Бажиланинг насаби

1 ўн йил аввал 2045 siyrat.uz

Ибн Ҳишом: Яманликларнинг айтишича, Бажила – Анмор ибн Ираш ибн Лиҳён ибн Амр ибн Ғавс ибн Молик ибн Зайд ибн Каҳлон ибн Сабаъ ўғлидир. Баъзилар Ираш – Амр ибн Лиҳён ибн Ғавс ўғлидир, дейишади. Бажила ва Хасъамнинг ватани Ямандир.

Ибн Исҳоқ: Подшоҳ уларнинг ҳар иккаласига ҳам элчи юборди. Сатиҳ подшоҳ ҳузурига Шиққдан олдин келди. Рабиъа унга: «Мен бир туш кўрдим, бу туш мени жуда қўрқитиб юборди. Мен қаттиқ қўрқдим. Сен менга кўрган тушимни айтиб бер. Агар тушимни тўғри топсанг, таъбирини ҳам тўғри топасан», – деди.

Сатиҳ «хўп» деди-ю: «Сиз чўғ бўлиб турган кўмирнинг қоп-қоронғи зулмат ичидан чиқиб келганини ва чуқур бир ерга тушиб, у ердаги ҳар бир жони бор нарсани еб юборганини кўрдингиз», деди.

Подшоҳ унга: «Эй Сатиҳ, кўрган тушимдан бирор нарсани қолдирмай сўзлаб бердинг. Энди унинг таъбири ҳақида нима дейсан?» деди.

Сатиҳ: Мағриб ва Машриқ ўртасидаги тирик жонга қасам ичиб айтаманки, сизларнинг ерларингизга ҳабашлар тушиб, Абян деган жойдан то Журашгача бўлган ҳудудни босиб оладилар.

Рабиъа: «Эй Сатиҳ, отанг номи билан қасам ичиб айт, бу воқеа бизни ғазабга солиб, қалбимизга алам етказади. Бу воқеалар қачон бўлади? Менинг замонимдами ёки ундан сўнгми?» деди.

Сатиҳ: «Йўқ, кейинроқ, олтмиш ёки етмиш йил ўтганидан сўнг».

Рабиъа: «Уларнинг подшоҳлиги абадий бўладими ёки тўхтайдими?»

Сатиҳ: «Йўқ, абадий бўлмайди. Етмиш йилдан сал кўпроқ давом этади. Сўнгра уларга уруш қилинади ва Ямандан қочиб кетадилар».

Рабиъа: «Ким уларга қарши чиқиб, Ямандан қувиб чиқаради?».

Сатиҳ: «Адан томондан Ирам Зу Язан деган одам келади. Улардан бирортасини ҳам Яманда қолдирмайди».

Рабиъа: «Унинг подшоҳлиги доимий бўладими ёки тўхтайдими?»

Сатиҳ: «Йўқ, тўхтайди».

Рабиъа: «Уни ким тўхтатади?»

Сатиҳ: «Олий Зот томонидан юбориладиган маъсум Пайғамбар».

Рабиъа: «Бу Пайғамбар кимдан чиқади?»

Сатиҳ: «У Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн ан-Надр авлодидан бўлган бир кишидир. Подшоҳлик унинг қавми орасида дунё тугагунича қолади».

Рабиъа: «Дунёнинг охири борми?»

Сатиҳ: «Ҳа, бор. У кунда аввалгию охиргилар ҳаммалари тўпланадилар. Бу дунёда яхшилик қилганлар саодатга, ёмонлик қилганлар эса азобга йўлиқадилар».

Рабиъа: «Менга айтаётган гапларинг ростми?»

Сатиҳ: «Ҳа, шафақ ва қоронғулик ҳамда субҳнинг ёришган пайтига қасам ичиб айтаманки, сизга айтган гапларимнинг барчаси ҳақдир».

Шу пайт Шиққ келиб, подшоҳ унга ҳам Сатиҳга айтган сўзларни такрорлади. Сатиҳнинг жавобини эса сир тутди. Бундан мақсади, икковининг сўзлари бир хил чиқиш ёки чиқмаслигини синаш эди.

Шунда Шиққ: «Ҳа, сиз бир кўмирни чўғ бўлиб зулмат ичидан чиққанини ва боғ билан адир орасига тушганини, натижада ҳар бир жонли нарсани еб тугатганини кўрдингиз», деди.

Подшоҳ бу сўзларни эшитгач билдики, уларнинг сўзлари бир хил, фақат Сатиҳ «Чуқур бир ерга тушганини ва у ердаги ҳар бир жонли нарсани еб тугатганини кўрдингиз»,  деган бўлса, Шиққ «Боғ билан адир орасига тушганини ва ҳар бир жонли нарсани еб тугатганини кўрдингиз», деди. Подшоҳ унга: «Тушимдан бирор нарсани қилдирмай тўғри айтдинг, энди унинг таъбирига нима дейсан?» деди.

Шиққ: «Машриқ ва Мағриб ўртасидаги ҳар бир инсонга қасам ичиб айтаманки, сизларнинг ерларингизга суданликлар тушиб, ҳар бир юмшоқ панжа эгаси (тирик жон)га ғолиб келадилар ва Абяндан то Нажронга қадар эгаллайдилар».

Рабиъа: «Эй Шиққ, отанг номи билан қасам ичиб айтгин, сен айтган воқеа бизни ғазаб ва аламга соладиган ишдир, у қачон бўлади? Менинг замонимдами ё ундан кейинроқми?»

Шиққ: «Йўқ, бир муддат кейинроқ, сўнгра сизларни улардан улуғ шаън эгаси бўлган, улуғ одам қутқаради ва уларга қаттиқ хорлик етказади».

Рабиъа: «Бу юқори мартабали, улуғ одам ким?»

Шиққ: «Ақлсиз ва заиф бўлмаган кишидир. У «Зу Язан» уйидан чиқади ва улардан бирортасини ҳам Яманда қолдирмайди».

Рабиъа: «Унинг подшоҳлиги доимий бўладими ёки тўхтайдими?»

Шиққ: «Ҳақиқат ва адолатни дин ва фазл аҳли орасига олиб келувчи, қавми орасида подшоҳлиги қиёмат кунига қадар давом этувчи, Аллоҳ томонидан юборилган Расул келиши билан унинг султонлиги тўхтайди».

Рабиъа: «Қиёмат куни нима?»

Шиққ: «У шундай кунки, унда волий (бошлиқ)лар ҳам жазоланадилар, Осмондан бир қанча чақириқлар бўладики, уларни тириклар ҳам, ўликлар ҳам эшитадилар ва у кунда инсонлар ҳисоб учун тўпланадилар. Ким бу дунёда Парвардигоридан қўрққан бўлса, ҳақиқий зафар ва барча яхшиликлар ўша бандаларгагина насиб этади».

 

Рабиъа: «Айтганларинг ростми?»

Шиққ: «Осмон ва ерни, улар орасидаги баланд-паст нарсаларнинг Раббисига қасамки, айтганларим ҳақ ва ушбу сўзларимда шак йўқ».

Шундан сўнг уларнинг айтган сўзлари подшоҳнинг қалбига ваҳима солиб қўйди. Подшоҳ оиласи ва фарзандларини етарли озуқа билан Ироққа юбориб, Форс шоҳларидан бўлган Собур ибн Хуразозга хат ёзиб берди. Шоҳ уларни Ҳийра номли ерга жойлаштирди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ