол-пок сарфлаб, амали солиҳ ишлар қилиб яшайди. Қалбдан молу дунёга муҳаббат қўйиб, ҳою-ҳавасга берилиш мўмин-мусулмон учун ётдир.  

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида Абдулазиз Мансурхўжа тайёрлади.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ