Ваҳриз ва Сайф ибн Зу Язан ҳамда уларнинг Масруқ устидан ғалаба қозонишлари

3 йил аввал 1798 siyrat.uz

Кисро улар (маҳбуслар)га Ваҳриз деган кишини бошлиқ этиб тайинлади. У улар орасида энг ёши каттаси ва насаб жиҳатдан ҳам энг афзали эди. Шундай қилиб, улар саккизта кемада йўлга чиқдилар.

Икки кема йўлда ғарқ бўлди ва Адан соҳилига олтита кема етиб келди. Сайф қавми орасидан кучи етганича Ваҳризга аскар тўплаб берди ва унга: «То ўлгунимизча ёки биргаликда ғалаба қозонгунимизча сен билан биргаман»,  деди. Ваҳриз унга: «Тўғри айтдинг»,  деди. Унга қарши Яман подшоси Масруқ ибн Абраҳа аскар тўплади. Ваҳриз унга қарши ўғлини юборди, шунда Ваҳризнинг ўғли ўлдирилди ва бу унинг уларга бўлган ғазабини ошириб юборди. Одамлар жанг қилиш учун саф тортганларида Ваҳриз: «Менга уларнинг подшосини кўрсатинг»,  деди. Унга: «Фил устида бошига тож кийган, икки кўзи ўртасида қизил ёқут жойлашган одамни кўраяпсизми?»  дедилар. Ваҳриз: «Ҳа» деди. «Ана шу уларнинг подшоҳидир», дейишди. Шунда Ваҳриз: «Уни тек қўйинглар!»  деди. Улар узоқ туриб қолдилар. Ваҳриз «У нима устида ўтирибди?»  деди. «У отга миниб олган»,  дедилар. У яна: «Уни тек қўйинглар!» деди. Улар яна бироз турдилар, сўнгра яна: «У нима устида?»  деб сўради. Одамлар: «У хачирга минди»,  дедилар. Ваҳриз: «Эшакнинг қизи! Ўзи ҳам, мулки ҳам хор бўлди. Мен ҳозир унга ўқ отаман, агар унинг шериклари қимирламаётганларини кўрсангиз, то изн бермагунимча ўз жойларингдан қимирламанглар. Чунки шунда менинг ўқим унга тегмаган бўлади. Агар одамлари унинг атрофига тўпланиб, уни ўраб олганларини кўрсаларингиз, билингки, менинг ўқим унга теккан бўлади, дарҳол уларга ҳамла қилинглар»,  деди. Сўнгра камонини тортди. Айтишларича, Ваҳризнинг камони қаттиқлигидан, ўзидан бошқа ҳеч ким торта олмас эди. Сўнг камонини нишонга олиб отди. Ўқ Масруқнинг икки кўзи орасидаги ёқутни ёриб ўтиб, бошига кирди ва орқасидан тешиб чиқди. У шу онда хачиридан йиқилди. Ҳабашлар унинг атрофини ўраб, олдида йиғилдилар. Шунда форслар ҳужумга ўтишди. Ҳабашлар енгилиб, кўплари ўлдирилди. Қолганлари эса ҳар томонга тумтарақай қочиб кетди. Ваҳриз Санъо шаҳрига келиб, кирмоқчи бўлганида: «Менинг байроғим бу ерга эгилган ҳолда кирмайди, унинг дарвозасини бузинглар»,  деди. Дарвоза бузилди, у байроғини тик кўтарган ҳолда шаҳарга кирди. Сўнг Сайф ибн Зу Язан ал-Ҳимярий ҳабашларнинг енгилгани, ўзларининг ғолиб бўлганлари ҳақида шеър айтди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ