Нуаймнинг мушрикларни алдаши

599

 

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотнинг саҳобалари Аллоҳ васф этганидек, хавф  ва қийинчилик ичида эдилар. Душман уларга ҳам тепаларидан, ҳам пастларидан ёпирилиб келганди.

Шу вақтда Нуайм ибн Масъуд ибн Омир  ибн Унайф ибн Саълаба ибн Қунфуз ибн Ҳилол ибн Халова ибн Ашжаъ ибн Райс ибн Ғатафон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен Исломни қабул қилдим. Қавмим менинг Исломга кирганимни билмайди. Менга нимани хоҳласангиз, буюринг», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен биз­нинг ичимиздаги бир кишисан, агар қўлингдан келса, уларни бўлиб юбор. Зеро уруш ҳийладир», – дедилар Нуайм ибн Масъуд чиқиб, Бани Қурайзанинг олдига келди. У жоҳилиятда уларнинг ҳамтовоғи эди. Нуайм: «Эй Бани Қурайза, сизларни хуш кўришимни, орамизда нима борлигини ҳам биласиз», – деди. Улар: «Сендан шубҳаланмаймиз» – дейишди. У: «Қурайш ва Ғатафон сизларга ўхшамайди. Бу ўлка−сиз­нинг ўлкангиз. Бу ерда сизнинг молларингиз, болаларингиз ва аёлла­рингиз бор. Уларни олиб бу ердан кўчиб кета олмайсиз. Қурайш ва Ғатафон эса Муҳаммад ва унинг асҳобларига қарши уруш қилгани келишган. Сиз ўша қабилаларга ёрдам бермоқдасиз. Уларнинг ўлкаси, моллари ва аёллари бошқа ерда. Улар сизга ўхшамайдилар. Агар фурсат топишса, бундан фойдаланишади, агар фурсат топишмаса, ўз ўлкаларига кетишади ва сизларни бу ўлкада Муҳаммад билан ёлғиз қолдиришади. Муҳаммад сизлар билан ёлғиз қолганда унга ку­чингиз етмайди. Сиз Қурайш ва Ғатафоннинг аслзода кишиларидан бир гуруҳини гаров тариқасида ушлаб турмагунингизча улар билан бирга жанг қилманг. Муҳаммадни ўлдиргунингизга қадар гаровдаги­лар қурайшликларнинг сиз билан бирга жанг қилишларига кафолат бўлади», – деди. Шунда улар: «Сен тўғри айтаяпсан», – дейишди.

Кейин у Қурайш олдига келиб, Абу Суфён ибн Ҳарб ва у билан бирга бўлган қурайшликларга: «Мен сизларни яхши кўришимни ва Муҳаммадга қарши эканимни биласиз. Менга бир хабар етиб келди. Уни сизларга етказишни бурчим деб биламан. Лекин бу гапни мен айтганимни бировга билдирманг», – деди. Улар: «Шундай қиламиз», – дейишди. У: «Биласизми, яҳудийлар, Муҳаммад билан ўрталаридаги битимни бузганларидан афсусдалар. Улар Муҳаммаднинг олдига одам юбориб: «Биз қилган ишимиздан надомат чекаяпмиз. Сиз учун Қурайш ва Ғатафоннинг аслзода кишиларини тутиб Сизга берсак, Сиз уларни қатл этсангиз, кейин биз Сиз билан биргаликда уларнинг қолганлари билан жанг қилиб, бутунлай йўқ қилиб юборсак, рози бўласизми?» – дейишибди. Муҳаммад уларга одам юбориб розилиги­ни билдирибди. Агар яҳудийлар сизларга одам юбориб, бирор киши­ни гаровга беришни сўрашса, уларга ҳеч кимни берманг», – деди.

Сўнг у ердан чиқди, Ғатафон қабиласига бориб: «Эй ғатафонликлар! Сизлар менинг аслим, қариндошларим ва энг суюкли инсонларимсиз. Мени бирор ишда айбламайсиз, деб ўйлайман», – деди. Улар: «Гапинг тўғри, биз сени ҳеч нарсада айбламаймиз», – дейишди. У: «Бу гапни айтганимни бировга билдирманг», – деди. Улар: «Шундай қиламиз, нима гап?» – дейишди. Сўнг уларга Қурайшга айтган гапни айтиб, уларни огоҳ этган ишдан Ғатафонни ҳам огоҳлантирди.

 

Мулоҳаза билдиринг