ФАРЗАНДСИЗЛИКНИНГ НАБАВИЙ ЕЧИМИ

6585

            Дунёда оила қурган инсонлар борки, ўзидан давомчи – зурриёт қолдириш орзусида яшайдилар. Лекин фарзанд аталмиш неъмат бу Аллоҳнинг иродаси билан хоҳлаган инсонга  бериладиган  илоҳий ҳадядир. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло каломида очиқ айтиб қўйган. «У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил – қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур». (Шўро сураси, 49-50 оятлар.)

Ояти каримада айтилганидек, фарзанд бериш ёки бермаслик Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ иш. Бироқ банда доимо Яратгандан мақсадларини сўрашдан тўхтаб қолмаслиги ва энг асосийси, тушкунликка тушиб қолмаслиги лозим.

Фарзанд кўриш йўлида ўзини ўтдан- чўққа уриб мутахассисларга учраб, керакли дори-дармонларни ичиб муолажа қилгандан сўнг ҳам натижа чиқмаганлар топилади. Тўғри, банда қўлидан келганча сабабларни келтириши лозим ва лобуд. Лекин фарзанд неъмати бир ёқлама сабабларгагина боғлиқ иш эмас. Сабабларни қилиш билан Аллоҳ таолодан ҳам астойдил илтижо қилиш ҳам зарур.

Ўлимдан бошқа ҳамма нарсани давоси бор деганларидек, бепуштликнинг ечими бўлиши табиий. Ҳадиси шарифларда бепуштликнинг ечими ҳақида сўз юритилган.

Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Муснад» китобларида қуйидаги ҳадисни ривоят қилиб келтирганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига ансорлардан бир киши келиб:

  • — Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳеч фарзанд билан ризқланмадим, бола бўлмади?
  • — Кўп истиғфор ва садақа қилсанг, ризқланасан–да?!

Бояги киши истиғфор ва садақани кўпайтирди.

Жобир розияллоҳу анҳу айтади:«Унга тўққизта ўғил фарзанд берилди».

Аллома Мулла Али Қорий ушбу ҳадиснинг шарҳида: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гўё Нуҳ алайҳиссаломдан ҳикоя тарзида айтилган: «Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У Зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир. Ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир»(Нуҳ сураси, 10–12 оятлар) оятидан иқтибос олдилар».

Яна ҳадисларда келганки:

«Ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло унга ғамдан, тангликдан енгиллик беради ва ўйламаган тамонидан ризқлантириб қўяди». (Имом Аҳмад, Ҳокимлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган)

Мулла Али Қорий қаламига мансуб «Шарҳи муснади Аби Ҳанифа»587 саҳифа.

                                                Андижон шаҳар Ҳазрати Билол  номли жоме масжиди

имом-хатиби: Р.Ўринбоев.

Мулоҳаза билдиринг

*