Шаҳидлар саййиди

3 йил аввал 2438 siyrat.uz

Жубайр ибн Мутъамнинг қули Ваҳший ҳикоя қилади: «Жубайр менга: «Муҳаммаднинг амакиси Ҳамзани ўлдирсанг, озодсан», деди. Одамлар билан урушга чиқдим. Ҳабашистонлик бўлганим учун найза отишни яхши билар эдим. Отган найзам нишонга камдан-кам тегмай қолар эди. Уруш бошланиб, одамлар жангга кирганда, Ҳамзани пойлаб юриб, ахтариб топдим. Ҳамза паҳлавон туядек одамларни қилич билан шиларди. Унинг олдида ҳеч нарса туриш бера олмас эди. Мен уни ўлдиришга тайёрланиб, пойлаб, дарахт ва тошлар ортига беркиниб, унга яқинлаша бордим. Мендан олдин унга Сибоъ ибн Абдул Уззо яқинлашган эди. Ҳамза уни кўриши билан уриб, бошини учириб юборди. Мен найзамни силтаб-силкитиб, мўлжални аниқ олганимдан сўнг унга қараб отдим. Найза қорнидан кириб, оёғининг орасидан чиқди. Менга қараб интилган эди, кучи етмай йиқилди. Шу ҳолда ташлаб кетдим, аста жони чиқди. Сўнгра келиб, найзамни чиқариб олиб, аскар жойига қайтдим. Бориб ўтирдим. Менга бошқа ишнинг ҳожати йўқ эди. Уни озод бўлиш учун ўлдирдим». Кейин Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинти Утба келиб Ҳамзанинг қорнини ёриб, жигарини олиб чайнади, чайнаб бўлмаганидан туфлаб ташлади. Урушдан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳамзанинг жасади устида туриб қаттиқ таъсирландилар ва: «Сенинг мусибатингдек мусибатга учрамасам керак», дедилар. Акасининг шаҳид бўлганини эшитган София бинти Абулмуттолиб розияллоҳу анҳо уни кўриш учун келаётгани ҳақида хабар тарқалди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом Софийя розияллоҳу анҳонинг ўғли Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга: «Йўлини тўсиб бориб уни қайтар. Акасига етган нарсани кўрмасин», дедилар. Зубайр бориб: «Эй онажон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизни ортга қайтишга амр қилдилар», деди. «Нима учун? Менга акамнинг қиймалангани ҳақида хабар келди. Бу Аллоҳнинг йўлида бўлган. Мен савоб умидидаман. Сабр қиламан, иншааллоҳ!» деди София розияллоҳу анҳо ва жасад ётган ерга борди. Унга назар солди. Жаноза ўқиди. Истиржоъ айтди. Истиғфор айтди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ