Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаклу шамойилларини ўрганишда “Шамоил” китобларини ўрни

2 йил аввал 1959 siyrat.uz

Барча мўмин-мусулмонларга Пайғамбар алайҳиссалом шаклу шамойилларини, ташқи кўринишларию  ички оламларини ўрганишга бир неча сабаблар туртки бўлади. Биринчи сабаб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олий сифатлари ва юксак наътларини ўрганиш киши қалбида у Зотни улуғлашлик  жўш урушига воситадир. У Зотни улуғлаш эса шариатларини улуғлаш демакдир. Чунки гапнинг ҳурмати гапирувчи киши ҳурматининг даражасига қараб бўлади. Шариатни улуғлаш ва эҳтиром этиш − шариатга амал қилиш, унинг ҳад-чегараларидан ўтмаслик, буйруқ ва қайтариқларидан хабардор бўлиш ҳамда инсонни ўз Холиқи ва Моликидан чалғитувчи нафс манфаатлари ва хоҳиш-истакларидан шариатни устун қўйишга восита бўлади. Чунки Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. ( Зарият сураси: 56) Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва ўзини у Зотга бағишлаш абадий саодат, доимий шараф ва ҳақиқий рағбат қилувчиларнинг мақсади, орзумандларнинг орзуси  бўлмиш Аллоҳ таолонинг розилиги билан зафар қучишдир. Албатта, бу айтиб ўтганларимиз Аллоҳ таоло Ўз китоби Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадрларини мақтаб, шаънларини улуғлаб зикр қилган оятларда ўз аксини топгандир: Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: وَإِذْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ النَّبِيِّينَ لَمَا آَتَيْتُكُمْ مِنْ كِتَابٍ وَحِكْمَةٍ ثُمَّ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مُصَدِّقٌ لِمَا مَعَكُمْ لَتُؤْمِنُنَّ بِهِ وَلَتَنْصُرُنَّهُ قَالَ أَأَقْرَرْتُمْ وَأَخَذْتُمْ عَلَى ذَلِكُمْ إِصْرِي قَالُوا أَقْرَرْنَا قَالَ فَاشْهَدُوا وَأَنَا مَعَكُمْ مِنَ الشَّاهِدِينَ Эсланг, Аллоҳ (пайғамбарлардан) шундай аҳд олган эди: «Мен сизларга Китоб ва Ҳикмат берган бўлсам, эндиликда сизлардаги (Китоб)ни тасдиқ этувчи бир Пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта, унга иймон келтирасиз ва унга ёрдам берасиз!» (Аллоҳ): «Тан олдингизми ва аҳдномамни шу (шарт) билан қабул қилдингизми?» – деганида, улар: «Тан олдик»,– деб жавоб бердилар. Аллоҳ деди: «Гувоҳ бўлингиз, Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳлардандирман». (Оли Имрон: 81)

إِنَّا فَتَحْنَا لَكَ فَتْحًا مُبِينًا

(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизга аниқ фатҳ (ғалаба) бахш этдик. (Фатҳ: 1)

إِنَّ الَّذِينَ يُبَايِعُونَكَ إِنَّمَا يُبَايِعُونَ اللَّهَ يَدُ اللَّهِ فَوْقَ أَيْدِيهِمْ

(Эй, Муҳаммад!) Ҳақиқатан, Сизга байъат (қасамёд) қиладиганлар, албатта, Аллоҳга байъат қилган бўлурлар. Аллоҳнинг «қўли» уларнинг қўллари узрадир. (Фатҳ: 10)

مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ

Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. (Нисо: 80)

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

Айтинг (эй Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир». (Оли-Имрон:31) Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларига қасам ичади:

لَعَمْرُكَ إِنَّهُمْ لَفِي سَكْرَتِهِمْ يَعْمَهُونَ

(Эй Муҳаммад!) Умрингизга қасамки, улар ўз «мастликларида» гангиб юрар эдилар. (Ҳижр:72) Аллоҳ таоло у Зотнинг замонларига ҳам қасам ичган:

وَالْعَصْرِ إِنَّ الْإِنْسَانَ لَفِي خُسْرٍ  إِلَّا الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِّ وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ

Аср билан қасамёд этурманки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир. Фақат иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар. (Аср: 1,2,3) Аллоҳ таоло яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарларига ҳам қасам ичган:

لَا أُقْسِمُ بِهَذَا الْبَلَدِ

 (Эй Муҳаммад!) Мана шу шаҳар (Макка) билан қасамёд этурман. (Балад: 1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростгўй эканларига ҳам қасам ичган:

وَالنَّجْمِ إِذَا هَوَى مَا ضَلَّ صَاحِبُكُمْ وَمَا غَوَى

Ботиб кетаётган юлдуз билан қасамёд этаманки, сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад) залолатга кетгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ! (Нажм: 1,2) Яна Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни иззат-икром, инъом қилишига ҳам қасам ичган:

وَالضُّحَى وَاللَّيْلِ إِذَا سَجَى مَا وَدَّعَكَ رَبُّكَ وَمَا قَلَى

Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки, (эй Муҳаммад!) Раббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ! (Зуҳо: 1,2,3) Бу оятларда Аллоҳ таоло ҳақиқий муҳаббатнинг софлиги қандай бўлган бўлса, худди шундай давом этишини, дўстликнинг холислиги ўзгармасилигига қасам ичяпти. Иккинчи сабаб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаклу-шамойилларини ўрганиш у Зотнинг гўзал сифатлари ва хайру саховатларини ўрганишни ҳам ўз ичига олади. Бу эса Расулуллоҳни севишга восита бўлади. Чунки у Зотга бўлган муҳаббатнинг сабаблари гарчи кўп бўлса ҳам, уларнинг асосийси иккитадир:
  1. Гўзал сифатлари;
  2. Хайру саховатлари.
Чунки инсоннинг нафси табиатан гўзал сифатни, шунингдек, ўзига нисбатан хайру саховат қилувчини яхши кўрадиган қилиб яратилган. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўзал сифатларда ва  хайру саховатларда тенг келадигани борми? Йўқ, албатта. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш, у Зотга муҳаббат қўйиш −  бу, барча саодату шарафнинг асли бўлмиш иймоннинг руҳидир. Қолаверса, у Зотни севиш,аслида, биз учун буюк совға ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш қиёматда у Зот билан бирга бўлишга, у Зот билан қўшни бўлишга сабаб бўлади. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобийга: «Сен ўзинг яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан», деб айтганлар. Бошқа ривоятда эса:«Киши ўзи яхши кўрган кишиси билан бирга бўлади», деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти) Ҳофиз Абу Нуайм Мисъар ибн Кидомдан, у киши Атийядан ривоят қилади, у киши айтади: «Мен Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг олдида ўтирган эдим, шунда бир киши у зотга:«Эй Абу Абдураҳмон, қанийди, мен Расулуллоҳни кўрганимда!» деди. Ибн Умар унга: «Кўрганингда нима қилган бўлардинг?»  дедилар. У:«У Зотга иймон келтириб, икки кўзлари орасини ўпган бўлардим», деди. Ибн Умар: «Сенга хурандчилик хабарини берайми?» дедилар. У: «Ҳа, эй Абу Абдурраҳмон», дея жавоб берди. У зот: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитган эдим: «Менга бўлган муҳаббат кимнинг қалбида пайдо бўлса, сўнг мени яхши кўрса, Аллоҳ таоло унинг баданини жаҳаннамга ҳаром қилади», дедилар. Учинчи сабабРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаклу шамойилларини ўрганишга сай-ҳаракат қилиш у Зотни мадҳ этиш,  у Зотдан қолган хазиналар эшикларини очиб бериш демакдир. Зеро олийжаноб зотлар мақталсалар, ҳадя, совғаларни мўл-кўл қилиб берадилар. Дарҳақиқат, Аббос ибн Мирдос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этганида, унга юз туя ҳадя ато этган эканлар. Каъб ибн Зуҳайр  ўзининг  қуйидаги қасидасини айтиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этганида, у Зот ўз кийимларини ечиб берганлар: Албатта, Расул бамисоли нур сочувчи қиличдир, Аллоҳ таолонинг қинидан чиқарилган энг зўр шамширидир. Шунингдек, яна илоҳий раҳматнинг хушбўй ҳидларидан баҳраманд бўлиш бордир. Чунки солиҳ зотлар ёд этилганида Аллоҳ толонинг раҳмати нозил бўлар экан, энди инсониятнинг саййиди, устуни, қўллаб-қувватловчиси бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёд этилсалар, қандай бўлар экан? Зеро Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганларидек,  Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра карамлироқ бўлган бирор махлуқотни яратган эмас. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг обрўларидан кўра буюкроқ улуғлик яратган эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай буюк иззат ва шарафлари ҳурматидан у Зотга хизмат қилган кишида ҳам обрў пайдо бўлади. Саййид Абдулваҳҳоб Шаъроний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло бу борлиқда Пайғамбар алайҳиссаломдек бирор кишига дунё ва охират жиҳатидан тўла ҳукмронлик ато этган эмас. Шу эътибордан ҳам ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сидқидилдан, муҳаббат ва вафодорлик ила хизмат қилса, ундай кишига золимлар ҳам бўйсунади, уни барча мўминлар иззат-икром қилади, худди бу ҳолатни дунё подшоҳларига яқин бўлган мулозимларида кузатишингиз мумкин. Чунки ким саййидга хизмат қилса, бошқа қуллар унга хизмат қилади». Тўртинчи сабаб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини ўрганиш  ёд этувчининг худди ул Зотнинг ўзларини кўргандек бўлишига кўмак беради. Расулуллоҳни уйқуда кўришда эса буюк фойдалар ва улкан ва битмас-тугамас фазилатлар бордир. Бешинчи сабаб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини зикр этиш ёки эшитиш гўё у Зот билан учрашиш, у Зотга яқин бўлиш кўринишларидан саналади. Зеро бунда маҳбуб Зотнинг сифатлари билан қулоқ ва тил роҳат олади ва айни пайтда у Зотнинг қалбда ҳозир бўлишларига восита бўлади. Чунки у Зоту шарифни ҳақиқатда кўз билан кўриш насиб қилмаган бўлса-да, қулоқ ила эшитиш ва қалб кўзи ила назар солиш неъмати ўз қўлимиздадир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, «Шамоил» китоблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари борасида ёзилган китобларнинг энг гўзалларидир. Зеро «Шамойил» китобларини мутолаа қилувчи киши китобнинг ҳар бир бобида худди Расулуллоҳ жанобларининг ташқи кўринишлари ва барча гўзал хулқларини бевосита кузатаётгандек бўлади. Олтинчи сабаб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини зикр қилиш қалблардаги сокин муҳаббат ва яширин бўлиб турган шавқни жунбушга келтиради. Қалбларнинг очилиши ва шодланиши натижасида ана шу гўзалликларнинг жилосига муносиб туйғулар ҳосил бўлади. Шунинг учун китобхонларимиз «Шамойил» китобларини  хушуъ  билан мутолаа қилсалар, қалбларидаги шавқу завқ уйғонади.

Обид Абдулғофур




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ