Насаблари, дунёга келишлари, разоатлари

3 йил аввал 4017 siyrat.uz

Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари, дунёга келишлари ,разоатлари

     Насаблари: Аднон, Маъадд, Низар, Музар, Илёс, Мудрика, (Омир) Хузайма, Кинона, Назр, (Қайс) Молик, Фиҳр (лақаби Қурайш), Ғолиб, Луай, Каъб, Мурра, Килоб, Қусай, (Зайд) Абдуманоф (Муғийра), Ҳошим, Абдулмуттолиб, Абдуллоҳ, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг насаби шарифларининг шажарасидан шу қадарини муттафақун алайҳи − барча уламолар тасдиқлаган. Аммо ундан юқориси ихтилофли бўлиб, ишончсиз манбааларга асосланган. Лекин шуниси аниқки, Аднон Иброҳим Халилуллоҳнинг ўғли Исмоил алайҳимассаломнинг фарзандларидандир. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламни покиза қабиладан, тоза уруғдан танлаганки, у Зотнинг ота-боболаридан бирортаси жоҳилият ботқоғига ботмаган. Имоми Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло Исмоил авлодидан Кинонани, Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Ҳошимни ва Бани Ҳошимдан мени танлаб олган». У Зот «Фил» йили 12 Робиул аввал ойи душанба куни дунёга келганлар. Фил йили − Абраҳа Маккага юриш қилиб, Каъбани вайрон қилишга ҳаракат қилган пайтда Қуръони Каримда зикр қилинганидек, Аллоҳ таоло Абраҳанинг ёвуз ниятини Ўзининг очиқ ояти − мўъжизаси билан пучга чиқарган йилдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? У Зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими? У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, уларни (қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди! Изоҳ: ривоят қилинишича, қушлар томонидан отилган ҳар бир тош бир кофирнинг бошидан тешиб кириб, остидан чиқиб кетган экан. (Фил сураси, 1-5-оят.) У Зот оналарининг қорнида икки ойлик ҳомила бўлган пайтларида оталари Абдуллоҳ вафот этган эди. Туғилгач, у Зотга боболари Абдулмутталиб оталик қилди ва (ўша пайтдаги арабларнинг одатига кўра) эмизиш учун бану Саъд ибн Бакр қабиласидан бўлган бир аёлни − Ҳалима бинти Абу Зуайбни ёллади. Барча сийрат ровийларининг иттифоқига кўра, ўша пайтда бану Саъд қабиласи қурғоқчилик йилини бошидан ўтказаётган эди. Экин-тикинлар қуриган, чорваларнинг сутлари камайган пайт эди. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам бу қабилага келиб, Ҳалима у Зоти бобаракотни эмиза бошлаши билан унинг хонадонига файз кириб, ери унумдор бўлди, чорвалари яйловдан тўйиб, елинлари сутга тўлиб қайтадиган бўлди. Мазкур қабилада ўсаётган чоғларида, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларини ёриш (шаққус-садр) воқеаси рўй берди. Ўша воқеадан кейин беш ёшга тўлганларида ўз оналарига қайтарилдилар. Олти ёшга тўлганларида эса, оналари Омина вафот этди. Саккиз ёшларида боболари Абдулмутталиб вафот этиб, амакилари Абу Толибнинг қарамоғига ўтдилар.

Ибратли нукталар

    Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам сийратларининг юқорида зикр этилган бўлагидан қуйидаги баъзи ибратли нукталарни олиш мумкин:

    1.  Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари баёнидан шу нарса маълум бўладики, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу рисолат вазифасига инсоният ичидан арабларни танлади, қабилалар орасидан эса Қурайшни лойиқ кўрди. Ушбу маъно бир неча ҳадиси шарифда ҳам ўз аксини топган. Имоми Термизий ривоят қилган ана шундай ҳадислардан бирида айтиладики: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи вааллам минбарда туриб шундай дедилар: — Мен кимман? — Сиз Аллоҳнинг Расулисиз,− дедилар. —Мен Абдулмутталибнинг ўғли Абдуллоҳнинг фарзанди Муҳаммадман. Аллоҳ таоло бутун халқларни яратиб, уларни икки фирқага бўлди. Мени у иккисининг энг яхшисига мансуб қилди. Сўнг уларни қабилаларга ажратди ва мени энг яхши қабиладан чиқарди. Кейин оилаларга тақсимлади. Мени эса энг яхши оиладан чиқарди. 2. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг етим бўлиб туғилишлари,  кейин боболаридан ҳам айрилишлари, ҳаётнинг илк даврини ота тарбияси ва ҳимоясидан узоқ, она меҳр-мурувватидан йироқ ҳолда ўтказишлари тасодиф эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли пайғамбари мана шундай тарзда улғайишини ирода қилишида етук ҳикматлар бордир. Эҳтимол, ана шундай ҳикматлардан бири: Қурайш кофирлари: «Муҳаммад (соллоллоҳу алайҳи васаллам) ўз рисоласини, даъватини отаси ва бобосининг кўрсатма ва қўлланмалари билан амалга оширади», деб одамларнинг қалбига шубҳа солишларига йўл очилмаслиги учун бўлса, не ажаб. Дарвоқе, боболари Абдулмутталиб қавмининг ичида обрў-эътиборли киши бўлган. Ҳожиларни оби-овқат билан таъминлашдек баланд лавозим эгаси бўлган. Табиийки, бобо неварасини ёки ота ўғлини ана шундай меросни сақлаб қолиш йўлида тарбиялайди. Аллоҳ таолонинг ҳикмати эса ана шундай шубҳаларга ўрин қолдирмасликни тақозо қилди ва Ўз Расулини ота-она ва бобосининг тарбиясидан узоқда ўстирди. Ҳатто чақалоқлик онларини ҳам оиласидан йирокда − бану Саъд саҳросида ўтказишини хоҳлади. У зот боболари вафот этгач, амакилари Абу Толибнинг қарамоғига ўтдилар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига амакиларининг ҳам дахли йўқлигини англаш  учун     Абу   Толиб  умрининг  охирига (ҳижратдан уч йил аввал вафот этган) қадар Исломни қабул қилмагани яққол далилдир. Шунингдек, у Зот мол-дунё фаровонликларидан ҳам йироқда, фақат Аллоҳ таолонинг риоятида ўсдилар. Токи у Зотнинг нафслари мол-дунё ва обрў-мансаб эътиборига мойил бўлмасин учун. Акс ҳолда, инсонлар наздида пайғамбарлик муқаддаслиги билан дунёвий обрўпарастлик аралашиб кетиши эҳтимол эди. 3. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ривоят қилган барча олимларнинг иттифоқига кўра, Ҳалимаи Саъдиянинг қуриб, сарғайиб ётган манзили, ерлари Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламни эмизиш учун келтирганларидан кейин унумдор кўкаламзорга айланди. Бир томчи ҳам сут бермаётган туясининг елинига сут тўлиб кетди. Буларнинг барчаси Роббининг наздида Расулуллоҳнинг мартабаси ва шаъни, ҳатто гўдаклик чоғларида ҳам, баланд бўлганлигидан далолат беради. Бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Зеро, Шариати Исломия бизга қурғоқчилик вақтида дуоларимиз ижобат бўлиши учун солиҳ инсонларнинг баракоти билан, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг аҳли байтларининг ҳурмати билан ёмғир сўрашимизни ўргатган. Энди Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи васалламнинг Зоти шарифларига мушарраф бўлган жойнинг ҳолати қандай яхши томонга ўзгаришини тасаввур қилиш қийин эмас. Зотан, у Зот бутун инсониятга раҳмат қилиб юборилганлар. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) дарҳақиқат, Биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати − жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик». 4. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом бану Саъд (энагаларининг) қабиласида яшаётган пайтларида кўкракларини ёриш ҳодисаси рўй берди. Бу воқеа пайғамбарлик муждаси ва Аллоҳ таоло у кишини бир улуғ иш учун танлаб олганлигининг далолати, деб ҳисобланади. Бу ҳодиса жуда кўп саҳобалар томонидан ривоят қилинган. Ана шулардан бири, Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: «Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом болалар билан ўйнаб юрганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, у кишини ушлаб ерга йиқитди. Кўкракларини ёриб, юракларини чиқарди-да, ундан бир парча лаҳта қонни олиб ташлаб, шундай деди: «Бу Сиздаги шайтоннинг насибасидир». Сўнг юракларини олтин тоғорада замзам суви билан ювиб, жойига қайтариб қўйди. Болалар эса қий-чув қилиб у Зотнинг энагалари олдига бориб: «Муҳаммадни ўлдиришди», деб айтишди. Улар даҳшатга тушиб у кишининг олдига келганларида, ранглари оқариб кетган ҳолда топишди». Бу воқеанинг ҳикмати, валлоҳу аълам, Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг жисмларидан ёмонлик безини олиб ташлашнинг ўзи эмас. Чунки без ёки жисмнинг қайсидир жойида турган лаҳта қон ёмонликнинг манбаи бўлганида, ёмон одамларни жарроҳлик йўли билан яхши одамга айлантириш мумкин бўларди. Шундай экан, бу жойдаги ҳикмат Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларидаги «иш-амаллар»ини эълон қилиш, маъсумликка, ваҳийга гўдаклик чоғиданоқ моддий воситалар билан ҳам тайёрлашдир. Токи бундай ишлар одамлар у кишига иймон келтиришини, рисолатини тасдиқлашини осонлаштирсин. Демак, бу маънан поклаш амалиёти экан. Лекин у мана бундай ҳиссий шакл олишининг сабаби инсонларнинг қулоқлари ва кўзларига илоҳий эълон бўлсин учундир.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ