Нима учун мавлид Робиъул-аввал ойига хосланди?

7 йил аввал 4248 siyrat.uz

Мавлиди шариф ҲАҚИДА

            Мавлид – исму замон ва макон  сийғасидаги сўз бўлиб  муслмонлар урфида Хотамул анбиё, Пайғамбарлар имоми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган макон ва замонга нисбатан айтилади.

            Туғилган жойлари, ота–онам у зотга фидо бўлсин, Маккаи Мукаррамада Бани Ҳошим қабиласи, Абу Толибнинг уйида, ҳозирда “Оммавий кутубхона” бино қилинган.

            Туғилган замонлари эса “Фил ҳодиса”си бўлиб ўтган йилнинг бошида робиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба субҳда, милодий йил ҳисоби бўйича 571–йил, 21 апрелга тўғри келади.

 

Нима учун мавлид робиъул аввал ойига хосланди?

 

        Имом Суютий ўзининг  “Ал–ҳаавий”  деб номланган фатво китобида “Ал–мадхал” китобидан нақл қилиб айтадики: “Ибн ал–Ҳааж раҳматуллоҳи алайҳ: Нима учун мавлиди шарифлари (туғилишлари) робиъул аввал ойида, душанба кунига хосланди? Қуръон нозил бўлган рамазон ойида эмас? Қолаверса, унда Лайлатул Қадр кечаси бор. Ҳаром (ражаб, зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам) ойларида, шаъбон ойи ярмида, жума куни ёки кечаларида эмас. Ҳикмат нимада?

Жавоб тўрт кўриниш ила:

1.Ҳадисда Аллоҳ таоло дарахтни душанба куни халқ қилгани ворид бўлган (Абу Ҳурайрадан Муслим ривояти). Унда одам болалари  ҳаёт кечирадиган, нафслари ором оладиган ризқ–рўзи, мевалар ва яхшиликларни яратилганига ишора бор.

2.“Робиъ” лафзида  иштиқоқига нисбатан яхшиликка йўйиш бор. (Бизда ҳам баҳор фаслини севганимиз учун баъзи нарсаларни “баҳор” сўзи билан ифодалаш мавжуд. Масалан: олтмиш уч баҳорни қарши олдим деймиз–ку?

         Шайх Имом Абу Абдурроҳман ас–Сиқиллий роҳимаҳуллоҳ: “Ҳар бир инсоннинг исмидан (ўзига) насибаси бор”–деган. Бу гап инсонлар учун айтилган бўлса–да, бошқа нарсалар учун ҳам ишлатилаверади.

            3.Баҳор фасли ойларнинг энг чиройлиси ва мўътадили. У зотнинг шариатлари  шариатларнинг энг мўътадили ва кенг бағрлиси.

            4.Ҳакийм Субҳанаҳу ва таоло  у зот туғилган замонни шарафли бўлишини хоҳлади. Агар юқорида ўтган вақтларда таваллуд топганларида, у ойларни шарофатидан улуғ бўлганлар, деган ўйга борилиши мумкин эди”.

 

Мавлид ҳақида  хилофлар

            Еттинчи асрда  мавлидин набиий ҳақида китоблар ёзила бошлади.  Ибн Диҳянинг мавлиди бунга ёрқин мисол. Ўша пайтларда мавлидларда бидъатлар кенг тарқалгани учун уламолар ўша бидъатларни инкор қилдилар, ҳатто мавлиднинг аслини ҳам инкор қилишга ўтдилар. Улардан бири Фокиҳоний номи билан шуҳрат топган моликийларнинг фақиҳи Тожуддин Умар ибн Али ал–Лахмий ал–Искандарийдир. Мавлидга раддия сифатида махсус  “ал–Мавриду фил калаами алал мавлид” китобини ҳам тасниф қилган. Имом Суютий уни тўлалигича “Ҳиснул мақсид” рисоласида келтирган.

            Шайх Муҳаммад Фозил Ошур айтади: тўққизинчи асрда инсонлар мавлидни жоизлиги ва маън қилиш орасида эдилар, яъни: мавлид қилишни жоиз сановчи ва инкор этувчилар бўлган. Имом Суютий, ибн Ҳажар Асқалоний, ибн Ҳажар Ҳайтамийлар ундаги бидъатларни инкор қилиш билан бир қаторда мавлид қилишни чиройли санадилар. Уларнинг фикри Иброҳим сурасини 5–ояти ва “Бу (душанба) мен туғилган кун” ҳадисларида ўз аксини топади.

            Улар Иброҳим сурасини “Ва уларга Аллоҳнинг кунларини эслат!” оятидаги кунларни неъмат, деб тафсир қилганлар. Қайси неъмат раҳмат Пайғамбарининг дунёга келишидан ортиқ бўлиши мумкин?

            Раддияларга жавоб беришда узоққа бормай, Имом Суютийнинг “Ҳиснул мақсид” рисоласида Тожуддин Умар ибн Али ал–Лахмий ал–Искандарийга берган жовобига мухтасар қилиб кифояланамиз.

Фокиҳоний: Мавлидни Ислом фақиҳлари, уламолар, замон ва макон қуёшлари бўлган аҳли тоатларнинг пешволаридан бирортаси қилмаган. Яна, у ҳақида китоб ва суннатда асос йўқ.

            Имом Суютий: Бир ишни билмасликдан унинг мавжуд эмаслиги келиб чиқмайди. Ҳофизлар имоми Абул Фазл ибн Ҳажар суннатдан собит бир асл чиқарди.

           عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ فَرَأَى الْيَهُودَ  تَصُومُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ مَا هَذَا قَالُوا هَذَا يَوْمٌ صَالِحٌ هَذَا يَوْمٌ نَجَّى اللَّهُ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ  عَدُوِّهِمْ فَصَامَهُ مُوسَى قَالَ فَأَنَا أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ فَصَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ

            Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:            

          “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб яҳудийлар Ошуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:

            Бу нима? – дедилар.

            “Бу солиҳ кундир. БуАллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган”,– дедилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

            “Мен сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман”, дедилар, ва унинг рўзасини тутдилар ва тутишга амр қилдилар”.

            Бухорий ва Муслим ривояти.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

Аллоҳ таолога махсус бир кунда неъмат бергани ёки балони даф қилгани учун шукр қилмоқ;

Ўша ишни ҳар йили ана шу кунида такрорлаш жоизлиги.

Аллоҳ таолога шукр қилиш – сажда, рўза тутиш, садақа қилиш ва Қуръон тиловати каби ибодатлар билан бўлади. Қайси неъмат раҳмат Пайғамбарининг дунёга келишидан ортиқ бўлиши мумкин?! Шунга биноан, ашуро кунидаги Мусо алайҳиссалом қиссасига мос бўлиши учун айнан ўша кунни тайин қилиш лозим. Ким буларни мулоҳаза қилмаса, мавлид амалини ойнинг хар қайси  кунида  қилаверади. Янада кенг олиб йилнинг исталган кунида мавлид амалига ижозат берганлар ҳам йўқ эмас. Унда мавлид амалини аслига боғлиқ бир қанча гаплар бор.

Мавлидларда қилинадиган ишларга келсак, юқорида ўтганидек сажда, рўза тутиш, садақа қилиш, Қуръон тиловати, фақирларни таомлантириш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этувчи, қалбларни жунбушга келтирувчи тақво тўғрисидаги шеърларни ўқиш, яхши ишларни қилиш ва охират учун амал қилиш каби Аллоҳ таолога шукр қилиш маъносини ифодаловчи нарсалар билан чекланиш лозим.

Ушбу ишни одил, олим подшоҳ пайдо қилгани юқорида ўтди. Бу иши ила Аллоҳ таолога яқин бўлишни ҳохлади. Ҳузурига олим ва солиҳ кишилар тўпландилар. Ҳатто Ибн Диҳя бу ишга рози бўлиб, китоб тасниф қилиб берди. Улар рози бўлдилар, тақрир қилдилар, инкор қилмадилар.

Аллоҳнинг розилигини ўйлаб далил келтириш мақсадида мажлис ташкил қилиш ҳам бидъати ҳасанадир.

Фокиҳоний: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ой, робиъул аввал, айни у зотнинг вафот қилган ойидир. Бу ойда ҳурсандчилик қилиш хафа бўлишдан устун эмас.

Имом Суютий: Аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари биз учун энг улуғ неъмат, вафотлари эса энг катта ва энг оғир мусибатдир. Шаъриат неъматларга шукрона қилишга, мусибат етганда эса уни яширишга ва сабрли бўлишга буюради. Шариат бола туғилганда, ақиқа қилишга буюрди. У(ақиқа) туғилган болага ҳурсанд бўлиб, шукрона изҳор қилиш учундир. Биров ўлганда эса жонлиқ сўйишга буюрмади. Балки, бақир–чақир қилиб йиғлашдан, бетоқатлик ва сабрсизликдан қайтарди. Демак, шариат қоидалари робиъул аввал ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти бўлгани учун ҳафа бўлишга эмас, таваллудларига хурсандчилик изҳор қилиш чиройли эканлигига далолат қилади.

            Аммо овқат улашишга келсак, Аллоҳ таолонинг мана бу ояти остига киради.

            “Эй, иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсангиз”. (“Бақара” сураси, 172–оят).

Андижон шаҳар Ҳазрати Билол  номли жоме

масжид имом-хатиби: Равшанбек Ўринбоев

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ