Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам маслаҳат қилишга буюрилганмилар?

749

    Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам энг оқил, энг тадбирли Зот бўлишига қарамай, маслаҳат қилишга амр қилинганлар.Чунки маслаҳат қилишнинг ўзига хос бошқаларда топилмайдиган хислатлари мавжуд. Мақолани ўқир экансиз, бунга ўзингиз яққол гувоҳ бўласиз.

            Маслаҳатнинг луғатдаги маъноси:

Маслаҳат сўзи луғатда асалнинг аслидан – уясидан олишга айтилади.

Истилоҳдаги маъноси:

Роғиб айтади: Маслаҳат – баъзиларнинг баъзиларга мурожаат қилиш билан (тўғри) фикрни юзага чиқаришдир.

Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ машҳур «Умдатул қорий» китобида (24ж/269с): у билан машварат қилдим сўзининг маъноси – «Ишимни унга ҳавола қилгандим, мени тўғри йўлга солиб қўйди», деб изоҳлаганлар.

            Маслаҳат билан истихоранинг фарқи

Маслаҳат ва истихора бир-бирига жуда ҳам яқин амал ҳисобланади. Фарқи шундаки, маслаҳат одамлардан, истихора эса Аллоҳ таолодан сўралади.

Маслаҳат ҳақидаги ҳужжатлар юқорида ўтди. Истихорага келсак, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма ишларда Қуръондан сура ўргатганларидек истихора қилишни ўргатар эдилар». Бухорий ривояти.

Уламолар: «Ким ишида ҳар иккисини жамласа, суннатга мукаммал амал қилган бўлади. Иккисидан бирига чекланиш лозим келганда истихора билан кифояланади».

            Динимизда маслаҳатнинг ўрни

Динимизда маслаҳат қилишнинг ўзига яраша ўрни бор. Бўлмаса Аллоҳ таоло дунёдаги энг оқил, тўғри фикрли, хато қилишдан сақланган Зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни асҳоблари билан маслаҳат қилишга буюрармиди?!

Маслаҳат ҳақидаги оятлар

            Динимизда маслаҳатга катта эътибор берилган. Қуръони каримда маслаҳатга қизиқтирилган, буюрилган. Ҳатто Қуръони карим сураларининг бирини номи Шўродир. Унда маслаҳат қилиш мўминларнинг сифатлари қаторида санаб ўтилган.

«Ва улар билан ишларда машварат қил». (Оли Имрон 159 – оят)

«Ишларида ўзаро шўро(маслаҳат) ила бўлганлар учун…» (Шўро 38 – оят)

            Маслаҳат ҳақидаги ҳадислар

            Табароний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Истихора қилган ноумид бўлмайди, маслаҳат қилган надомат чекмайди», дейилган.

            Тўғри, ҳадис заиф. Лекин уни қувватлайдиган бошқа шоҳидлари бор.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига кўп маслаҳат қилганчалик бирор кишини кўрмадим», – дедилар.

Термизий ривояти.

            Шориҳлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келмаган ўринларда раббоний таълимотга асосан асҳоблари билан маслаҳат қилардилар. Бундан ташқари яна маслаҳат қилиш ҳақида талайгина бошқа ҳадислар бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

            Маслаҳат берувчи оманатдордир», – дедилар.

Термизий ривояти

Маслаҳат қилиш мўминларнинг сифати бўлиш билан бир қаторда у масъулият ва омонатдан иборат ҳамдир. Масъулиятни тарк қилиш, омонатга хиёнат қилиш мўминларга асло ярашмайди. Бошқа ҳадисда: «Агар бирингиз биродаридан маслаҳат сўраса, маслаҳат берсин», дейилган.

            Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига кўп маслаҳат қилганчалик бирор кишини кўрмадим», – дедилар.

Термизий ривояти

Маслаҳат ҳақидаги асарлар(улуғларнинг сўзлари)

Умар розияллоҳу анҳу:

«Маслаҳатсиз қабул қилинган ишда яхшилик йўқ», – дедилар.

Умар ибн Абдулазиз айтади: «Машварат ва мунозара раҳматнинг икки эшиги ва бараканинг икки калитидирлар. Иккиси билан бирга фикр адашмайди, қатъийлик йўқолмайди.

Суфён раҳматуллоҳи алайҳ: «Менга маслаҳат ақлнинг ярми эканлиги (хабари) етиб келди», деганлар.

Авзоий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Илмнинг вазири – тўғри фикр қандай ҳам яхши?!»

Фазл айтади: «Маслаҳатда барака бор. Дарҳақиқат, мен ҳатто мана бу ҳабаш аёлдан ҳам маслаҳат сўрайвераман».

Мансур фарзандига: «Икки кишидан маслаҳат ол. Фикр қилмай сўзлама. Тадбир қилмай ишлама».

            Маслаҳатга доир ҳакимларнинг ҳикматлари

            Бир ҳикматда: «Тўрт нарса тўрт нарсага муҳтождир.  Ҳасаб (насл – насаб) одобга, хурсанчилик тинчликка, қариндошлик муҳаббатга ва ақл тажрибага муҳтождир», дейилган.

Маслаҳат қилинадиган кишилар

            Яхши маслаҳат кимдан чиқса, олинавериши керак. У ёш бола ёки аёл кишими, фарқи йўқ.

Муҳаммад Хузарийбек «Нурил яқин» китобида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга маслаҳат қилиш таълимини берганлар. дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия сулҳидан кейин асҳобларга соч олиб, қурбонликларини сўйишни буюрганларида, улар ижобат қилмадилар. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган ҳолда завжалари – Умму  Салама розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳо:«Ўзингиз уларнинг олдига чиқиб, сочингизни олдириб, қурбонлигингизни сўйинг»,  деб маслаҳат бердилар. Буни кўрганлар ул Зотга ўхшаб ҳаракат қилдилар.Бу воқеа тарихда машҳур бўлган.

Умар розияллоҳу анҳу ҳатто аёллар билан ҳам маслаҳат қилардилар. Умар розияллоҳу анҳунинг гапини Фазл раҳматуллоҳи алайҳнинг гапи тасдиқлайди.

Ота-оналар гоҳида ўз фарзандларидан маслаҳат сўраб туришлари керак. Шу маънодаки, ёш фарзандларнинг ақли камолга етмаган, маслаҳат тугул, оқдан қорани ажратишга лаёқатлари бўлмаса-да,  уларни келажакда бир ишга қўл уришдан олдин маслаҳат сўрашга кўниктириб тарбия қилиш лозимдир.

Маслаҳат сўрайдиган кишида топилиши лозим сифатлар

  1. Маслаҳат олувчи одамда саҳиҳ мақсад бўлиши;
  2. Ҳавосига эргашмаслиги;
  3. Берилган маслаҳатни қадрлаши ва маслаҳат берувчига ташаккур изҳор қилиши;
  4. Айтилган фикрлар ичида энг сарасини аниқлаш учун маслаҳат олувчида бироз илм бўлиши;
  5. Маслаҳат олиш одобларига тўла риоя қилиши ва ҳакозолар.

Маслаҳат берувчида топилиши лозим бўлган сифатлар

  1. Маслаҳат берувчи одам меҳрибон, насиҳатгўй бўлиши;
  2. Диёнатли, тақволи бўлиши. Чунки Умар розияллоҳу анҳу: «Ишингда Аллоҳдан қўргандиган киши билан маслаҳат қил», – деганлар.
  3. Фикри тиниқ, ғам-ташвишдан холи бўлиши;
  4. Маслаҳат сўраган кишининг сирларини беркитиши;
  5. Маслаҳат бериш одобларига тўла риоя қилиши ва ҳакозолар.

            Маслаҳат қилинмайдиган кишилар

            Ҳукамолар етти тоифадан маслаҳат сўралмайди, дейдилар.

  1. Жоҳилдан маслаҳат сўралмайди. Чунки у адаштиради.
  2. Душмандан маслаҳат сўралмайди. Чунки у адоват ва ҳалокатни кўзлайди.
  3. Риёкордан маслаҳат сўралмайди. Чунки у одамлар розилиги учун ўзини кўрсатади.
  4. Ҳасадгўйдан маслаҳат сўралмайди. Чунки у неъматни кетишини хоҳлайди.
  5. Қўрқоқдан маслаҳат сўралмайди.Чунки доимо унинг фикри қочишда бўлади.
  6. Бахилдан маслаҳат сўралмайди. Чункиу мол тўплашга ҳарисдир. Бошқаси билан иши йўқ.
  7. Ҳаволанган инсондан маслаҳат сўралмайди. Чунки у ўз ҳавосига асирдир. Унга хилоф иш қилишга кучи етмайди.

Юқорида саналганлар маслаҳатга ярамайдиган кишилардир. Яна шундай ҳолатлар ҳам борки, ўша пайт маслаҳат қилишнинг ўрни бўлмайди.

Аҳнаф ибн Қайс айтади: «Очдан тўймагунча, чанқагандан сероб бўлмагунча, асирдан озод қилинмагунча, адашгандан йўлини топмагунча ва бир нарсани хоҳловчидан мақсадига етмагунча маслаҳат қилинмайди».

Маслаҳат қилишдан тўсадиган сабаблар

  1. Баъзи одамлар маслаҳат қилишни ёқтирмайди. Маслаҳат қилишни заифлик белгиси деб билишади.
  2. Баъзи инсонлардаги бошқаларни ўзига тобе қилиш табиати.
  3. Баъзи одамлар бутун сирларини яширишни яхши кўрадилар. Мана шу нарса уларни бошқалар билан маслаҳат қилишдан тўсади.
  4. Баъзи одамлар маслаҳат берувчининг фазлга эга бўлишларини ва улардан «қарздор» бўлиб қолишни истамайдилар.

Бу ҳолат салбий сифат – кибрдан келиб чиқади. Аслида, бу инсоннинг комиллигини эмас, аксинча, заифлигини билдирувчи кўринишдир.

Маслаҳатнинг фойдалари

  1. Надоматдан сақлаши
  2. Тўғри тамонга йўналтиши
  3. Адашмасликка сабаб бўлиши
  4. Ақлни пешлаши ва зиёда қилиши
  5. Ундан кейин иши тўғри бўлса, мадҳ қилиниши, хато бўлса, узри қабул қилиниши
  6. Маслаҳат қилганнинг адашиш даражаси оз бўлиши
  7. Маслаҳат қилувчига раҳмат эшикларининг очилиши
  8. Маслаҳат қилувчи барака калитини қўлга киритиши
  9. Тажрибанинг ошиши
  10. Одамлар билан улфат бўлиши
  11. Жамиятда тенгликни ва адолатни юзага келтириш
  12. Ишларни тартибга солиш
  13. Ҳақиқатларни рўёбга чиқариш

Маслаҳат олиш устида ўтказиган тажрибалар

Илмий тадқиқотларга кўра, ким қанча кўп одам билан маслаҳат қилса, адашиш даражаси шунча кам бўлади. Илмий тилда буни «оломон донишманди», дейилади.

Маслаҳат сўрашда инсонларнинг тақсими

Инсон уч хил бўлади. Бутун инсон. Яримта инсон. Ҳеч нарса (одам эмас).

Бутун инсон – мустақил фикри бор, маслаҳат ҳам қиладиган одам.

Яримта инсон – мустақил фикри бор, лекин маслаҳат қилмайди ёки маслаҳат қилади, мустақил фикри йўқ одам.

Ҳеч нарса (одам эмас) – мустақил фикри йўқ, маслаҳат ҳам қилмайдиган одам.

Хулоса: бир иш қилишдан олдин маслаҳат қилинг. Шунда ишингизда унум, ривож ва барака бўлади. Буларнинг ҳаммаси тажрибадан ўтган, синалган нарсалардир. Яна бир карра айтамиз: маслаҳат қилинг, зеро Роббимиз буйруғи ҳам айни шу. «Ва улар билан ишларда машварат қил».

 

             Андижон шаҳар Ҳазрати Билол номли жоме

масжид имом-хатиби: Равшанбек Ўринбоев.

Мулоҳаза билдиринг

*