Абу Лубоба ва шериклари

606

«Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар: улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир».
Бу тоифадаги кишиларнинг яхшилик ва ёмонликлари тенгма-тенг келиб қолгандир.
Ушбу оят тушишига сабаб бўлганлар Табук урушига бормай қолиб, сўнгра ўз ишларидан афсус-надомат қилиб, тавба этган кишилардир. Улар ғазотдан қолиб, жуда ёмон иш қилганлар, аммо чин кўнгилдан афсусланишлари яхши ишдир. Энди бундай табақадаги кишиларнинг ишлари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинади.
Бу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Ибн Жарийр Табарий роҳимаҳуллоҳ Убайд ибн Салмондан қилган ривоятда қуйидагиларни айтади:
«Аз-Заҳҳокдан Аллоҳнинг «Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар: улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир», деган ояти тўғрисида қуйидагиларни эшитдим:
«Бу оят Абу Лубоба ва унинг шериклари ҳақида нозил бўлган. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Табук ғазотига бормай, ортда қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жўнаб кетганларидан кейин у Зотдан ажраб қолганларига афсус-надомат чекдилар. «Биз соя-салқинда овқатларни еб, хотинлар билан ўтирамиз-у, Аллоҳнинг Пайғамбари жиҳодда, қийинчиликда юрадими? Аллоҳга қасамки, ўзимизни устунларга боғлаб қўямиз, сўнгра то Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кечириб, ечмагунча ўзимизни ечмаймиз», дедилар. Сўнгра ўзларини ўзлари боғлаб қўйдилар. Улардан уч киши ўзини устунга боғлаёлмай қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотдан қайтиб келиб, масжиддан ўтдилар. Масжид йўллари устида эди. Ҳалигиларни кўриб қолиб, улар ҳақида сўрадилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Булар Абу Лубоба ва унинг шериклари. Сиз билан бормай, ортда қолишган. Кўриб турганингиздек, ўзларини боғлаб қўйишди. Токи сиз уларни ечмагунингизча, ўзларини ўзлари ечмасликка Аллоҳни ўртага қўйиб, аҳд қилишди», дейилди. Шунда Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга то уларни қўйиб юборишга амр қилинмаунча ечмайман. Токи Аллоҳ уларни афв этмагунча кечирмайман. Улар ўзларича мусулмон ғазотидан юз ўгирдилар», дедилар. Бас, Аллоҳ «Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қиладилар» оятини то «Шоядки Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса»гача нозил қилди. «Шоядки» Аллоҳдан бўлса, «вожиб»ни англатади. Бас, Аллоҳнинг Пайғамбари уларни қўйиб юбордилар ва кечирдилар».

Мулоҳаза билдиринг