БИЛДИРИШНОМА

3 йил аввал 7602 siyrat.uz

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Икки олам сарвари, умматлари учун барча роҳатлардан кечган, уларни дунёю охират яхшиликларига чақирган саййидимиз, шафоатчимиз, меҳрибонимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини уммати Муҳаммадман деб ҳисобловчи, лекин ҳақиқий умматми ёки уммат эмаслигини билмайдиган бир гуноҳкор бандадан Б И Л Д И Р И Ш Н О М А Ё Расулуллоҳ, шу нарса барчамизни қувонтирадики, Сиз олиб келган муқаддас дин Ислом оёғи етмаган жойнинг ўзи қолмади. Сиз илоҳий рисолатни мукаммал адо этиб, зиммангиздаги вазифани ортиғи билан бажардингиз. Инсониятнинг эзгу ишларни қилишлари ва бузғунчиликларни бартараф этишлари, шубҳасиз, Сизнинг меҳнатингиз маҳсулидир! Ё Расулуллоҳ, Сизнинг бу фоний дунёдан боқий дунёга сафар қилганингизга ўн беш аср бўлган бўлса-да, одамлар, улар хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайридин бўлсин, бугун Сизнинг тарих давомида ўтган энг буюк инсон бўлганингизни эътироф этиб, Сизнинг йўлингиздан юрмоқда. Одамлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай инсон бўлган экан деб, Сизнинг сийратингиз борасида ёзилган китобларни ўқиб чиқмоқдалар. Ё Расулуллоҳ, бизнинг ўлкамиз ҳам мустақил бўлгандан сўнг динга катта эътибор берилди. Энди Сизнинг сийратингиз ёзилган китоблар ўзбек тилида ҳам мавжуд. Сизнинг меросхўрларингиз бу борада чарчоқ билмай ҳаракат қилмоқдалар. Уларнинг меҳнати ўлароқ халқимиз Сизни ва Сиз олиб келган динни янада яхшироқ таниди. Тўғри, бу юртдан бутун дунёга сўзи ўтган забардаст олимлар етишиб чиққан, бу халқ ҳам бошқалардан кўра саводи олий бўлган эди. Лекин бу юртни мустамлака қилган ғаним биринчи бўлиб унинг динига чанг солди. Натижада халқ анча вақт маънавий ҳаётдан узилиб қолди. Ё Расулуллоҳ, бугун Сиз олиб келган дин барчанинг эътиборига тушган. Замон ривожланиб, кундан кун чиқаётган янгиликларга фақат Сиз олиб келган дин мос келмоқда. Бошқа бирор дин ёки таълимот бунга дош бера олгани йўқ. Бу ҳам Сиз олиб келган дин энг тўғри ва мукаммал дин эканини билдиради. Ё Расулуллоҳ, бугун ҳар бир соҳанинг вакили сизнинг кўрсатмангизга амал қилса, муваффақиятга эришмоқда. Буни қарангки, Сизнинг суннатингиз ичида барча касб эгаларига тегишли кўрсатмалар мавжуд. Ёш бола ота-онасига эргашгани каби катта инсонлар ҳам кимдандир намуна ва андоза олишлари табиий. Аллоҳ таолонинг оятига эргашиб, Сиздан ўрнак олаётганлар нажотга эришмоқда. Ё Расулуллоҳ, бугун барча Ислом ҳақ дин эканини тушуниб етди. Лекин бу ҳақиқатни тиллари билан ошкор қила олмаяптилар. Сиз ҳаёт бўлган чоғингизда Абу Жаҳл бор ҳақиқатни айтиб бўлган эди. Бир киши Абу Жаҳлдан: «Муҳаммад рост гапиряптими ёки ёлғон?» деб сўраганида, шундай жавоб берган эди: «Эй шўринг қургур! Қасамки, Муҳаммад рост гапиряпти, Муҳаммад ҳеч қачон ёлғон гапирмаган! Лекин Қусайнинг авлодлари байроқни ҳам, ҳожиларни суғоришни ҳам, каъбапўшни ҳам, пайғамбарликни ҳам илиб кетса, Қурайшнинг бошқа уруғларига нима қолади?!». Ҳа, уларнинг хаёлида ҳам шу! Барча нарсада мусулмонлар бош бўлса, барча нарсага мусулмонлар ҳукм чиқарса, барча нарсага мусулмонлар эга чиқса, бошқаларга нима қолади?! Улар бу ҳақиқатни қанчалар яширишга уринмасинлар, барибир, тақдир, вақт ва Аллоҳнинг хоҳиши бунга зид чиқмоқда. Ё Расулуллоҳ, бугун инсонларга Сизни таништирадиган тадбирлар, мусобақалар ва танловлар ўтказилмоқда. Мақсад: барча Сизнинг сийратингиздан хабардор бўлсин ва барча ишларни олиб боришда Сизни намуна қилиб олсин. Лекин ё Расулуллоҳ, бугун Сизнинг довруғингиз бутун дунёга тарқалганини кўра олмайдиганлар ҳам бор. Улар бор имкониятларини сарфлаб, Сиз ва Сиз олиб келган динни ёмонотлиқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилиб, бу мақсадни амалга ошириш учун бор-будларини совурмоқдалар. Лекин ё Расулуллоҳ, бугун душманларнинг меҳнати шу қадар натижа бердики, Сизнинг суннатингизга эргашиб салла ўраган, соқол қўйган ва узун кўйлак кийган ҳар қандай киши қўпорувчи ёки террорчи ё жаллод, деб гумон қилинадиган бўлиб қолди. Ҳатто шундай мамлакатлар аҳолиси борки, мусулмон ёки Ислом деган сўзни эшитса, дағ-дағ қўрқувга тушадиган бўлиб қолган. Мусулмоннинг ўзини кўрса-ку, жаллодни кўргандай бўлади. Ё Расулуллоҳ, бугун душманлар Сизнинг кўрсатмаларингизга амал қилмайдиган, сўзида Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига амал қиламиз, деб даъво қиладиган, аслида Сиз олиб келган покиза шариатга бутунлай зид келадиган ишларни амалга ошираётган бир давлатни қурдилар. Бу давлат Сиз ва Ислом номидан бузғунчиликларни қилиб муқаддас Ислом динига доғ туширмоқда. Бу қилғиликларнинг ўзи уларни сохта Ислом давлати эканини англатиб турибдиЛекин ё Расулуллоҳ, бугун ғанимларнинг мана шундай фитналари авж олиб турган бир пайтда ҳам мусулмонлар бирлашишга интилаётгани йўқ. Бири бошқасининг зарарига фойда кўриш илинжида. Ҳатто улар ҳақида «Булар бирлашмасликка келишиб олган», деган мақол ишлатилмоқда. Ё Расулуллоҳ,бугун Сиз қўрққан нарса содир бўлди. Сиз саҳобаларга: «Мен сизларни ўзимдан кейин кофир бўлиб кетишингиздан қўрқмайман. Аммо сизларга дунё очилиб, бойликка эга бўлганингиздан кейин фитнага йўлиқишингиздан қўрқаман», деган эдингиз. Айни мана шу нарса рўй берди. Сизнинг вафотингиздан кейин қандай фитна чиққан бўлса, барчасининг ортида дунё турган. Ҳозирги фитналар ортида ҳам худди мана шу бало турибди. Лекин ё Расулуллоҳ, Сиз Аллоҳ таолонинг «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик», деган оятини олиб келиб одам фарзандини азизу мукаррам қилган бўлсангиз, бугун бу инсоннинг қадри бир қушчалик ҳам бўлмай қолди. Шундай ташкилотлар тузилдики, улар тирик инсонларнинг жони ҳақида қайғурмайдилар. Лекин ўша ердаги қушларни сақлаб қолиш учун баъзи инсонларнинг баҳридан ўтишга ҳам тайёр. Бугун инсон инсонлиги учун ҳурмат қилинмаяпти. Балки ким экани, қайси давлатнинг фуқароси экани, қанча пули бор, қайси динда эканига қараб муомала қилинмоқда. Яқинда икки давлатда бир хил жиноят содир этилди. Бутун дунёга четдан бир назар ташланг-а, икки хил муносабат. Мана инсоннинг инсонлиги! Ё Расулуллоҳ, бугун Сизнинг гўзал хулқу атворингиздан бехабар, кимларнингдир алдовига учиб ёки мўмай пул ишлаш учун Сизнинг расмингизни чизадиган жоҳиллар ҳам чиқди. Улар Пайғамбар деган киши ким эканини билганида бундай ишларни қилишга ботина олмаган бўлармиди?! Лекин ё Расулуллоҳ, улар мусулмонлар ғазаб отига миниб, турли жиноятларни содир этишини кутган эди. Натижада мана мусулмонлар, мана Ислом динининг асл башараси, деган айбни қўйишни кўзлаган эдилар. Лекин мусулмонлар содир бўлаётган ишларнинг ҳақиқатини билиб муаммони тинч йўл билан, Сизнинг оқилона услубингиз ила ҳал қилдилар. Сизнинг меросхўрларингиз бу масалага маърифат билан ёндашдилар ва Сиз ҳақингиздаги маълумотларни барчага улашдилар. Сизнинг ким эканингизни билган ғарбликлар тўда-тўда бўлиб мусулмон бўла бошлади. Улар расмда чизилган шахс билан охирги Пайғамбар ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ экани, буларнинг барчаси уйдирма эканини тушиниб етдилар. Лекин ё Расулуллоҳ, душманлар бу фитна фойда бермагани, балки ўзларининг зарарига ишлаганини кўргач, сохта мусулмонларни ёллаб, ўз одамларининг баҳридан ўтиб юборди ва гўё бутун дунёга мусулмонлар ва Исломнинг асл башарасини кўрсатгандек бўлдилар. Ё Расулуллоҳ, Сиз оламларга раҳмат бўлиб келдингиз. Биз бугун Сизнинг йўлингизни тутиб, бундай ишларни қилаётганларга гўзал насиҳат, ҳикмат ва чиройли мунозара билан жавоб қайтариб, Аллоҳ таолодан уларга ҳидоят сўрамоқдамиз. «Ё Аллоҳ, уларни ўзинг ҳидоятга бошла!». «Ё Аллоҳ, уларни ўзинг ҳидоятга бошла!». «Ё Аллоҳ, уларни ўзинг ҳидоятга бошла!». Ё Расулуллоҳ, буларнинг барчасини ўзингиз жуда яхши биласиз! Менинг билдиришимнинг ҳожати ҳам йўқ. Лекин қалбдаги дард буларни ошкор қилишни хоҳлади. Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ бу ишларни қилаётганларга ҳидоят берсин! Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ барча мусулмонларга тинчлик, офият ва хотиржамликни берсин! Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, барча мусулмонлар Сизга тўлиқ эргашсин! Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ гуноҳларимизни мағфират қилсин! Ё Расулуллоҳ, Сизга Аллоҳнинг салоти ва саломлари бўлсин! Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!   Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ